200дан ортиқ йўловчининг ҳаётини сақлаб қолган учувчилар стадионда олқишлар билан кутиб олинди (+видео ва фото)

0

Бир неча кун олдин, Москва шаҳридан Симферополга парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилган А321 самолетида носозлик келиб чиққани туфайли маккажўхори даласига фавқулодда қўндирилганди.

Бунга самолет двигателига қушларнинг тиқилиб қолгани сабаб бўлган. Ушбу ҳолатда ўзини йўқотмай, тўғри йўлни тутган учувчилари ва борт ишчилари давлат мукофоти билан тақдирланишди.

Бугун, Россия чемпионатининг 6-туридан ўрин олган «Урал» ҳамда «Крилья Советов» баҳси (1:3) олдидан, халқ қаҳрамонлари стадионда олқишлар билан кутиб олинди. Уларга «Урал» клубининг ўйинларига ташриф буюриш учун абонементлар ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Қайд этиш жоизки, экипаж командири Дамир Юсупов Москванинг «Спартак» футбол клубининг мухлиси эканлиги маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, А321 бортида 226 йўловчи ва экипажнинг 7 аъзоси бўлган. Лайнер ўчирилган двигателлар ва кўтарилган шассилар билан қўнишни амалга оширган. Экипаж йўловчиларни қутқарув трапи орқали эвакуация қилган. Охирги маълумотларга кўра, 76 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

loading...