Атамбаевнинг ўғли: «Отам бизга сиёсатга аралашишни тақиқларди…»

0

 

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодир Атамбаев «Новые лица» нашрига берган интервьюсида отаси яшаган уйга қилинган ҳужумлар ҳақида гапириб берди.

7-8 август кунлари Қирғизистон махсус хизмат ташкилоти ходимлари бир кеча-кундуз собиқ президент Алмазбек Атамбаев резиденциясига қуролли ҳужумлар уюштирган. Бунга қадар собиқ президентни уч карра терговга чақиришди. Аммо Атамбаев терговга бормади. Собиқ президент даҳлсизлик мақомига эга. Бу мақом унга терговга бормаслик имконини бериши ҳақида айтиб туриб олган.

7-8 августда мен онам билан бирга Иссикўлда дам олаётгандим, — дейди Қодир Атамбаев. — Резиденцияга ҳужум қилишгани ҳақида интернетда ўқиб қолдим. Бу биз учун биринчи ҳодиса эмас. 2010 йили ҳам шундай ҳаракатлар бўлган. Аммо биз бардошли одамлармиз. Отам шунга ўргатган. Аниқ биламан, бу ҳукумат тарафидан пухта режалаштирилган операция. Улар максимал даражада қурбонлар бўлишига эришиш ва кейин ҳаммасини отамнинг бўйнига илишни мўлжаллашганди. Ниятларига етишди. Мажбуран отамни терговга олиб кетиш учун улар эрталаб соат 05: 00 да келишлари керак эди. Лекин соат кечки 08: 00 да келишди. Резиденцияда бу маҳал одам кўп эди. Отам роппа-роса ярим соатга ҳовлига чиққан. Ҳовлида аёллар ва болалар кўп эди. Барчалари отам билан суҳбатлашиш ниятида келишганди. Худди шу пайт махсус хизмат ташкилотидагилар ҳужум бошлашган. Ҳужумга ўтиш учун улар марказий дарвозани танлашди. Қочишга тутинган одамлар шу сабабли махсус хизмат ташкилоти аскарлари билан тўқнашишди. Тасаввур қилинг, сиз шу қишлоқда яшайсиз. Хотинингиз ва болаларингиз Атамбаевни кўришга боришини айтишган. Худди ўша пайт ҳужум уюштирилганидан хабар топасиз. Албатта, сиз ҳам оилангизни ҳимоя қилиш учун ўша ёққа чопасиз. Қолаверса, ҳужумга ўтган махсус хизмат ташкилоти ходимлари 20 кишидан кўп эмасди. Бу айнан ҳужумларга ихтисослашган отряд. Кейинчалик эса миллий хавфсизлик хизматидагилар орадан икки кун ўтгач, 40 тадан кўпроқ қурол йўқотилгани ҳақида хабар беришди. Қуроллар сони ҳужумга ўтганлардан икки баробар кўпчиликни ташкил этди. Отам бизга фақат ўзи қуролдан ўқ узганини айтганди. Лекин мен ишонмайман. У ҳеч кимга қарата қуролдан ўқ узмаган. Чунки мен уйга кириб борганимда, иккинчи, учинчи қаватларни текшириб кўрдим. У ерда қон изи кўзга ташланмади. Ваҳоланки, махсус хизмат ташкилоти аскари худди шу атрофда кўкрак қисмидан яраланган. Демак, ўша жойларда қон изи қолиши керак эди. Бундан ташқари, қум тўлатилган қоплар ҳам бутун қолган. Агар ўқ узилса, улар дарз кетиши лозим эди. Мен отамнинг ўқ узганига сира ишонмайман. Махсус хизмат ташкилоти ходимининг ўлимида отам эмас, ҳукуматнинг ўзи айбдор. Энди сиёсат масаласига тўхталсак. Мен Айдарчик (Акаев), Максим (Бакиев) лар каби ватандан қочишга ўрганмаганман. Отам бизга сиёсатга аралишишни тақиқлаб келган. Биз унга сўз берганмиз. Отажон, кечиринг, биз ваъдамизда тура олмадик. Негаки, сизни ёлғизлатиб қўйсак, худоям кечирмайди. Биз сиёсатга аралашишга, сизни ҳимоя қилишга мажбурмиз.

zakon. kz