Ўзбекистон мусулмонлари идораси: Аллоҳ «раҳбар қилиб қўйдим» деган эркакнинг «куёв саломи» мусулмонлар учун мусибат

0

Айни кунларда интернет тармоғида айланаётган бир видеолавҳа ҳамманинг диққатини тортди — «Куёв салом». Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу вазиятга эътибор қаратган.

Оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча ҳаракатлар ҳам эркак киши зиммасида. Хўш, бугун ҳатто келинларга уламолар томонидан ман этилиб, қайтарилган тўйдаги эгилиб салом беришни, Аллоҳ «раҳбар қилиб қўйдим» деган эркак ўзига раво кўриб, сузилиб, етти букилиб, меҳр билан қилаётган бу шармандали эгилишлари мусулмонлар учун мусибат эмасми?

Тўйлардаги эгилиб салом бериш

Аввало, шариатимиз қўл бериб кўришишга рухсат берган. Аллоҳ таолонинг ибодатини қилаётган ҳолатдаги кўринишлардан: руку, сажда каби ҳаракатларни Аллоҳ таолодан ўзгалар олдида қилишдан қайтарган. Демак, инсоннинг инсонга икром ниятида қилган таъзими инсоннинг Аллоҳга қиладиган ибодат таъзими суратида бўлмаслиги керак.

Ҳозирги кунимизда ҳам ўзбекларнинг одатларига қўшилиб кетган баъзи бир урфлар бор. Масалан, «келин салом»даги келиннинг бошқаларга таъзим қилиши ҳам худди намозда Аллоҳ таолога руку қиладиган даражада эгилишга ўхшайди. Келиннинг бошқаларга таъзим шаклидаги саломи халқимнинг чиройли ва ўзига хос одатларидан бўлса-да, таъзимда руку даражасигача эгилмасликка эътибор қаратиш, шарт!

Аслида келин саломнинг ўзи ҳам бидъатлардан бири. Бу ҳақда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам ўзларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобларида шундай баён қилганлар: «Ҳозирги кундаги бизнинг урфимизга кирган келин саломлар ҳаром амал ҳисобланади. Шунга мажбур қилаётганлар ҳаромга тарғиб қилиш ва мажбур қилиш ҳисобланади. Гап бу ерда салом беришда эмас, балки Аллоҳга руку қилгандек бандаларга руку қилишда. Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат деб белгилаган ишларни, масалан, сажда, қурбонлик ва ҳоказоларни бандалари учун қилишни ҳаром қилган!»

Демак, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, инсоннинг нафақат тўйда, балки ҳаётий фаолияти давомида ҳам ўзгаларга таъзим қилиб салом бериши мутлақо мумкин эмас.

Аёлшода эркаклар

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).

Хўш, «куёв салом»лардаги эркаклар ўзларини аёлларга ўхшатишмаяптими? Ахир, нотўғри бўлса-да бугунгача фақат келин саломларнигина гувоҳи бўлар эдик-ку? Бу шоввозлар янгилик қиламан деб, билиб-билмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига учраб қолмаяптимикан?

Таъмагир куёв

Динимизда оила раҳбарлиги Аллоҳ томонидан эркак киши зиммасига юклатилгани ҳақида таъкидлаб ўтилди. Куёв бўлмиш никоҳдан сўнг аёли ва фарзандларининг тўлиқ моддий-маънавий таъминотини қилиши шарт. Шундай масъулиятни бўйнига оладиган йигитнинг тўйи куни қайнотасига, қайнонасига, амакисига, тоғасига такрор ва такрор то «совға» олмагунича эгилиб-букилиб салом бериши таъмагирликнинг ўзгинаси эмасми?! Бундайларнинг келажакда хотинга қарам бўлиб, қайнотанинг пулига кўз тикмаслигига ким кафолат беради? Афсуски, бугун шунақа тоифадаги «куёв»лар кўпайиб кетди.

Қолаверса, ақлли, эс-ҳуши жойида ота-она «куёв салом» қилаётган йигитга ҳурмат билан қарармикан? Бора-бора мазкур ҳолат куёв томоннинг келин томон олдида беобрў бўлишига олиб келиши тайин.

Ор-номуси ўзидан устун, иймони жонидан азиз бўлган мусулмон, ўзбек ўғлонлари бошида дўппи билан, қўли кўксида, нозу-карашмалар ила «куёв салом» қилиб турса. Ёши бир жойга борган, 3-4 та боланинг отаси бўлган эркак, «куёв салом»ни худди келин янгалардек куйлаб турса.

Қадамидан ўт чақнайдиган нордек йигит куёвнинг ёнида «дугона»сини эгилтириб-эгилтириб салом қилдирса. Соқоли кўксига тегадиган отахонлар эса бу ҳолатдан мамнун ва хурсанд бўлиб «куёв салом»ларни қабул қилишса.

Мўмин-мусулмонлар, ўзбекман деб кўксига ураётганлар ушбу андишасиз, уятсизларнинг қилаётган беҳаёликларини қайтариш ўрнига, телефонларига тасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга тарқаца.

Наҳотки муслима қизлар шундай йигитларга ҳаётини, ор-номусини ишониб топширса?

«Ҳурматли эркаклигидан фахрланадиган йигитлар! Ўзингизга берилган мартаба ва даражани асло балчиққа булғаманг. Эркаклигингизча қолинг! Никоҳнинг илк кунлариданоқ янги келин олдидаги ҳурматингизни йўқотманг! Ўзингизга ва аҳлингизга мусибатни сотиб олманг!» — дейилади мақолада.

 

daryo.uz