Ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлар учинчи ўринни қўлга киритди

0

Ўзбек миллий таомлари довруғи бутун дунёга кетган. Бешинчи халқаро армия ўйинларининг “Дала ошхонаси” мусобақасида иштирок этган ҳарбий ошпазларимиз ҳам ушбу номга муносиб бўлишди. Бир-биридан мураккаб бўлган кўплаб шартлар якунига кўра, вакилларимиз фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Мураккаб деганимиз шундаки, ошпазга таом тайёрлаши учун барча масаллиқ ва шароитни муҳайё этасиз, аммо унга ўз юртининг ҳавоси, қуёши-ю, атмосферасини яратиб беролмайсиз. Аслида мазкур нуфузли мусобақанинг ҳар бир шартида иштирок этаётган жамоаларга юқоридаги ўхшатмамизни қўллашимиз мумкин. Лекин юртдошларимиз ўзларининг ҳар қандай вазиятга бўлган муносабатини ижобий томондан кўрсата оляпти.

Вакилларимиз сўнгги шартда нон пишириш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Улар тайёрлаган ризқ-рўзимиз рамзи бўлмиш нонлар ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.

Шундай қилиб, “Дала ошхонаси” мусобақасида 3-ўринни қўлга киритган юртдошларимизни мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлар узоқ муддат эсларидан чиқармайдиган бўлди. Чунки улар томонидан тайёрланиб, дастурхонларга тортиқ этилган таомлар таъми унча-мунча одамнинг ёдидан кўтарилмайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти