ҲАММАБОП ТЕСТ: “СИЗ ҲАСАДГЎЙМИСИЗ?..”

0

 

Ҳасад дунёда энг чиркин одатлардан биридир. У нафақат ҳасадгўйнинг, балки, «гуноҳкор»нинг ҳам ҳаётини барбод этиши, бахтини, саломатлигини тортиб олиши мумкин.

Қолаверса, халқ орасида «ҳасадгўйнинг косаси оқармас» деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган.

Хўш, сиз-чи? Мабодо ҳасадгўй эмасмисиз?

Қуйидаги тест саволларига холисона жавоб бериб ўзингизни текшириб олинг.

Ҳар бир тўғри деб ҳисоблаган жавоб учун ўзингизга 2 баллдан қўйинг.

Нотўғри деб топилган жавобларга балл қўйилмайди.

1. Агар яқин танишларингиздан бири олис юртлардан бирига дам олиш учун жўнаб кетса, сизнинг ҳам боргингиз келадими?

2. Башарти атрофингиздагиларнинг қайсидир бири ҳашаматли уй, ёки қимматбаҳо машина сотиб олса, жаҳлингиз чиқадими?

3. Ишхонангизда кимдир юқори лавозимни эгаллади. Сиз ўзингизни ўша лавозимга кўпроқ арзирли деб ўйлайсизми?

4. Танишларингиз, дўстларингизнинг қанча маош олиши сизни қизиқтирадими ёки сизга барибирми?

5. Турмуш ўртоғингизни дўстингизнинг турмуш ўртоғи билан таққослайдиган одатингиз борми?

6. Ҳозирги кунда одам ўзидаги қобилият, билим туфайли бойиб кетишига ишонасизми?

7. Кўрдингизки, телевизион шоуларнинг бирида кимдир катта пул ютиб олди. Сизда ҳам шу шоуда иштирок этиш истаги туғилган бўлармиди?

8. Дўстларингизнинг болалари мактабда фарзандларингизга нисбатан яхшироқ ўқиётган бўлишса, аччиқланасизми?

9. Таниш-билишлар билан ўзингизни солиштирганингизда, «мен уларга нисбатан омадсизман» деган хаёлга борасизми?

10. Дўстларингиздан бирида жуда қимматбаҳо буюм кўриб қолсангиз, дарҳол ўша буюмни сотиб олиш пайига тушармидингиз?

11. Меҳмонга борсангиз-у, кимдир сиздан-да чиройлироқ кийиниб олган бўлса, кайфиятингиз тушиб кетадими?

12. Сиз ҳасад янги чўққиларни забт этишга чорлайди, усиз олдинга интилиб бўлмайди деган гапга ишонасизми?

13. Дўстлар муваффақиятларидан қувонмаган пайтларингиз ҳам бўлиб турадими?

14. «Ҳеч ким ҳасад қилмаган одам бахтсиздир» деган иборага ишонасизми?

15. Сиз маоши кўп ишларга фақат таниш-билиш ёрдамида жойлашиш мумкин деб ҳисоблайсизми?

 

НАТИЖАЛАР:

 

0-10 балл

 

Сиз жуда очиқ кўнгил инсонсиз. Шиорингиз битта: «Ташвишлар, муаммолар исканжасида қолишни хоҳламасанг, ҳасадгўй бўлма!..»

Сиз ўзингиз яшаб турган ҳаётдан завқлана биласиз. Пулингиз борми-йўқми, кайфиятингизни, юриш-туришингизни ўзгартирмайсиз. Ўзгаларга омад кулиб боқса, уларнинг хурсандлигини кўрсангиз, ўша омад худди сизга кулиб боққандек биргаликда қувонасиз. Шунинг учун ҳам сизни ёру биродарлар, дўстлар ва яқинларингиз қадрлашади, сизга ҳавас билан боқишади.

Дарвоқе, кимнингдир ўзингизга ҳасад қилаётганини пайқаб қолсангиз, кулиб қўясиз-у, индамай кетаверасиз.

 

12-20 балл

 

Сизни ҳасад балосидан буткул йироқ деб бўлмайди. Гоҳида қалбингизни шу қора туйғу беихтиёр эгаллаганини сезасиз. Лекин ўзингизни тезда қўлга олиб, бу туйғуни шунчаки ҳавасга йўймоқчи бўласиз. Йўқ, бу одатингизни ташлашни маслаҳат берган бўлардик. Агар сиз ўзгаларга чинакам ҳавас қилсангиз, ишонинг, уларни қучган бахт бир кун келиб албатта сизни ҳам оғушига олади. Шунинг учун ҳам ўзгалар муваффақиятини тўғри қабул қилишга одатланинг.

 

22-30 балл

 

Ҳа, сизни ростакамига ҳасаднинг қули десак, хато бўлмайди. Тўғри, ўзингиз ҳам буни истамайсиз. Кимдир хаётидан мамнун бўлиб гапирса, жим туриб эшитасиз, унга қўшилиб куласиз, хурсанд бўласиз. Афсуски, қалбингиз ўзингизга бўйсунмайди. Ҳасад ўтида қоврила бошлайсиз. Бу оловни ўчиришга ўзингизда куч топа билмайсиз.

Илтимос, қимматли вақтингизни беҳудага сарфламанг. Негаки, ҳасад ҳеч қачон байрамлар, қувончли лаҳзалар билан келиша олмайди. Унинг олови эса ҳар қандай қалбни куйдириб кул қилишга қодирдир.