Тўқнашувлардан қўрқманг!

0

Тахминимча, сиз жудаям тушкунликка тушиб қолгансиз. Ҳамма нарса сиз учун моҳиятини йўқотгандек: иш, одамлар, уй-жой, ҳаттоки ҳаёт. Бу дунёда ўзингизни ҳеч қандай қимматга эга бўлмагандек ҳис қилмоқдасиз. Яшаш учун арзигулик сабабингиз ҳам йўқ. Аммо…

Аммо яшамаслик ҳам сиз учун дахшатли. Мендан яширолмайсиз. Бу бўлмаган гап, сафсата, деб ўйламанг. Ҳатто ҳозир ҳам мен сизни ҳис қилиб турибман. Хаёлингиздан нималар кечаётганини тахминан, биламан! Бошқа саҳифага ўтиб кетиш ҳақида ўйламанг ҳам. Кимдир сизга: “Ҳаётингни ўзгартириб юбораман,” – деса, ишонасизми. Мен айтаман сизга бу гапни ва сиз менга ишонинг! Балки тан олмассиз, лекин бошқа иложингиз йўқ!

Сизда, ҳа, ҳа, айнан, сизда дунёдаги энг олий ягона Қудратнинг бир толаси бор эканлигини биласизми? Наҳотки билмасангиз? Хаёлингиздан мен ҳақимда “Бу нимадан лоф ураяпти?” – деган гап ўтдими, ўтди. Демак, биз тобора яқинлашяпмиз.

Энди сиз билан суҳбатимизнинг жддий қисмига ўтсак ҳам бўлар. Ҳозирча ҳеч ким сизни чалғитмай турсин. “Бунинг қўлидан ҳеч нарса келмайди” деган нигоҳ билан сизга қарайдиганлардан роса безорингиз чиқди, а? Қўяверинг. Ахир уларнинг ҳам қанча-қанча қусрларини жуда яхши биласиз-ку. Шунчаки, айтгингиз келмайди. Шуниси маъқул.

Сизга бир савол: Жомолунгма чўққисини биласиз-а? Йўқми?! Шошманг, шошманг, Эверест, десам-чи? Ҳа, энди эсладингиз. Аслида айтиб қўймаганимда ҳам тополардингиз! Бу саволни нега берганим ҳақида ўйлаяпсизми? Сабабини айтайми? Диққат қилинг!!!

Балки, ҳозир мен айтмоқчи бўлаётган нарсани аввалдан ҳам билардингиз. Агар шундай бўлса, яхши. Янаям тушинарлироқ бўлади сизга. Агар билмасангиз… мен орқали хабар топиб, билганларни ҳам ортда қолдирасиз!

Эверест. Сиз уни биласиз. Дунёдаги энг баланд чўққи. Оҳ, буни билмаслик мумкинми? Хўш у азалдан шундай баланд бўлганми? Ер яралган замонлардан бери борми у? Йўқ, Эверест анча кейин пайдо бўлган. Унда қандай? Ҳа, энди бу – қизиқ! “Эверест билан менинг ҳаётим ўртасида нима алоқа бор?” – дейсизми? Охиригача мен билан бўлинг, билиб оласиз.

Қачонлардир Ер юзида ягона қуриқлик бўлган. Кейинчалик сайёранинг шаклланиши натижасида қитъалар бир-биридан ажраб, узоқлаша бошлаган. Бундан хабарингиз борлиги тайин. Кўп замонлар ўтиб, бўлакланган қуруқлик деярли ҳозир биз билган ҳолатга келганида, ҳали Жомолунгма йўқ эди.

Ҳозир биз Африка деб атовчи қитъанинг ўнг ёнидан бир қисми ундан ажрала бошлади. Эверестнинг туғилишига сабаб етилган эди. Ўша улкан бўлакнинг ҳаракатга келишига сабаб нима экани номаълум. Нима бўлганда ҳам ўша улкан қуруқлик парчаси неча минг, балки бир неча миллион йиллар мобайнида уммонни кесиб ўтиб борди. Бу қуруқлик ҳозирги Ҳиндистон эди. Узоқ асрларни ортда қолдириб, бутун бошли океанни кесиб ўтган Ҳиндистон Осиё қитъасига келиб урилди. Бу урилиш шу қадар кучли бўлган эдики, тўқнашув нуқтасидаги тупроқлар шиддат билан сурилиб, осмонга тўқнашув нуқтасидаги тупроқлар шиддат билан сурилиб, осмонга бўй чўзди. Бўй чўзганда ҳам шу қадар бўлдики, ҳануз сайёранинг энг баланд нуқтасилигича қолмоқда.

Ажабо, деб юбордингизми?

Эверест қандай Эверест бўлди? Юқорида кўрдингизки, биринчидан, ажралиб чиққан улкан қуруқлик бўлаги вақт синовларига дош бериб, вазминлик билан ўз йўлидан чекилмасдан сурилиб бораверди. Иккинчидан, ўша улкан тўқнашув бўлмаганида, муқаррарки, тупроқ кўкка кўтарилиб, чўққига айланмасди.

Ана бўлмаса!

Сизни ишонтира олдимми? Бу ўйлаб топилган гап эмас, факт! Ҳамонки силжияпсизми, манзилни аниқ қўйиб бораверинг. Балки аҳволингиз пароканда бўлган Пангеяни эслатар(“Пангея нима?” – дейсизми? Бу ўша аввалбошдаги ягона қуруқлик эди). Бу парокандаликка кўз юминг! Олдинда сизни муқаррар тўқнашув кутиб турганидан қўрқманг. Тўқнашув керак ахир. Агар у бўлмаса Эверестингиз осмонни бўйламайди!

Биласизми, менинг бир ёмон одатим бор. Баъзи- баъзида одамларнинг ўзаро суҳбатига билмасдан қулоқ тутиб қўяман. Бир сафар ҳам шундай бўлди. Лекин эшитган гапимнинг остига “Муаллиф: Суқрот”, – деб ёзиб юборилса ҳам ҳеч ким шубҳа қилмайди: “Дунёда одамга энг кўп завқ берадиган нарса: сен ҳақда бошқалар: “Қила олмайди”, деб ўйлаган ишни қила олишингда!” Аниқ биламан, шу гапни бирор машҳур одам айтганида аллақачон қандайдир дабдабали биноларда серҳашам шиор сифатида турган бўларди. Аммо бу гапни оддий кишилар суҳбатидан эшитиб қолдим. Демоқчиманки, ўша номи оламни тутганлар ҳам оддий одамлар. Ва айни вазиятда, сиз ҳам уларга тенглаша оладиган инсонсиз!

Биз дўстлашиб олдикми? Менга ишонасиз-а?

Миннатдорман.

Энди олға!

 

Шаҳзод ШОДМОН