Ўзбекистонда ҳокимларга тадбиркорларни ободонлаштириш ва дала ишларига жалб этиш тақиқланди

0

Ҳокимлар, Қурилиш вазирлиги, Кадастр қўмитаси ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулк дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги нормаларга риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилади. Бу Президентнинг жорий йил 13 август куни эълон қилинган фармонида кўзда тутилган.

Бош прокуратура ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:

хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилиши, жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш;

мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўриш топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

Тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишлар, жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш;

Ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

Улар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Daryo.uz