ШАЙТАНАТ… (133-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ўғлининг одатига у баъзан ҳайрон қолади: меҳмон келса, бошқа болалар каби дастурхон атрофида айланмайди. Онаси каровотига ётқизиб қўйса, уйқуси келмаса-да, қаршилик билдирмайди. Бу ҳолат баъзан бир, баъзан икки соат ҳам давом этиши мумкин.

Бунақа пайтда Зоҳид ўғлига ачиниб, меҳмон кетгач, кеч кириб қолган бўлса-да, ўғлини кўчага олиб чиқарди. Бугун ҳам «бир айлантириб келай» деб ўйлади-ю, кўча чироқлари ёқилмагани сабабли фикридан қайтиб каравотга энгашди-да, ўғлининг юзидан ўпди. Ўғли бундан роҳатланиб, кўзини чирт юмганича қиқирлаб кулди. Кейин отасининг бўйнидан қучоқлаб олди. «Боқчага бордингми, нима единг, нималар ўйнадинг?» каби саволларга бийрон жавоб бергач, бола отасидан эртак айтиб беришни сўради. Зоҳид биронта ҳам эртак билмасди. Ўғли ҳам сўраганида битта эртак китоб топиб ўқиб қўяман, дерди-ю, кўчага чиққач, унутарди. Ҳозирги талабдан сўнг ҳам шундай аҳд дилига тугилиб, боласига «ҳозир ойинг кириб айтиб беради», деб осон қутулди. Бола онасидан ҳам эртак эшитолмаслигини билса-да, бу ваъдага ишонди.

Ошхонадаги ишларини саранжомлаган хотини киргач, меҳмонхонага чиқди-да, устози ташлаб кетган дафтарлардан бирини қўлга олди. Аввалига дафтарни ҳафсаласизлик билан варақлаб, айрим сатрларни «чўқилаб-чўқилаб» ўқиди. Сўнг ундаги маънолар диққатини тортиб, диванга жойлашиб ўтириб олди-да, бир бошдан ўқишга тутунди. «Хотира дафтари» деб аталмиш ёзувларнинг бошланиши унга қизиқ эртак каби туюлди:

«Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб дебдики:

— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман, ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат бойлигидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам сенга топшираман. То жоним бор экан, сен бу хазинанинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Оллоҳнинг ҳузурига жўнаганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискинларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.

Ўғил ҳам ота каби доно экан. Мамлакатни яхши бошқариб, юртни янада обод қилиб раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг «Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз қосирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшо собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганида улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшо дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатнинг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига риоя қилган ҳолда дебдики: — Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилиб эдингиз. Рости мен бу амрни бажармоққа мажбур бўлганим туфайли сизга эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Аммо ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига на фойда, олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?

Ота ўғлининг бу тадбиридан қувониб, хазинани ўзи улашган экан.

Қиссадан ҳисса: бизнинг тарих қатларида яшириниб ётган қанча бойликларимиз бор? Уларни халққа қачон улашамиз? Фонусни олд томонда ёқиб, ёруғ йўл кўрсатиш кунига  қачон етамиз? Холидийлар чироқни олдинга олишга йўл қўйишармикин?»

«Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб яна ҳам карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:

— Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергину олиб кетавер, — дебди.

Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қарангки, оқсоқол улардан-да карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб «Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли», деб ўйлаб:

— Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, — дебди.

Хуллас, учови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг қудратини қарангки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги ой кўринса ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак эди. Қози уларнинг тинмай, бир-бирларига гап бермаётганларидан «Ҳа, улар янги ой чиққанини кўришибди-да,», деган қарорга келиб, хизматкорларига буюрибди:

— Ҳой, ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!

Қиссадан ҳисса: Бизнинг барчамиз кар бўлиб қолганмиз. Биримизнинг гапимизни иккинчимиз англамаймиз. Ўзимизнинг карлигимиз камлик қилгандай тарихимизни ҳам соқов қилиб қўйганмиз. Биз тарихнинг тилига кишан урганмиз. Ўзимизга керак пайтида кишанни ечиб, гапиртирамиз, кейин эса яна маҳкамлаймиз. Шунақа пайтда карлигимизни ҳам унутамиз. «Энг кичкина илмий ходим» менинг бу фикримни қўлламади. «Тоғда бир кекса чинор кўрувдим, — дейди у. — Одамлар гулхан ёқавериб дарахтнинг баданини ўйиб юборишибди. Узоқдан қарасангиз дарахт тили суғуриб олинган одамга ўхшайди. Бизнинг тарихимиз ҳам шунақа.»

Собиржоннинг таърифида жон бор. Аммо… тил ўсиб чиқармикин?..»

«Қайта қуриб ётибмиз… Нимани? Буни ҳеч ким билмайди. Халқ ашула ҳам тўқиб қўйибди: «Мамлакат бўйлаб қилар юриш — Миша, Рая ва қайта қуриш…» Қайта қуришдан фақат шу ашула қолса керак.

Кунларнинг бирида хўроз билан ит дўстлашиб, ўзлари учун қишлоқ қурмоқчи бўлибдилар-да, ўрмонга бориб, жой танлабдилар.

— Мен қуришни билмайман, сен-чи? — деб сўрабди ит.

— Мен ҳам билмайман, — дебди хўроз.

— Унда қишлоқни қандай қурамиз? — деб ажабланибди ит.

— Жуда осон: сен вовуллайверасан, мен тупроқ титиб қичқиравераман. У ёғи яна бир гап бўлар, — дебди хўроз.

Бу таклиф итга маъқул келиб «иш» бошлашибди. Бир оздан сўнг чарчашгач, ит дам олиб, хўроз пойлоқчилик қилибди. Шу онда тулки хўрозни кўриб қолиб, унга яқинлашибди-да, «нима қиляпсан?» деб сўрабди.

— Биз бу ерда қишлоқ қуряпмиз, — дебди хўроз.

— Мениям ишга олгин, мен жудаям зўр қурувчиман, — деб ялинибди тулки.

— Яхши, — дебди хўроз. — Ҳов анави бутанинг орқасида ишбоши дам оляпти. Бориб учраш, «хўроз айтди», десанг ишга олади.

«Айёр» деб ном олган тулки шу онда нодонлик қилиб итга ташланиб, думдан айрилиб қочибди. Бир баландликка чиқиб олгач, «қурувчилар»га дебди:

— Мен-ку, лақмалигим туфайли думдан айрилдим, энди иснодга қоламан. Сизларнинг нодонлигингиз оқибатидаги шармандалик бундан кам бўлмасов…

Қиссадан ҳисса: Тулки бир аҳмоқ ҳайвон, гапираверади. Биз ҳам хўроз эмасмиз. Қайта қурамиз, дедикми, қурамиз. Аммо нимани? Қайта қуришга овора бўлгандан кўра бузиб ташлай қолингани афзал эмасмикин?

«Бир подшо» ҳаётни ўрганиб кел», деб ўғлини дунё сафарига юборибди. Орадан ойлар ўтиб, шаҳзода саройга кириб келиб, бир кафтида тупроқ, яна бирида тош билан отасига рўпара бўлибди.

— Дунё кезиб топганинг шу бўлдими? — деб ранжибди подшо. — Хўш, булардан қандай маъно уқмоғим керак?

— Подшо қанчалар улуғ, қанчалар қудратли бўлмасин, у тупроқдан яралган ва оқибат яна тупроққа айлангуси. Шундай экан, то аслига қайтгунига қадар Оллоҳга мақбул ишларни қилиши, яъни раъиятга меҳр-муҳаббатда бўлмоғи шарт экан.

Тошнинг маъноси эса: хазинадан яхшилик йўлида фойдаланилмас экан, ундаги олтин-у, жавҳарларнинг қадри билан бу тош-нинг қиймати бир хилдир, — деб шаҳзода ривоят айтибди:

— Бир одам далага чиқиб хуржун тўла олтинни кўмиб қўйибди-да, хазина кўмилган ерни ҳар куни зиёрат қилаверибди. Қўшниси унинг бу қилиғидан ажабланиб, у ҳавас билан тикилиб турадиган жойни кавлаб олтинларни олибди-ю, ўрнини тош билан тўлдирибди. Бойлик эгаси кунларнинг бирида олтинларини силаб, роҳатланиш мақсадида ерни кавласаки, олтин йўқ!

Аламдан дод солиб турганида қўшниси яқинлашиб не ҳол юз берганини сўрабди.

— Олтинларимни сарф қилмай кўмиб қўйган эдим, ўғирлаб, ўрнига тош қўйиб кетишибди, — деб жавоб берибди бойлик эгаси.

— Бекорга йиғлаяпсан, — дебди қўшниси. — Сен куйинмагин-да тошни жойига кўмиб қўявер. Сарф қилмаганингдан кейин бу чуқурчага олтин кўмилганми ё тошми, сенга нима фарқи бор?»

Ўғлидан бу ривоятни эшитган подшо аччиқланибди-да:

— Демак, сенингча бойлик тўплаб, сақлаш шарт эмас экан-да? — дебди.

— Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб ундан оқиллик билан фойдалана олмаслик ундан-да ёмонроқ, — деб жавоб қилган экан доно шаҳзода.

Қиссадан ҳисса: Тарих олтиндан қиммат бойликдир. Биз ўз олтинларимизни кўмиб қўйганмиз.

Овруполик олимлар эса уни олиб истаганларича истифода этяптилар. Олтинларимиздан фойдаланиш ўзимизга ҳам насиб этармикин?..»

Зоҳид бу ёзувларни ўқиб, ўйланиб қолди. Кўз олдига Анвар келди. Охирги учрашувларида Анвар «Жамшиднинг ўлими билан шуғулланадиган одамга тайинлаб қўйинг: Элчиндан гумон қилиб юрмасин, иғволарга учмасин, Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин-да.

Кўр ҳассасини бир марта йўқотар экан, кўзи очиқлар икки марта йўқотмасин тағин…» деган эди. Элчин отилди, Жамшид эса тирик, Анвар ўзини осди… «Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин…» Зоҳидга бу уч тақдир ипларида бир боғлиқлик бордай туюлди. Лекин қанча ўйламасин, фикрларини жамлай олмади.

«Икки марта жиннихонага тушган. Иккинчисида ўзини осган… — деб ўйлади у. — Шундай ақлга эга одам жиннихонада ўзини осса, нима бу, ақллилик балосими?..»

Зоҳид бу саволга жавоб топа олмади.

 

***

 

Жалил «Шорасул ака икковимизни ўз ўғлидай кўрар эди, бел боғламасак ҳам бориб турайлик», деди. Асадбек ўртоғининг донолигидан ғаши келиб «Эҳтиёт бўл, ақлинг ошиб-тошиб кетмасин», демоқчи бўлди-ю, «Гап талашиш фурсати эмас», деган фикрда тилини тия қолди.

— Бир нарсага эътибор бермаган эканман, бугун ақлимга келиб қолди, — деди Жалил машинага ўтиргач. Асадбек «Яна нимага эътибор бермабсан?» деган маънода унга қараб қўйди.

— Шорасул ака ота улфатдан охиргилари эканлар. Адаларимизнинг ошналари тамоман ўлиб битди. Энг кўп яшаган шу Шорасул ака эканлар. Энг узоқ умр ҳам, энг оғир ҳаёт ҳам шу Шорасул акага аталган экан.

— Бунақа узоқ умр бергандан кўра Худо иккита ўғил бера қолса яхши эди.

— Сен унақа дема, Худонинг ишларига аралашма, тавба қил, — деди Жалил.

— Худонинг ишларига аралашаётганим йўқ. Шу одамнинг иккита ўғли яшаб қолса, яхши бўларди, деяпман. Сенга ўхшаган киндигини ўзи кесадиганлардан бўлса ҳам майлийди.

Бу гапни эшитиб Ҳалимжон кўзгу орқали орқага қараган эди, балога қолди. Жалил:

— Сен бола менга эмас, йўлга қара, — деб жеркиб берди.

Шорасул аканикига боришгач, Жалил келди-кетди билан овора бўлди. Асадбек кўрпача тўшалган ўриндиқдан жой олди. Шорасул акани кўмиб келганлар узоқ ўтирмай, тарқалишди. Фотиҳачилар ҳам кам келди. Асадбек сиқилиб, бир соатга аранг чидади.

Ўрнидан туриб, «кетяпман» деган маънода Жалилга имлаб қўйди. Уч-тўрт қадам қўймай Тўхтахоннинг эри чақирди. Асадбек жанозада пайдо бўлганидан бери куёв у билан гаплашишга фурсат изларди. Асадбек унинг бесаранжом кўзларидан мақсадини англаган эди. У чақириққа биноан тўхтаб, ғашланган ҳолда ўгирилди.

— Бек ака, кечирасиз, сиздан бир нарса сўрамоқчийдим. — Куёв Асадбекдан «Нима гапингиз бор, айтаверинг», деган садо кутди. Асадбекнинг норози қиёфасидан бундай лутф қилинмаслигини англаб, мақсадини айтишга шошилди: — Бек ака, уч кундан кейин уйни бўшатишсин дебсиз?

— Уйнинг хўжайини мен эмасман. Қайнотангнинг ҳоҳиши шунақа бўлган. Уч кунни мен қўшиб бердим.

— Бек ака, биз қаёққа борамиз, бола-чақа билан кимникига сиғамиз?

Зорланиш билан айтилган бу гапдан Асадбекнинг ғаши келди. «Сенам эркакмисан!» деб тупурмоқчи бўлди. Дарвоза оғзида турган Тўхтахон билан Жалилга кўзи тушиб, ўзини босди-да:

— Қаердан келган бўлсанг, ўша ёққа борасан, — деб орқасига ўгирилди. Асадбекнинг одатини билмаган куёв нодонлик қилиб яна гапирди:

— Бу уйда Тўхтахоннинг ҳам ҳаққи бор.

Бир қадам қўйган Асадбек бу гапни эшитиб тўхтади-ю, аммо унинг башарасига қарашни, бир нима де-йишни истамади. Йўлида давом этиб, яна уч қадам қўйгач, орқадан Тўхтахоннинг овозини эшитди:

— Асад ака, тўхтанг, орани очиқ қилиб кетинг.

Асадбек тўхтаб, ярим ўгирилди-да, жувоннинг ёнида турган Жалилга қараб:

— Буларга тушунтириб қўй: тўрт томонлари қиб-ла, — деди.

— Юринглар, буни кейинроқ гаплашамиз, ҳозир мавриди эмас, — деди Жалил, зиддиятни юмшатиш мақсадида.

— Йўқ, — деди Тўхтахон бўш келмай, — отамнинг уйига бу одам нега хўжайинлик қилади? Садир сариққа раҳмлари келса, ана ўзларининг уйлари бўм-бўш, хангиллаб ётибди, берсинлар.

Асадбек унга ғазаб билан тикилди-ю, бир ютиниб қўйиб, тескари қаради.

— Тўхта бўлди, юр, бу ишга Асад акангнинг даҳли йўқ, у сира аралашмаган, бу адангнинг васиятлари.

— Васият бўлса қоғоз кўрсатсинлар.

— Бўлди қил-е, бунча шанғиллайсан! — Жалил жеркиб, жувоннинг енгидан силтаб тортди: — Бор, уйга кир.

Тўхтахон Жалилнинг амрига бўйсиниб орқасига ўгирилишга ўгирилди-ю, аммо тилини тиймади:

— Қоринлари тўйиб қолган буларнинг. Адамнинг нонлари бўлмаганида қирилиб кетишарди…

Минғирлаб айтилган бу сўз ўқларининг барчаси Асадбекнинг юрагига санчилиб, қалқитиб юборди. Жалил эпчиллик қилиб ўртага тушмаганида Тўхтахон шарт ўгирилган Асадбекнинг тепкисини еб қолиши тайин эди.

— Паст кетма! Булар пасткаш, сен уларга тенг келма! — деб бақирди Жалил.

Асадбек ғазабини ютиб, ўгирилди-да, бу сафар тез-тез юриб кетди. Машинага ўтиргач,

Ҳалимжонга:

— Акангни чақир, — деб буюрди. Жалил келгач: — Уч кундан кейин буларни шаҳарда кўрмай, кўрсам, уволи сенинг бўйнингга, — деди. Кейин Жалилга бир сўз айтишга ҳам фурсат бермай Ҳалимжонга «Ҳайда!» деб буюрди.

Ҳар нечук Тўхтахон билан куёв боланинг тахти бўлмаса-да, бахти бор экан. Чол бундан икки-уч ой аввалроқ қайтиш қилиб, бу можаро ўшанда юз берганида икковининг шўри ёмон қурирди. Ҳозир Жалилнинг зиммасига юкланган вазифа Кесакполвонга ёки Чувриндига айтиларди. Шунда ижро ҳам бошқачароқ бўларди. Асадбек ғазабланган кезлари Кесакполвонга қай тарзда, қай оҳангда амрлар қилган бўлса, ҳозир ўзи билмагани ҳолда айнан шу оҳангда буюрди. Машина бир оз юриб, ўзи сал ҳовурдан тушгач, «Жалилга бунақа дейишим керакмас эди. Барибир эплолмайди. Лекин гапни кўпайтириб юборади. «Шаҳарга хўжайин бўлсанг ҳам бунақа қилишга ҳаққинг йўқ», деб бошларимни оғритади ҳали. Буни Жамшидга буюришим керак, ими-жимида тўғирлайди», деб қўйди.

Асадбек ўзича ҳақиқат йўлида бир иш қилиб қайтаётган эди. Илгарилари ҳам бирон бир масала хусусида ҳукм чиқарса, ёинки бирон бир кишининг тақдирини ҳал этса «Иш ҳақиқат йўриғича, виждонан бўлди», деб ҳисобларди. Аммо кўп ҳолларда у янглишарди. Чунки у ҳақиқат деган нарса аслида ҳақиқат эмас, тўғрилик деган нарса тўғрилик ҳам эмасди.

У виждон деб ҳисоблайдиган нарса аслида инсоний виждон эмасди. Чунки зулм билан виждон бир танада, бир қалбда яшай олмаслиги ойдай равшан.

Бу сафарги зулмга Асадбекни айбламоқ инсофдан эмасдир. Чунки бу зулмни Тўхтахон билан куёвнинг ўзлари бефаросатсизликлари туфайли сотиб олдилар. Улар ҳақларини талаб қилиб, ноҳақликнинг аччиқ сувини ичиб, қийналишга эришдилар. Агар орадан уч кунни ўтказиб, кейин «Майли, отамнинг васиятларига қарши бормайлик, уйга даъвойимиз йўқ, лекин бола-чақамиз билан кўчада қолмайлик», дейишганида масаланинг бошқача ҳал бўлиши аниқ эди.

Инсонни ҳар балога гирифтор этувчи тил бир оилани бошпанасиз қолдирди.

Асадбек уйига ана шу кўнгилхиралик билан қайтди. Аввал ўғиллари, сўнг келинлари чиқиб салом беришгач, бу ғашлик бир оз кўтарилгандек бўлди. Айниқса келинларнинг ширин талаффузда сўзлашишлари, саломни ҳам дилни эритувчи оҳанг билан беришлари Асадбекнинг қоронғу кўнглини ёритгувчи чироқдек эди. Келинларидан шодланиши баробаринда «шундай ажойиб қизларни узоқ, нотаниш юртга узатган қудаларидан ажабланарди.

Зайнабни узатганида неча кун бир нарсасини йўқотган одам каби гарангсиб юрган эди.

Зайнаби шундайгина қаноти остида, истаган онида кўриб, соғинч дардига малҳам топиши осон эди. Қудалари қандай чидашаётган экан?

Жанозадан қайтган Асадбек келинларининг саломидан роҳатланди, аммо бу сафар қудаларининг соғинчини ўйламади. Зайнаб касалхонадан қайтгач, Манзура кириб, ёшларнинг шаҳар айланиб келиш учун рухсат сўрашаётганини айтди. Ижозатдан шодланган ёшлар кетишгач, Манзура «овқатни сузаверайми?» деб сўради. Асадбек келган маҳалида худди шу саволга «қорним тўқ» деб жавоб берган эди. Бу сафар Манзуранинг овқатланишни кутаётганини фаҳмлаб, иштаҳаси бўлмаса-да, «ҳозир чиқаман, сузавер», деди.

Хотинининг раъйини қайтармаслик учун қозонкабобдан кичикроқ бир қовурғани олиб эрмак қилди. Манзуранинг иштаҳаси ҳам эриникига боғлиқ эди. Асадбек иштаҳа билан овқатланса, у ҳам кўнгли тусаганича ерди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК