ШАЙТАНАТ… (137-қисм)

0

 

 

* * *

 

Маслаҳат деганлари унча чўзилмади. Жалил Манзурага «Тўй сен истаганча бўлади», деган эди, у «адамиз нима десалар шу», деди-ю, ваколатини эрига опа-осонгина топшириб қўя қолди. Шундан кейин тўйнинг қай тартибда ўтиши лозимлигини Жалил эринмай баён қилди, Асадбек эса сиқилмай, сабр билан тинглади. Жалилнинг маслаҳатлари ўзининг қаричига мос эди. Унинг насиҳати қариндошлари-ю, ёр-дўстлари йиғилганда саноғи юзтадан ошмайдиган хонадонга тўғри келарди. Асадбекнинг ўттиз, нари борса қирқ кило гуруч дамлаб, элга ош тортиш, тўйни катта ресторанларда эмас, шу ҳовлида ўтқазиши лозимлиги кулгили ҳол бўлса-да, Асадбек кулмади, ошнасидан ранжимади ҳам. Насиҳатлар поёнига етгач, тўй куни белгиланди.

Маслаҳат мажлиси «насиҳатларни тинглайвер- гин-у, билганингдан қолма» деган яширин шиор остида ўтди. «Ошнамга анча насиҳат қилдим, у қулоғига олди», деган тўхтамга келган Жалил эса уйига мамнун қайтди.

 

***

 

Бировлар тақдир ёзуғига ишонишади. Бошқа бировлар эса «Бўлмаган гап!» деб қўл силтаб қўйишади. Кимдир тақдиридан нолийди, яна кимдир тобора бойиб боришини тақдирдан деб билади, «пешонага ёзилган экан, то ўлгунимча шундай фароғатда яшайман», деб ишонади. Булардан ташқари яна шундай тоифа борки, шоир: «Ё Раб, лойимни-ку қорган ўзингсан, ўриш-арқоғимни ўрган ўзингсан, ёмонманми-яхши, мен қандоқ қилай, тақдир манглайини берган ўзингсан», деб айтганидай барча гуноҳларини, ёмонликларини, зулмларини, фасодларини тақдирга тўнкаб қўя қолади.

Эрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини тузиб ўтирган уч киши ана шу тоифадан ҳисобланади.

Булар ўзларига ўхшаш минглаб, балки ундан-да кўп инсон болалари каби билмайдиларки, тақдир ёзуғидаги туғилмоқ ва ўлмоққа доир муаммоларни инсон ҳал этмоққа қодир эмас, аммо ҳалол ёки ҳаром яшамоқ унинг измидадир. Яратган туғилмиш инсон боласининг тақдирида икки йўлни белгилаб берди: бири — Раҳмон, яна бири шайтон йўли. Бу икки йўлни бир-биридан фарқламоқ учун унга зеҳн, ақл, идрок, фаҳм-фаросат каби фазилатлар ҳам берди. Айни чоқда ҳар иккала йўлнинг охири нималардан иборат эканини ҳам маълум қилиб қўйди. Одам боласининг тақдирига фақат бузуқлик, фақат золимлик, фақат ва фақат фосиқлик ёзиб қўйилса-да, шафқат, меҳр-мурувват, умуман яхшилик кўчалари эса тамоман беркитилиб ташланиши мумкинми? У ҳолда банда маҳшар куни ҳисоб-ки тоб қилинаётганда «менга тўғрилик йўлини танлаш имконияти берилмаганди, шайтон йўлидан юрмакдан ўзга чорам йўқ эди», деса-чи?

Эрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини тузиб ўтирган бу уч кишининг шундай демоғи тайин. Тўғри, улар ҳозир, эртага, ундан кейин ҳам — то жонлари чиққунига қадар маҳшар кунида ҳисоб бермоқликлари шарт эканини ўйламайдилар, унга тайёргарлик ҳам кўрмайдилар.

Бу уч одамни айни дамда бир мақсад қовуштириб турган бўлса-да, учави уч олам эди. Тўплаган бойликлари умрларининг охирига қадар етиб-ортгани каби тўплаган гуноҳлари ҳам дўзах ўтида абадий куймоқ учун етиб ортади. Иблис уларнинг тақдир ипларини бир-бирига тугиб, шу хонада учраштирди.

Бир бузуқ аёл фахш йўлидан қайтмоққа ният қилибди. Аммо нафс қурғурнинг «Сўнгги марта сафарга чиқиб, айшингни суриб қол, тавбангни кейинроқ қилаверасан», деган маслаҳатига кириб денгиз саёҳатига чиқибди. Иттифоқо, кема фалокатга учраб, чўка бошлабди. Шунда фоҳиша тавба қилиб дебдики: «Эй Худойим, тўғри, гуноҳим кўп, лекин битта мени жазолайман, деб шунча одамни сувга чўктирасанми?» Унинг нолаларига жавобан: «Эй гуноҳкор банда, сен «булар менинг касримга қолишди», деб куйинма, бу кемага худди сенга ўхшаганлар тўпланган», деган овоз келган экан…

Бу уч одам ҳам шундай. Уларнинг ҳаёт кемалари аллақачон фалокатга учраб чўка бошлаган, аммо ғофиллар сезмайдилар. Фоҳишага-ку, инсоф кириб, тавба қилибди, аммо буларнинг қотган тилларига тавба калимаси ўлимдан бўса олгунларига қадар келмас…

Уч одамнинг бири — Кесакполвон. У Асадбекникидан чиқиб, машинасини қозихона томон бурди. (Қозини кўриб Асадбек ғашланмасин, деган фикрда уни чойхонада қолдириб, машинани ўзи ҳайдаб келган эди.)

Қозининг ичкарида эмас, чойхонанинг панжарали дарвозаси ёнида туриши Кесакполвонни сергаклантирди. «Бир гап бўлганов» деган фикрда машинадан тушмай ўтираверди. Қози илдам яқинлашиб, «Нима гап?» деган саволни кутмай ҳисоб берди:

— Селим деган одамдан хабар келди. Масковлик меҳмон билан кутишаётганмиш.

— Масковлик? — «Хонгиреймикин?» — Кесакполвон хаёлига келган гумонини ҳақиқатга айланишини истаб: — Ким экан? — деб сўради.

— Отини айтмади.

— Отини айтмади, деб оғзингга пашша қўндириб ўтиравер, — Кесакполвон сўкиниб, қози узатган бир парча қоғозга кўз ташлади. Қоғоз парчасига қинғир-қийшиқ харфлар билан бир уйнинг манзили ёзилган эди. «Меҳмонхонада турибман, девди, буниси қанақа уй бўлди?» Кесакполвон шу хаёл билан эшикни ёпмоқчи бўлганида Қози хушхабар айтди:

— Болалар дўхтирни топишибди. Сиз айтгандай тухум босиб ўтирган экан, тухумини қуритиб қўя қолишибди. Хумкалла билан ачом-ачом қилиб ётишибди. Кеча кечқурун ахлатхонадаги итларнинг базми бўлган, — Қози шундай деб суюнчи илинжида тиржайиб қўйди. Кесакполвон бир нафас ўйланди-да, бош чайқади:

— Бекор ўлдирибсанлар, бизга халақит бермас эди.

Қози «ўзингиз буюрган эдингиз», демади. Юзидаги совуқ кулги йўқолиб, «айбдорман» дегандай бўйнини қисди.

Кесакполвон қоғоз парчасига ёзилган манзилдаги уйни қийналмай топди. Ташқи кўриниши диққатни тортмайдиган бу уйда ким яшашини ўзича тахмин қилиб «Селимнинг шотири турса керак», деган тўхтамга келди. Ичкаридаги ҳашамни кўргач эса фикридан қайт-ди. У манзилга етиб келгунича ҳам «Меҳмон — Хонгирейдир», деган умидда эди. Назарида Хонгирейнинг келуви унинг обрў-мартабасини анча юқори кўтариб қўюви мумкин эди.

Ҳатто Кесакполвоннинг хушини ўғирлайдиган тарз-да шоҳона безатилган кенг хонада Селим билан Маматбей қаҳва ичиб ўтиришарди. Кутгани, умид қилгани Хонгирей ўрнига Маматбейни кўрган Кесакполвоннинг хафсаласи пир бўлди.

— Ў-ў, жан қардаш, йўлларингга кўз тикиб, кўзларимиз тўрт эмас, тўрт юз бўлмиш.

Омонмисан, қардош, қайларда юрибсан?

— Бек билан чойхўрлик қилувдик, — деди Кесакполвон гапни айлантирмай.

— Асадбек биланми? — деб ажабланди Селим.

— Мен битта бекни биламан, — деди Кесакполвон.

— Оҳ, гўзал, ғоят гўзал, — деди Маматбей кулимсираб. — Бекнинг аҳвол-руҳияси нечукдир? Ўғли соғ-ми?

— Ҳаммаси соппа-соғ, — Кесакполвон Маматбейнинг бу саволидан ажабланса-да, «Нега ўғилнинг соғ-лиғи билан қизиқиб қолдинг?» деб сўрамади.

— Асадбек билан узилишиб кетмадиларингми? — деб сўради Селим.

— Нега узилишамиз? Ҳамма иш оппа-осон ҳал бўлди. Хонгирей ошни яхши пишириб юборган экан. Бекнинг ўзи сузиб берди. — Селимнинг хўжаларча саволга тутиши ёқмагани туфайли Кесакполвон Маматбейга қараб гапирди. Асадбек билан бўлган савдонинг баёнини эшитган Маматбей айёрона кулимсиради.

— Сенинг ўқ илонни унутмоғинг мутлақ лозим эмас, — деди у. — Бек сендан ҳам мендан ҳам айёр. Унинг жон бермоғи мушкул.

— Айёрликка айёр, — деди Кесакполвон, — у мени аҳмоқ қиламан, деб пойлоқчиларига жавоб бериб юборибди. Мен эсам унинг рўпарасидаги уйни сотиб олиб, пойлоқчи қўяман. У шохида юрса, мен баргида юраман. Ошиқ тепиб, ютқизиб, мишиғини оқизиб юрганида уни мен одам қилганман. Бу ёғидан хотиржам бўлаверинг.

— Хонгирейнинг сенга муҳаббати жуда юксакдир. Борлиқ юмушларингни шунга яраша қилавер, — деди Маматбей унга сигарет узатиб. Селим эса ёққични ёқиб тутди. Бу марҳаматдан ийиган Кесакполвон оромкурсига ястанди. Унинг бу қилиғи Маматбейга малол келиб, Селим билан кўз уриштириб олди.

— Бугун сени анча қидирдик. Бундан бу ёғига қаердалигингни аниқ билиб туришимиз керак. Бизнинг ишимизда бир дақиқа ҳам жонингни ё нари, ё бери қилиб қўйиши мумкин.

Бу танбеҳ Кесакполвоннинг қонини қайнатди.

Асадбек баъзан оғир гап қилганида у жириллаб берарди, хожаси бунга жавобан яна заҳрини сочар ёки индамай қўя қоларди, унинг эркалигини кўтарарди. Кечагина Ҳосилбойваччани кўрганида думини қисиб юрувчи, энди эса Хонгирейдан ваколат олиб ўзини хўжайин ҳисоблаётган Селим ҳам, Хонгирей номидан иш кўрувчи Маматбей ҳам унинг эркалигини кўтармаслиги аниқ. «Иккови ҳам микрофонга ёпишиб чиранувчи овози йўқ ашулачига ўхшайди. Микрофонини тортиб олсанг, бу ашулачининг баҳоси сариқ чақа. Буларнинг қўлидаги кўзир Хонгирей. Эртага кўзирдан ажралишса микрофонсиз ашулачининг ўзи бўла қолишади. Бу харомилар билан ўшанда гаплашаман.» —

Кесакполвон шу қарорга келиб, тобелик либосида «хўп» деди.

— Хонгирей бизга муҳим топшириқ берди. Красноярдаги харидорларимизнинг иштаҳалари яхши. Лекин уларнинг сўраган нарсаларини дарров юбориб бўлмайди. Аввал озроғини юбориш керак. Курерликка ярайдиган ишончли одам борми?

Кесакполвон ўйлаб ўтирмай «бор» деб жавоб берди. Булар учун энг ишончли одам унинг назарида Жамшид эди. Булар балки Жамшидни ўзларича белгилаб қўйиб, синаш мақсадида сўрашаётгандир? Агар шундай бўлса, Жамшиднинг ёлғиз ўзини юбормайди, Қозини ёки бошқасини ёнига қўшади. Кесакполвон шу тўхтамга келиб турганида Селим «Одам ишончли бўлсин, лекин йўқотсанг, ачинмагин», деб фикрини бузиб юборди.

— Англадингми, қардош? — деб сўради Маматбей.

— Ишнинг хатари бор, — деди Селим Кесакполвоннинг жавобини кутмай. — Лекин оқиб келадиган фойда битта-иккита одамнинг жонига арзийди. Бугун кеч ўнда одаминг Красноярга учиши керак. Мол анавинда, — Селим шундай деб эшик ёнидаги янги жигарранг дипломатни имлаб кўрсатди. — Қулфини очишни харидорнинг ўзи билади. Одаминг эрталаб харидорга телефон қилади. «Бир соатда етиб бораман», дейди. Лекин бир соатда ҳам, ўн соатда ҳам бормайди. Эртасига телефон қилиб, ана ундан кейин боради, — Селим ён чўнтагидан сурат чиқариб, Кесакполвонга узатди, — Харидор шу одам. Турадиган жойи, исми, телефони орқасига ёзилган.

Кесакполвон бир суратга, бир Селимга қараб, ажабланди:

— Козлов-ку? — деди таажжубини яширмай.

— Ҳа, Козлов, — деди Селим хотиржам равишда.

— Бунинг изи йўқолган, деб эшитувдим, — деди Кесакполвон Маматбейга қараб.

— Биз из йўқотмаймиз, биз изни қуритмагимиз мумкин, — деди Маматбей. — Козлов Хонгирей ҳузурига бош эгиб борди. У энди Красноярда бизларга хизмат этажак, англадингми?

Кесакполвон бу режа асосида бир шумлик ётганини сезиб, «тушундим», деб гапни калта қила қолди. «Козлов бош эгиб борса Асад биларди. Ё у хабарсиз қолдими? Ё билса ҳам менга айтмадими? Ахир бизнинг Козловда анчагина оларимиз бор-ку?» Кесакполвон бу муаммога жавоб топмай туриб, Маматбей:

— Қардашинг бугун учмаги лозимдур, — деб таъкидлади. Бу билан у боражак курернинг кимлигини ҳозир билишни истаётганини маълум қилди.

— Унинг кўп нарсани билиши шарт эмас. Бунинг ичида нима борлигини айтма. Омонатни Козловга етказиши шартлигини билса кифоя.

Шу онда, Кесакполвон учун кутилмаган тарзда хаё-лига бир фикр келди-ю, бундан ўзи ҳам қувониб кетди. «Хитларнинг одами» деб гумон қилинаётган Ҳалимжонни синаб олиш учун айни вазият етилганини англаб, унинг номини тилга олди-да, озгина таъриф ҳам берди.

Маслаҳат пишгач, Кесакполвонга, ижозат берилди. У хўжаларидан топшириқ олгани келган малай ҳолида ўрнидан турди. Селим уни хона эшигига қадар кузатиб, дипломатни қўлига тутди. Нари борса тўрт-беш килодан ошмайдиган дипломат Кесакполвон учун ғоят оғир туюлди. Маматбейнинг кам гапириб, кузатиб ўтириш, асосий топшириқни Селим айтиши, ниҳоят, юкни тутқазиши «Бу ерда мен хўжайинман, сен эса дастёримсан», деган ишора эди. Кесакполвоннинг Селим билан биринчи учрашувидаги хавотири амалга ошди — у беклик тожини киймай, югурдаклик чориғига муносиб кўрилганини англади-ю, ўзининг пешонасига қарсиллатиб ургиси келди.

Кўчага чиққач, ўзича бир кашфиёт қилди: «Асад шунинг учун ҳам Хонгирей билан ишлагиси келмай, мени рўпара қилибди-да…»

 

***

 

Красноярга учажагини Ҳалимжон ҳавоаланига келганда билди. У Кесакполвон билан йўлга чиққанида «Янги хўжайинни кузатаман шекилли», — деб ўйлаган эди. Чувриндининг ўлимидан сўнг икки ошна муносабатларини кузатиб, ораларида жарлик пайдо бўлаётганини сезган, Асадбекнинг идорага кам бориши, ишларга аралашмай қўйишидан амал курсиси Кесакполвонга ўтганини тахмин қилиб, бундан керакли жойни бохабар этган эди. Шу тахминига асосланиб Кесакполвонни ўзича «янги хўжайин», деб атаётганди.

Қўлига дипломат билан сурат тутқазилиб, вазифа топширилгач, нима дейишини, нима қилишни билмай гарангсиб қолди.

— Ҳа, нимага довдираяпсан? — деб сўради Кесакполвон.

— Уйга айтмай кетавераманми? — деди Ҳалимжон.

— Ўзим айтиб қўяман. Сен бола ўзингни тарозига солма. Бизда «уйим-пуйим» деган гап бўлмаслигини ҳали ҳам билмайсанми? Эсингдан чиққан бўлса иккала қулоғингга қуйиб ол: бизда «нега?» деб сўралмайди. Биз «хўп» дейдиганларни яхши кўрамиз. Сени иккита жонга қарз қилиб қўйганмиз, а?

Буниси Ҳалимжон учун янгилик бўлди:

— Иккита жон дейсизми?

— Балки учтадир… — деди Кесакполвон ён томонига қараб чирт этиб тупуриб. — Манқангни оқизиб келганингни унутдингми? Биз қутқармаганимизда ғилай қонингни ичармиди, жонингни Ҳосил табаррук қилиб берганидан кейин қўлма-қўл бўлиб кетармиди?

Агар хотининг ҳозир иккиқат бўлса, учинчи жон ўша-да.

Ҳали туғилмаган гўдакнинг жонини ҳам гаровга осонгина, ҳудди оддий гапни айтаётгандек тиркаб қўйиши Ҳалимжонни сескантириб юборди. «Учта жоннинг тақдири шуни эгасига етиб боришига боғлиқми?» дегандай кўзини Кесакполвондан олиб қочиб, қўлидаги дипломатга қаради.

Паттани белгилатиш учун юришган дамда қошу кўзларига қадар малла бир йигит худди қадрдонларини учратиб қолгандай кулимсираб келиб улар билан кўришди.

— Ҳайдарбек ака, омадни қаранг, бу ошнам билан бирга учарканмиз, — деганидан сўнг Кесакполвон унинг ким томонидан юборилганини англади. Ҳалимжоннинг «Ким бу?» деган маънодаги қарашига жавоб бермади. «Керак бўлса йўлда танишиб оларсанлар», дегандай у билан кўз уриштириб олди. Ҳалимжон ёлғиз эмаслигини, керакли жойга хабар қилиб қўйиш имкони янада оғирлашганини билиб, ғашланди.

Учоққа чиқиб ўтиришгач, малла ўзини «Сафтер» деб таништирди-да:

— Сизга ҳам айтишгандир, биз бир-бировимиз билан кўринмас занжир ила боғланганмиз.

Овқатни ҳам бирга еймиз, сартирга ҳам бирга борамиз. Сиз бун- га, — Сафтер Ҳалимжоннинг тиззасидаги дипломатга шапатилаб қўйди, — жавоб берасиз, мен сизнинг эсон-омон қайтиб боришингизга.

— Гап йўқ, кемага чиққаннинг жони бир, — деди Ҳалимжон тақдирга тан бериб.

Аввалига «дипломат ичи пул билан тўладир», деб ўйлаган эди. Лекин унинг енгиллиги, эҳтиёт чорасининг эса ғоят кучлилиги «қорадори» деган тўхтамга олиб келди.

«Атрофидаги содиқ йигитларига топширмай, нега менга юклади?» деган муаммони эса Козловнинг уйини қидириб боргач, ечди.

Сафтер вазифасини яширмай, тўғрисини айтган эди. Ҳалимжон учувчилар хонасига кириб, икки оғиз гап айтиб чиқиш эвини ҳам қилолмади. Красноярга етиб боришгач эса Сафтер адашиб қолишдан қўрқиб онасининг этагидан ушлаб олган боладай қарийб изма-из юрди.

Вазифада белгилангандай биринчи куни Ҳалимжон харидор билан боғланиб, иккинчи куни борди. Ўн икки қаватли уйнинг саккизинчи қаватига чиқишгандагина Сафтер ундан узилди.

Ҳалимжон қўнғироқ тугмасини босганида «Мен еттинчи қаватда лифтни ушлаб тураман.

Бир ишкал бўлса ўзингни шу ёққа қараб отавер», деб зина томон юрди.

Эшикни кекса бир аёл очиб «Кираверинг, ўғлим ваннада, ҳозир чиқади», деб Ҳалимжонни ичкарига таклиф қилди. Ҳалимжон остона ҳатлаб ўтиши билан эшик қарсиллаб ёпилиб, шу оннинг ўзида гапрданига тўппончанинг совуқ оғзи тиралди-да «қимирлама!» деган қатъий буйруқ янгради. Рўпарасида тўппонча ўқталган икки йигит кўрингач, «дипломатни аста қўйиб, қўлингни орқага қил», деган буйруқ берилди. Итоаткорлик билан буйруқ бажарилиши ҳамоноқ Ҳалимжоннинг билакларига кишан солинди. Шундан кейин йигитлар чекинишиб, милитсия полковниги кийимидаги ўрта яшар киши кўринди. У қўлларини орқасига қилганича аста юриб келиб Ҳалимжоннинг рўпарасида тўхтади-да, гўё унинг юзларига нималардир ёзиб қўйилган-у, шу ёзувларни ўқиётгандай обдон тикилди.

Гарданига тўппонча тиралганида «тузоққа илинганига» ишонган Ҳалимжон полковникни кўргач «Ҳайрият, ўзимизники экан», деб енгил нафас олди. Унинг тикилишида ёмонлик кўрмай ўзини енгил тутди. Лекин кутилмаганда қорнидан мушт еб букчайди. Кейин гарданига тушган тўппонча дастасининг зарбидан ҳушини йўқотди.

Хушига келганида ўзини кенг хонада кўрди. Уни дераза остидаги қовурғасимон пўлат иситгичга суяб қўйишган эди. Ўртадаги стол устида дипломат турибди. Полковник тўрга ўтириб олган, ёнида эса эшикни очган кампир билан яна бир ёшроқ жувон туришарди.

— Ана, ботир жаноблари ўзларига келдилар, — деди полковник пичинг билан. Сўнг ёнидагиларга қараб олгач, гапини давом эттирди: — Лейтенант, гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйинг: қўлга олиш пайтида қаршилик кўрсатди, қочмоқчи бўлди. Шунақа, а? — аёллар полковникнинг бу саволига жавобан ишончсиз равишда бош ирғаб қўйишди.

Ана энди қулфнинг рақамларини айт, жаноб Козловга қандай совға олиб келганингни кўрайлик.

— Мен билмайман, — деди Ҳалимжон. — Козловнинг ўзи биларкан.

— Козлов биларканми? Қани ўша Козел? Сен Козлов билан охирги марта қачон ва қаерда учрашган эдинг?

— Мен уни танимайман, бугун телефонда гаплашган эдим.

— Довдирама, кеча ҳам гаплашувдинг. Келишга ваъда берувдинг, а? Нега келмадинг?

Биз сени кутдик. Айт, нега келмадинг?

«Топшириқ шунақа эди», деса гап чувалашиб кетишини билган Ҳалимжон «Йўлда чарчаган эканман, иккита пиво ичиб ухлаб қолибман», дея қўя қолди. Полковникнинг ишораси билан хонадаги йигитлардан бири дипломатнинг рақамли қулфини бир-икки бураган бўлди-да, осонгина очди. «Ўзимни танитсаммикин?» деб иккиланиб турган Ҳалимжон бу тезкорликдан ажабланиб, тилини тийди. Булар чинакамига милитсия ходимларими ё кийимини кийиб олиб найранг қилиш-яптими — буни аниқ билмай туриб ўзини фош қилиши мумкин эмасди. Булар ҳақиқий милитсия ходимлари бўлсалар ҳам бирон бир тўда билан боғланмаган деб айтиш мумкинми? Ҳарҳолда буларни бу ерда тасодифан учратмади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...