Бойликни ғанимат билинг

0

Бир киши  аёли билан товуқ гўштини танаввул қилиб ўтиришганди.

Эшик тақиллади. У:

– Ким, у? – деб сўради.

Ташқаридан:

– Мискин, муҳтож киши! – деган жавоб бўлди.

Аёли:

– Ҳожам, келинг, унга озгина товуқ гўштидан берайлик, савоб бўлади, – деди.

У:

– Йўқ, бермаймиз, ундан қарзимиз борми? – деди, аёлининг саховатидан жаҳли чиқиб.

 

Мискин эшик олдида бироз кутиб турди – да кетди.

 

Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтиб, бахил кишига ҳам фақирлик юз тутди. Бор – будидан айрилди. Аламидан аёлига талоқ қўйди.

Аёл вақт ўтиб бошқа кишига турмушга чиқди.

Бир куни улар овқатланиб ўтиришганида эшик тақиллади.

Ташқаридан:

«Мен мискин бечорага садақа қилинг»- , деган овоз эшитилди.

Аёл нима қилай, дегандек эрига қаради. Эр дастурхонда турган қовурилган товуқ гўштига қараб:

– Туринг, хоним, буни ҳаммасини бериб юборинг! – деди.

Аёл дарров туриб эшик томон юрди. Егуликни мискинга бериб, йиғлаган ҳолда келди.

Эри:

– Нима бўлди? – деб сўради.

Аёл:

– У фақир кимлигини биласизми? – деди.

– Йўқ, – деди эри.

– У менинг олдинги турмушим.. экан! – деди.

Эри:

– Мен кимлигимни биласизми, хоним? – деди.

Аёл:

– Йўқ, – деди.

– Мен сизларникига садақа сўраб борган фақирман! – деди.

Ҳаёт ўзи шундай, доим бир хилда ўтмайди. Бойлик, бахт, омад, фақирлик, муҳтожлик, касаллик бандалар устида айланиб юради. Ҳозир сизда, эртага бировда.

«Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз». (Оли имрон: 140 оят)

 

Замон сизга кулиб боққан пайт, ҳушёр бўлинг. Чунки у сизга узоқ боқмайди.

Бойликнинг шукри ундан Аллоҳнинг ризоси учун эҳсон қилишдадир. Фақирликдан олдин бойликни ғанимат билинг! Қодир бўлганингизда Аллоҳ учун сарфланг!

Бойлик кетса ҳам, вақтида ундан эҳсон қилганингиз, охиратингиз учун захирангиз борлигини эслаб хотиржам бўласиз.

Бу дунёда туриб охиратингизни обод қилинг!

loading...