“Ноқонуний иш — келтирар ташвиш”

0

Қайд этиш керакки, бугунги кунда энергия ресурсларини узлуксиз истеъмолчиларга етказиб бериш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Бироқ ана шу неъматларнинг қадрига етиб, улардан оқилона фойдаланиш ўрнига айрим истеъмолчиларнинг эгри йўлни тутиши оила ва давлат бюджетига катта зарар келтирмоқда.

Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Учқўрғон туман бўлими томонидан электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда фойдаланиш соҳасида тўлов интизомини назорат қилиш жараёнида ноқонуний ҳолатлар фош этилмоқда.

Жорий йилнинг 29 апрель куни туманнинг “Қумтўғон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Ш нинг хонадонида ўтказилган ўрганишларда яширин тармоқ борлиги аниқланди. Яъни истеъмолчи электр энергиясига ўзбошимчалик билан кўз илғамас равишда уланиб олиб, фойдаланиб келади. Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракати орқали истеъмолчи таъминотчи корхона манфаатига 9095000 сўм зарар етказгани маълум бўлди.

Фуқаро нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Энди ушбу хонадон эгалари ноқонуний хатти-ҳаракатининг қимматга тушганини англаб етган бўлса керак. Бежизга халқимиз “Ноқонуний иш — келтирар ташвиш” деб айтмаган-ку…