Самарада бундан бир ой олдин заҳарланиб касалхонага тушган ўзбекистонликлар жуда оғир аҳволда экан…

0

 

Россиянинг Самара вилоятида жами 69 нафар ўзбекистонлик муҳожирнинг 58 нафари бир ой бурун заҳарланиб оғир аҳволда касалхонага тушганлиги ҳақида илгари хабар бергандик. Мана, орадан шунча вақт ўтибди ҳамки, улар Тольятти шифохоналарида оғир аҳволда ётишибди. Ораларида уч яшар гўдак ҳам бор.

Заҳарланишдан сўнг омади келиб тузалиб чиққан хоразм вилоятилик ҳамюртимиз шундай дейди:

Биз ҳаммамиз олмазор боғда боғбончилик билан шуғулланамиз. Смородина терамиз. Ҳозирги пайтда олма теряпмиз. Ўша куни биз нимадандир заҳарландик. 15 августда роппа-роса бир ой бўлади. Шу куни оғзимиздан қон кетди. Сийдик билан ҳам қон оқа бошлади. Ҳаммамизни оғир аҳволда касалхонага олиб кетишди….

Жами 69 нафар муҳожир Хоразм вилояти Хонқа туманидан Самарага ишлаш учун келган. Ҳозир заҳарланганларнинг 17 нафари Самара вилоятидаги клиник касалхонада, 41 нафари Тольятти шифохонасида ётибди.

Тольятти шифохонасидаги бош врач вазифасини бажарувчи Леонид Разливинскийнинг гапига кўра, хоразмлик муҳожирлар ўта хавфли Зоокумарин дорисидан заҳарланган.

— Улар яна узоқ вақт ётиб даволанишлари керак, — деди бош врач. — Камида 70-80 кун вақт керак бўлади. Шуни алоҳида таъкидлайман. Зоокумари мевалар уруғларини қайта ишлашда фойдаланиладиган дори. Инсон ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланади…

Бош врач айтдики, улар қўлларидан келган барча ишларни қилишяпти.

— Беморларнинг аҳволи жуда оғир, — деди Леонид Разливинский. — Улар орасида уч яшар бола ҳам бор. Ҳозир Москва ва Самарадаги энг кучли мутахассисларни тўплаганмиз. Муҳожирларга ҳар куни қон қуйиб туриш керак бўляпти. Лекин бунинг учун қўшимча маблағ керак. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консулига ҳам шу ҳақда айтганман. Унга вазиятни тушунтирганман. Бизга ҳақиқатан шу кунларда муолажаларни давом эттириш учун моддий кўмак зарур. Ўзбекистон ҳукуматидан беморларга эътибор қаратишларини, моддий кўмак беришларини илтимос қиламан…

Қозондаги Ўзбекистон бош консуллиги моддий тарафдан ёрдам беришни аллақачон ваъда қилиб улгурган. Беморларнинг барчаси Россияда қонуний тарзда яшаб, ишлаётгани айтилган. Аммо хоразмлик муҳожирлардан бирининг айтишича, консулликдагилар бир марта касалхонага боришган-у, шундан бери уларни ҳеч ким кўрмаган.

ca-news. org