«Ғаройиб ҳодисалар изидан»: «ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ… ҲАҚИҚАТМИ?..»

0

 

Ўлимдан қочиб бўлмайди. Оллоҳ барча бандаларининг пешонасига қанча умр кўришини ҳам битиб қўйган ва ўша кун, соат, дақиқа, сония яқинлашгач, ҳеч ким Азроилни тўхтатиб қола олмайди. Одамларни эса ҳамиша руҳ танадан ажралиб чиққач, қай аҳволга тушиши, нима билан машғул бўлиши, қаерга йўл олиши барибир қизиқтираверади. Дунёдаги деярли барча динлар руҳ танадан ажралиб чиққач, яшашда давом этишини таъкидлайди. Яна бир ҳақиқатдан юз буриб бўлмайди. Яъни, Оллоҳ қайсидир бандасини ёруғ дунёда якунламаган ишлари борлиги учун ортга қайтариши ҳам мумкин. Буни тиббиётда клиник ўлим ҳолати деб аташади.

 

КЛИНИК ЎЛИМ НИМА?

 

Клиник ўлим ҳолати одам нафас олишдан тийилгач, юраги уришдан тўхтагач, юзага келади. Мия ҳам кислород етиб бормаслиги туфайли фаолиятини тўхтатади. Шундай ҳолатга тушган одамларнинг кўпчилиги ерости йўли бўйлаб қаердадир олисда кўзга ташланаётган ёруғлик сари парвоз қилганини айтишади. Баъзилари эса ўша ёруқликкача етиб оламдан ўтиб кетган яқинлари билан учрашганини ҳикоя қилишади. Оғир хасталикка учраб, клиник ўлим ҳолатига тушган беморларнинг аксарияти танадан руҳ қиёфасида ажралиб чиққач, жонлантириш бўлимида бўлаётган барча ишларни кузатиб турганини айтади. Кейин эса осмон-у фалакдан ғойибона кучлар унга яқинлашиб ижобий эмоция ҳадя этганидан гапиради. Бу билан улар боқий дунёда ҳам ҳаёт борлигини тасдиқлашади.

 

ДИН НИМА ДЕЙДИ?

 

Деярли барча динларда руҳ танадан ажралиб чиққач, худонинг инояти билан танага қайтиши мумкинлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Агар бемор ёки кун-соати етиб оламдан ўтган одамнинг ёруғ дунёда қиладиган ишлари бўлса, Яратганнинг хоҳишига кўра ортга қайтишга мажбур бўларкан.

Бутпарастлар эса ўлим масаласига бошқачароқ ёндашади. Улар ҳисоблайдики, одам оламдан ўтиш палласига киргач, унинг руҳини боқий дунё учун алоҳида тайёрлаш лозим. Бу иш дуолар ёрдамида амалга оширилади. Бутпарастлар ишонадики, боқий дунёга тўғри тайёрланган руҳ қайтадан бошқа танада ёруғ дунёга қайта олади.

Клиник ўлим ҳолатида кўрилган манзараларни ҳам бутпарастлар ўзича талқин этади. Улар ҳисоблашича, агар клиник ўлим ҳолатидаги одам реалист, материалист бўлса, умуман ҳеч нарсани кўрмаслиги ҳам мумкин. Лекин бу нарса фоний дунёга қайтишда сира халал бермайди.

 

КЛИНИК ЎЛИМ ОЛИМЛАР ТАЛҚИНИДА

 

Фан вакиллари, яъни, олимлар клиник ўлим вақтидаги юз берган воқеаларни, аниқроғи, ерости йўли, ёруғлик, ўлиб кетган яқин инсонлар билан учрашиш кабиларни иллюзияга йўйишади. Айтишларича, клиник ўлим ҳолатида қолган одамнинг миясидаги алоҳида қисм зиён кўриши натижасида у иллюзия қуршовида бўларкан. Бундан ташқари, клиник ўлимга юз тутган одамнинг қонида заҳарли газлар миқдори ортиши ҳам турли фантастик манзараларни намоён этаркан.

Аммо юқорида таъкидлаб ўтилганларнинг аксарияти олимлар томонидан амалда исботлаб берилмаган. Бу қуруқ гаплигича қолиб кетган. Демак, барибир ўлим, клиник ўлим топиш ҳолатлари, боқий дунё, ерости йўлидаги ҳодиса ва манзаралар, ортга қайтиш кабиларни тўлиқ ишонч билан худонинг инояти дея барала айтиш мумкин.

Астағфирилло!!!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади