ШАЙТАНАТ… (132- қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳар нарсада тартибни маъқул кўрувчи Зоҳиднинг соатга қараб қўйганини сезган Ҳамдам, яна чой буюргач:

— Ишга мен шошяпман, сен нега соатингга қараяпсан? — деб сўради.

— Сизни биров кутаётган бўлса…

— Кутаётган бўлса, кутаверади, сен ташвишланма. Ҳозир бориб чол билан келинни юзлаштирадиганман. Майли, бир оз юраклари сиқила турсин.

— Шу одатингиз ҳали ҳам қолмабди-да, а?

— Қайси одатим? — деди Ҳамдам. — Бетартиблигимми?

— Ҳа.

— Бу одат эмас, прокурор, бу — қўндоқда теккан касал. Битта одам айтиб кетган экан: «Ёшликда одат қилсанг — қаригунингча кўникасан, қариганингда одат қилсанг — кўниккунингча кўмиласан.» Зўр гап эканми? Шунақа, оғайни, ҳали ёшмиз, қаригунимизча ақлимиз кириб қолар. Қариганда ҳам қуйилмасам, бунинг дориси бор: гўримга олиб кетаман. Иҳ, эсдан чиқай дебди-ку, эрталаб бўшмисан?

— Ҳа, нима эди?

— Бугун ярим кечадан бошлаб очларнинг юриши бошланади. Маҳмуд Эҳсоновингнинг эсон-омон кўмилганига ўн тўққиз кун тўлиши муносабати билан катта тантаналар бўлади. Қўрқма, ош бизга ҳам етади, камида уч-тўрт юз кило гуруч дамланар, борасанми?

— Йўқ, — Зоҳид ўйлаб ўтирмай рад жавобини айтди-да, сўнг ҳазил тариқасида изоҳ берди: — Қорним тўқ.

— Меники ҳам тўқ. Лекин мен ошхўрликка эмас, тамошага бораман. Бормасам еган лағмонимни ҳазм қилолмайман.

Ошхона хизматчиси дамлаб келган чойдан бир пиёладан ичишгач, қўзғолишди.

Ҳамдам йўловчи машина тўхтатиб, кетди. Зоҳид эса пиёда юргиси келди. Кечаги изғириндан сўнг кун бирдан илиб, фасллар курашида энди баҳорнинг қўли баланд келганидан далолат берган эди.

Зоҳид адолат хусусида фикр юритгудай бўлса, баҳор фаслини кўз олдига келтиради. «Баҳор ҳам, адолат ҳам беқарор, — деб ўйлайди у. — Уларни интиқиб кутасан, энди кўз қувониб, кўнгил яшнаган пайтда иккови ҳам одам зотига хоинлик қилади».

Зоҳиднинг бундай фикр қилиши бежиз эмас. Баҳор ўз ўрнини жазирама ёзга бўшатгани каби адолат ҳам чекиниб, ноҳақлик рўпарасида ожиз бўлиб қолади. Баҳор билан адолатнинг фақат рамзий маънодагина ўхшашлиги мавжуд. Аслида эса баҳорнинг келиб-кетиши инсон ҳукмида, ёки истагида эмас, табиатнинг ўзгармас қонуни эканини ҳамма билади.

Баҳордан фарқли ўлароқ, адолат табиат ҳукмида эмас, балки у инсон ақл-идроки, иродаси, мақсади йўлидаги хатти-ҳаракатига боғлиқ. Инсон болалари истасалар адолат қиладилар, истамасалар — йўқ. Адолатга етганларида суюнадилар, ноҳақлик жарига қуласалар фарёд чекадилар. Кечаги қувончларини унутиб, «бу дунёда адолат йўқ!» деб нолалар қиладилар. Шундай онда «Биродар, ноҳақлик жари лабида ўзингиз юрдингиз, ўзингиз тойдингиз, ўзингиз қуладингиз. «Тўғри йўлдан юринг», дейилса «менга шуниси маъқул» дедингиз. Ҳадеб жар ёқасида юрадиган кимса ҳар қанча зийрак, ҳар қанча тийрак, чаққон бўлмасин, бир кунмас бир кун барибир қулайди…» деб кўринг-чи?

Зоҳид булар ҳақида кўп фикр юритган. Жиноят қилиб қўйиб, айбини бўйнига олмай «Мен туҳматга қолдим», деб зорланувчиларни кўрганида уларга жар ёқасида юрмоқнинг хавфли эканини тушунтирмоқчи ҳам бўлган. Кейинчалик эса бу ҳаракатидан натижа чиқмаслигини билиб, бас қилган эди.

Баҳорнинг хуш ёқувчи ҳавосидан кўнгли ёришган Зоҳид ҳозир буларни ўйламас, хаёли Ҳамдам Толиповнинг таклифи билан банд эди. Гарчи «қорним тўқ», деб таклифни рад этса-да, маъракани бир тамоша қилгиси келди. «Ҳар ҳолда Асадбек акалик мақомида туриб меҳмонларни кутса керак, — деб ўйлади у. — Асадбек таниган-танимаган, маъракага таклиф этилган-етилмаган неча юз тўқ одам таъзим қилиб келади. Буларнинг орасида қанчаси умрида Маҳмуд Эҳсоновни бир марта ҳам кўрмаган. Лекин ошга келаверади.

«Ош егани келдим», демайди, «марҳумнинг ҳурмати», дейди. Аслида шу ошни емаса очдан ўлмайди. Мақсад — ош ейиш эмас, балки Бек акаларига бир кўриниш бериб қўйиш. Гапдан гап чиқса, бу ниятни ҳам тан олмайдилар. «Марҳумнинг ҳурмати» деб тиржайиб тураверадилар. Қизиқ, марҳумнинг ҳурматини ош белгилайдими? Уч юз кило гуруч дамланса — ўликнинг ҳурматига гап йўқ! Юз кило дамланса ҳурмат сал мундайроқ, эллик-ўттизда эса шунга яраша. «Йигирма оши» берилмаса марҳумнинг ҳурмати умуман йўқ бўладими?.. Акам ўлганларида ўн беш кило гуруч дамлаб ош дамлаганидик. Демак, ҳурмат ҳам салкам нол эканда?..»

Бу фикр Зоҳиднинг ўзига малол келиб, пешонасини тириштирди. Юришдан тўхтади.

Эсида бор, акасининг жанозасини ўқишдан олдин имом бир оз маъруза қилиб, «Исломда йигирма, қирқ, йил оши деган гаплар йўқ, бидъатлардан қочингизлар», деб огоҳлантирди.

Ҳар нарсага рози бўлаверадиган отаси бу даъватга ҳам кўнди. Аммо тоғаси «Вой почча, гувала кўмганимиз йўқ-ку, чоғингиз келмаса мен берай ошни», деб ғашга теккач, маҳалла билан маслаҳатлашиб, ўн беш кило ош дамлатган эди. «Сабзи тўғраш» деган маросимга келган имомни кўриб Зоҳид «Ўша куни шунчаки бир гапириб қўйган экан-да», деб ўйлади. Аммо имом узатилган чойни олмагач, гапига диққат билан қулоқ тутган эди. «Биродар, имомнинг гапини олмас экансиз, нима қилардингиз жаноза ўқитиб?»

Бу гапни эшитиб отасининг ранги оқариб кетган, Зоҳиднинг баданида ҳам ғалати титроқ уйғонган эди.

«Биз билиб айтамиз, билмасак, салла-чопонни сизга ўхшаган «доно»ларга топшириб, елкага кетмонимизни ташлаб жўнаворамиз. Берадурган ошингизнинг мар-ҳумга нафи борми? Нафи бўлса майли, ўн беш эмас, юз эллик кило гуруч дамланг. «Эҳсон қилиш керак», деб ўргатишган-да, сизга? Эҳсон, биродар, ночорларга қилинади. Тўқ одамларга эмас. Агар эртага ночор, чопони йиртиқ одам келса, унга «тўхта, аввал бу тўқлар тўйиб олишсин», дейсиз. Ё демайсизми? Ночорга ёки гадога сарқитни берасиз. Шуми, сизнинг эҳсонингиз?»

Ўшанда имом шу гаплар билан кифояланиб, чиқиб кетган эди. Оз гапирса ҳам юракни тилиб, туз сепиб қўйгандай бўлганди. Кўп оғир гапларни ичига ютувчи отаси бу маломатни ҳазм қила олмай, чуқур «уф» торт-гандан кейин хўрсиниб: «Бунинг гапига кирсам бир бало, кирмасам яна бир бало» деб қўйганди.

Акасининг ўша маъракасида Зоҳидга жуда қаттиқ таъсир қилган яна бир воқеа юз берганди. Зоҳид у дамда ўлим ларзасидан қутилмаган, бутун борлиғию руҳи карахт ҳолатида эди. Имомнинг айтган гапларини, маърака қилиш шартми ё лозим эмасми деган муаммони ҳазм қилмай туриб, эрталаб…

Маърака ошига келаётганлар орасида қотилларнинг оталари, акаларини кўриб аввал ҳайратдан донг қотди. Сўнг дод деб юборай деди. Дадасига қараган эди, у «жим бўл, ўзингни бос», деган маънода лабини қимтиб қўйди. «Бу қанақаси ўзи, уялмай-нетмай ош егани келишяптими? Томоқларидан овқат қандай ўтади?» деган ўйда уларнинг изидан ҳовлига кириб ош ошашларини кўрмоқчи бўлган эди. Ўшанда отасининг таъқиб этувчи нигоҳига бўйсунмай ичкарига кирганида уларнинг номигагина нон тишлаб, ошдан бир чўқимгина еганларини кўрган бўларди. Ана ўшанда уларга нақадар оғир эканини тушунарди. Уларнинг не ҳижолатлар билан бу хонадонга яқинлашганлари Зоҳидга номаълум эди. Яхшики, Зоҳиднинг отаси вазмин табиатли одам. Агар ўзини тутолмай «Сенларнинг ўғилларинг менинг ўғлимни ўлдирди», деб лаънатлай бошлаганида, унга Зоҳид қўшилганида нима қила олишарди, бошларини ҳам қилиб изларига қайтишдан ўзга чора топа олармидилар? «Мингдан минг розимиз, ана ўғилларимизни ўз қўлингиз билан ўлдиринг, хун олинг, хумордан чиқинг», деганларида ҳам маломатдан қутула олмас эдилар-ку?

Ўша манзара кўзи олдига келгач, Зоҳид Ҳамдамга қўшилиб эрталаб бериладиган ошга боришни истаб қолди. Чувриндининг фожиаси сабабини аниқ билмаса ҳам, «қасддан ўлдирилган», деган тахминда юрган Зоҳиднинг назарида наҳорги ошга қотил ҳам келадигандай эди. Ҳа, буюртмачи эмас, айнан қотилнинг ўзи! Балки… акси бўлар, қотил эмас, буюртмачилар савлат тўкиб келишар? Тумонат одамлар орасида уларни ажратиб олиш мумкинмикин?

Миркаримовнинг «йигирма оши» ҳам шундай бўлгандир? Бировларнинг қўлларидан ажал топган бошқаларнинг ҳам, энди ўлим топадиганларнинг ҳам маърака ошлари айнан шундай бўлар?.. Қотиллар қонга беланган панжалари билан ош ошаб, сўнг ошпазга тасаннолар айтиб, тишларини кавлаб, кекириб чиқишар?…

Дунёнинг мана шу муаммоларини ечишга Зоҳиднинг ақли қосирлик қиларди.

 

***

 

Остонада кутиб олган хотини «Қаерларда юрибсиз, устозингиз икки соатдан бери кутиб ўтирибдилар», деди. Бу гапни эшитган Зоҳид маёр Солиевни кўз олдига келтириб «Касалхонадан чиқибдиларми?» деб ўйлади. Ўрта хонага ўтиб диванда ўтирган Ҳабиб Сатторовни кўрди-ю, аввал бир оз ажабланди: кўпдан бери кўришмаган устозининг ташрифини у сира кутмаган эди. Ҳабиб Сатторов унинг таажжубини сезиб, кулимсиради-да:

— Тескари замон ҳозир, азизим, кичикларни зиёрат қилиш катталарга лозим қолган, — деб кўришди.

Зоҳид айбдор эканини тан олиб, «ишлар кўп» деган маънодаги узрини айтмоқчи эди, Ҳабиб Сатторов гапиртирмади: — Тушунаман, сендан гина қилмайман. Ўғри-муттаҳамлар кўпайиб бораверса сен билан учрашиш тобора қийинлашаверади. Қара-я, бу ерда ҳам математик ечим бор.

Зоҳид устозининг рўпарасига ўтиргач, хотини чойни янгилаб келди-да «кутавериб ланж бўлиб кетган паловни» олиб киришга рухсат сўради.

Ош чиндан ҳам ланж бўлгани сабабли кўп ейилмади.

— Ишдан бўшаганимни биласан, — деди Ҳабиб Сатторов қошиқни четга суриб.

— Масковга кетиб қолдингизмикин, девдим, — Зоҳид шундай деб ўрнидан турди-да, лаганни олиб, остонада пайдо бўлган хотинига узатди. Ҳабиб Сатторов хотиннинг «вой, емабсизлара, домла», деган лутфига эътибор бермай:

— Шунақа фикр ҳам туғилган эди. Кейин бу калладаги формулаларини нари сурдим-да, одамга ўхшаб ўйладим, — деди, сўнг кулимсираб давом этди: — Ҳа, олимлик либосидан чиқиб, беш дақиқа росмана одамга айландиму ўйладим. Кимга ўхшаб ўйладим, биласанми? Укамга ўхшаб фикр юритдим. Раҳматли мени кўп танқид қиларди. «Ҳаёт фақат илмдан, формулалардан иборат эмас», деди. Шунақа дерди-ю, лекин жиннихонада ётганида ўзи ҳаёт формуласини кашф қилибди. Сенга айтганмидим?

— Ҳақиқат нолга тенгми?

— Қойилман, эсингда экан. Лекин бу аксиома эмас, бу… шунчаки унинг тахмини. Мен бадбин одамнинг тахмини деганман. Менинг институтдан ҳайдалишим ҳақиқат нолга тенглигининг исботи эмас. Ҳатто укамнинг ўлими ҳам формуласининг тўғрилигини англамайди. Булар — кичик шахсий фожиалар саналади. Ҳақиқат эса олий тушунча.

— Атом зарраларининг бирлашиши-чи?

— Сен бунақа чуқурлашма. Сен менинг аразлаб Москвага кетиб қолишимга ишонгансан, яна бошқа одамлар ҳам ишонишган. Лекин мен ўйладим: «Сен кимсан?» деб ўзимга ўзим савол бердим. «Сени ким ўқитиб, одам қилди? Ким қорнингни тўйғазди? Далада заҳарли тупроқ ялаб меҳнат қилаётган деҳқоннинг ҳисобидан ўқиб, шу даражага етдинг. Нега энди тўплаган билимингни ўша деҳқоннинг фарзандига эмас, Москвадаги ёки Лондондаги бир таъвияга беришинг керак?» дедим. Ҳа, гапларимдан газетанинг ҳиди келяптими? Йўқ, сен бунақа ажабланма. Мен ростдан ҳам шундай ўйладим. Ўйладим-да, рўпарамга бир масала қўйиб, уни ечдим. Бунинг учун энг аввал ўзим ўқиган мактабга бордим. Математика, физика муаллимлари шу даражада қолоқки, йиғлаб юборай дедим, ишон. Мен ўқиган даврдаги савия қандай бўлса, ўзгаришсиз турибди. Ҳатто, назаримда савия нолга қараб оғгандай туюлди. Қара, яна замонга нисбатан тескари пропортсионаллик. Фан ривожи қай даражадаю, мактабдаги савия қандай тубанликда. Болалар Бернуллини ёки Эйнштейнни билмаса чидаш мумкиндир.

Лекин Хоразмийни билмайди, Фарғонийнинг номини умуман эшитишмаган. Мактабда ўқиётганимда мен ҳам шундай эдим. Болаларим ҳам шундай бўлса, набираларим ҳам шу тубанликда қолаверса, Лондонга бориб маъруза ўқиганимдан нима фойда? Яна қанча авлод чала илмга қаноат қилади? Хуллас, шу тариқа мен масаланинг энг тўғри ечимини топдим. Қандай, деб сўрамайсанми? Менинг дарсларимда саволга тутишни яхши кўрардинг-ку?

— Савол бераман, аввал масаланинг моҳиятини тушуниб олай. — Моҳиятни тушуниш қийин эмас. Озгина туйғу бўлса кифоя экан. Билмадим, бу туйғу менда қайдан пайдо бўлдийкин? Ё укам ўлиб, туйғуси менга мерос сифатида кўчдимикин? Руҳшуносларда шунақа тахминлар ҳам бормикин, билмайсанми?

— Шунга яқин гапни эшитувдим. Қайси бир дин ақидасига кўра одам ўлса руҳи ҳайвонларга кўчар- кан.

— Э, йўқ, бу гапинг ўтмайди. Укамнинг руҳи ҳайвонларга кўчадиган руҳлардан эмас.

Ҳар ҳолда ўзимга ҳам ғалати туюлган туйғу билан масалани ечдим: ҳозир мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпман. Бир-икки оғайниларим мени ҳатто телбага чиқаришди. Нима, фан доктори, профессор мактабда ишлаши учун жинни бўлиши керакми? Болалар менга «устоз» деб мурожаат қилишади. Институтдаги «Ҳабиб Сатторович» билан «устоз» деган сўз орасида фарқ борми? Биринчисида самимият йўқ, а? Ширин тил билан айтилса ҳам, бу ширинликнинг ортида баъзан заҳар туради. Иккинчиси жуда-жуда самимий, беғубор. Бу ширин тилнинг ортида заҳар йўқ, мунофиқлик йўқ. Биласанми, мен ҳозир қандай аҳволдаман?

Балчиқдан чиқиб, ювиниб, тоза ҳаво олаётган одамга ўхшайман. Ҳатто ота уйимга кўчиб келдим. Мендаги ўзгаришдан онам ҳам ҳайронлар. Фақат… мактабда ишлаётганимни у кишига айтмаганмиз. Айтсам… — Ҳабиб Сатторович айёрона жилмайди, — балоларга қоламан. Мана, мендаги ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ, сени йўқлаб келдим. Эътибор қилган бўлсанг, шошилмаяпман. Менинг ўрнимга сен безовтасан. «Домла чиндан айнибди, гапини тугата қол- са-ю, кетса, мен чала ишларимни битириб олсам», деб ўтирибсан. Эътироз билдирма, бу — аксиома! Мен ўзгаришимни сенга кўз-кўз қилгани келмадим. Ишингга тааллуқли бир фикр бор. Энди эсим жойидалигида шуни айтай.

— Сизда яна битта ўзгариш сездим, айтайми? — деб сўради Зоҳид, муғомбирлик билан кулимсираб.

— Албатта, — деди Ҳабиб Сатторов.

— Кинояга уста бўлибсиз. Аввал унақа эмасдингиз. Масалани қисқа ва аниқ равишда айтардингиз.

— Худди роботга ўхшаб, а? Укам шунақа деб тан-қид қиларди. Демак, айниганим рост.

— Ҳа, рост, лекин яхши томонга.

— Илтифотинг учун раҳмат, азизим, энди эшит: сен математика илмидан юз ўгириб, ҳуқуқ илмини танладинг. Иккаласи бутунлай бошқа-бошқа оламми?

— Шунақа.

— Шунақа эмас, азизим. Шунақага ўхшайди. Пирамида қоидаси эсингдадир? — Ҳабиб Сатторов саволига жавоб кутмай, ён чўнтагидан гугурт чиқарди-да, тўртта чўпни олиб, учтасининг қалпоқчали бошларини бирлаштирди. Сўнг тўртинчи чўпни ўт олдириб қалпоқчаларга тутди. «Пов» этиб ёниши ҳамоноқ пуфлаб ўчиргач, қалпоқчалар куйиб, бир-бирларига ёпишди-да, пирамида шакли ҳосил бўлди. Шундан кейин Ҳабиб Сатторов гапини давом эттирди: — Бу мен учун пирамида. Сен учун-чи?

Зоҳид устозининг мақсадини англамай елка қисди:

— Мен учун ҳам пирамида-да.

— Йўқ, бу сенинг бошингни қотираётган жиноятга оид иш. Демак, бу ҳолда сен нима қиласан? Сен аввал битта чўпни турткилаб кўрасан. Кейин бошқасини. Лекин пирамидани йиқолмайсан. Чунки пирамиданинг кучи мана бу уч қисмда. Сен аввал мана бу бирлаштириб турган бошни айиришинг керак. Шунда пирамида ўз-ўзидан қулайди. — Ҳабиб Сатторов шундай деб бирлашиб турган бошчаларга аста чертган эди, чўплар сочилиб кетди. — Хўш, нима дейсан?

— Умуман… тўғри.

— Унда бу ғояни сен шакллантир. Тузукроқ фикр уйғонса, хабар берарсан, ақллашармиз. Бўпти, мен кетдим. — У шундай деб ўрнидан турди-ю, стол бурчагидаги икки дафтар ёдига тушиб, қайтиб ўтирди. Дафтарларни қўлга олди-да, варақлаб кўриб, Зоҳидга узатди: — Бу Анвар укамнинг хотира дафтари экан. Ғалати нарсаларни ёзган.

Истасанг ўқиб кўр, деб олиб келдим. Умуман… унинг ўлимини сизлар нима дейсизлар, «бахт-сиз тасодифми?» Лекин… у жинни эмасди. Кимдир уни мажбур қилди… Сизлар руҳан мажбур қилган одамни «қотил» демайсизлар, а?

— Ариза берсангиз, текширилади.

— Йўқ, ариза бермайман. Чунки аризанинг оқибати укам ўйлаб топган формуланинг ечимидай бўлади.

Ҳабиб Сатторов мулозиматни ёқтирмагани учун Зоҳид «чой-пой ичиб ўтирайлик», деб манзират қилмади.

Устозни катта кўчага қадар кузатиб чиққан Зоҳид қайтар маҳалида унинг пирамида хусусидаги гапларини бир-бир эслади. «Ғояда жон бор, — деб ўйлади у, — умуман жиноят оламини пирамида десак тўғрироқ бўлади. Биз унинг бир улушини чўкич билан уриб емирмоқни ихтиёр қилган нодонга ўхшаймиз. Пирамиданинг учи — Асадбекми? Унга менинг кучим етармиди? Гугурт чўпларини чертиб ташлаш осон…»

Зоҳид уйга кирганда хотини дастурхон йиғиштираётган эди.

— Ўртоғингиз Алиқул ака келдилар, — деди у эрини кўриб.

— Нима дейди?

— Сизда ишлари бор экан. Эрталаб келаман, девдилар, уйда бўлмасалар керак, моштабибни олиб қишлоққа бормоқчи эдилар, дедим. Тўғри айтибманми, борасизми?

— Боришим керак.

— Машиналарида олиб бориб келарканлар.

Бу гапни эшитиб Зоҳид ғашланди. Эридаги ўзгаришни сезган хотини:

— Ҳа, гапимнинг нимаси ёқмади тағин? — деб сўради.

— Мен сенга машина гаплашиб қўй, девдимми?

— Мен сўрабманми, ўзлари айтдилар. Ўртоғингиз-ку, хизмат қилсалар ёмонми?

— Йўқ, жуда яхши, ҳатто зўр! — деди Зоҳид аччиқланиб, — шу хизмати эвазига сен унинг укасини қамоқдан чиқариб берасан.

— Вой савил, ҳали дарди бормиди?..

— Сенга минг марта айтаман: менинг қачон, қаерга боришим ҳақида бировга ҳисоб берма. Эртага ишга бораманми ё қишлоққами, бировнинг билиши шартми? «Эринг қаёққа боради, аниғини айт», деб сени биров зўрладими? «Билмайман» деб қўя қолмайсан-ми?

— Хўп, бўпти, тавба қилдим, — хотин шундай деб дастурхонни йиғиштиргач, зарда билан ошхонага чиқиб кетди.

Кўнгли ғашланган Зоҳид эса деразани қия очиб, кўча томонга тикилди, нечундир бу кеч кўча чироқлари ёнмабди.

Зоҳид ётоқхонага кирган эди, ўғли кўзларини чирт юмиб олиб, ўзини ухлагандай қилиб кўрсатди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК