ШАЙТАНАТ… (142-қисм)

0

 

 

* * *

 

Чунки у Хонгирей «четга чиқ» дегани билан бир зумдаёқ тобега айланиб қолмаган, фурсати келишини кутиб озгина чекинган эди халос. Энг муҳими — Иликога «қасдимни олиб бер» демовди, ўла қолса ҳам бундай демасди. «Менинг ташвишимда юргани йўқдир. Акаси учун қасос олмагунича тинчимайди. «Қонга — қон, жонга — жон!» дедими, вассалом… Унинг дарди меникидан оғирроқ… Мен қўлимдан кетганини эртага қайтариб оламан. Бунинг йўқотгани эса қайтмайди…» — Асадбек ўзини шу гаплар билан овутган бўлди.

Тоғли қишлоққа нонушта маҳали етиб келишди. Бу томонларда ҳали қор эриб улгурмаган, айниқса мағрур чўққилар оқ папоқ кийган мўйсафидлар сингари гўё мудрарди.

Иликонинг бобоси худди уларни кутаётгандай айвон устунига суянганича йўлга тикилиб турарди. Аввал набирасини, сўнг меҳмонни кўргач ҳам юзида қувонч нишонаси сезилмади, ғамгин қиёфаси ўзгармади.

Орқадаги машинада етиб келган Анзор чол билан кўришгач, ёрдамчи йигитлари билан бирга дастурхон тузашга киришди. Чол уларнинг ҳаракатларига монелик қилмай, заранг ҳассасини қўлдан қўймасдан ҳовлига тушди. Асадбек унга эргашиб, ҳол-аҳвол сўради.

Чол унга жавобан «Худога шукр», деб қалин соқолини тутумлаб қўйди. Асадбек «чол яна бирон гап айтармикин», деб кутди. Лекин чол «ўзинг яхши юрибсанми?» деб ҳам сўрамади. Шунда Асадбек ўзбекларга хос тарзда «Ошнамни бериб қўйибсизлар», деди.

Бу гапдан ке-йин чол ёнида турган меҳмонга қаради. Асадбек ҳамиша чақнаб турувчи нигоҳ ўрнига ботиқ, нурсиз кўзларни кўриб, юраги ғалати бўлиб кетди. Чолга яна бир нима деб тасалли бермоқни истади, лекин шунга лойиқ гап келмади тилига.

— Анави чўққини кўряпсанми? — деди чол бир озлик сукутдан сўнг. — Чўққи ёлғиз, мен ҳам ёлғизман. Чўққи мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам яшайди.

Чўққи бехато яшайди, мен эсам хатою гуноҳларга бойиб умр кечирдим. Вано ўғлим урушга кетатуриб икки ўғлини менга ишониб топширган эди. Мен ўғлимнинг омонатига хиёнат қилдим… Суликони асраб қололмадим…

Чол шундай деб йўлга қаради.

Бу тун туш кўриб эди: ўзи айвонда турган эмиш. Йўлдан эса ўғли Вано билан набираси Сулико югуриб келаётганмиш. «Ота, сиз Суликони йўқотиб эдингиз, мен уни топдим!» деб қувонармиш Вано. Фақат Сулико эллик ёшдаги одам эмас, балки уч ёшли гўдак эмиш… Отаси урушга кетганда шу ёшда эди Сулико… Қуш қанотларини ёйгани мисол чол қучоғини очиб уларга пешвоз чиқди. Улар эса чекиндилар, чекиндилар, сўнг қора нуқтага айландилар…

Ярим тунда нафаси бўғилиб уйғонганича чол бедор эди. Сулико билан Илико боболарини ёлғиз қолдирмай, ўзлари билан бирга яшашга кўндира олишмади. Кутаисида туришганда чол розилик бергандай бўлди, аммо шаҳарда икки кунга ҳам чидай олмади. Қишлоқдаги қабристонда ётган аждодларини, хотинини, набираларининг онаси бўлмиш келинини ёлғиз қолдиролмаслигини айтгач, Сулико ҳам, Илико ҳам ноилож қолишди, боболарини шаҳарга кўчириш ҳақида бошқа сўз очишмади.

Чол четан девор билан ўралган ҳовлисига тақалган йўл томон бир-икки қадам қўйиб, тўхтади. Кейин яна чўққига тикилганича, худди ўзига ўзи гапиргандай деди:

— «Унинг иссиқ кўз ёшларин ҳайвонлар ялар йўлда,

Олов эса тўхтамайин авж олади кўнгилда…»

Чол яна сукут қилди-да, сўнг Асадбекка қараб «Бу — Руставели!» деб қўйди. Кейин унинг билагидан ушлади.

— Илико «акам касалдан ўлди», дейди, мен бу гапга ишонмайман. Бизнинг уруғдаги эркакларнинг ҳеч қайсиси эллик ёшида касаллик билан ўлмаган. Тўсатдан ҳам жон бермаган. Ўлим билан олиша-олиша ке-йин ўлишган. Айб менда… Мен буларни шаҳарга қўйвормаслигим керак эди. Буларни шаҳарга бойлик ишқи чақирган, деб юрсам ўлим етаклаб кетган экан. Сен грузинмисан, ўзбекмисан, мусулмонмисан ё насрониймисан — фарқи йўқ, бойликка қўйилган кўнгилнинг оқибат иши шу бўлади. Мана бу тош кулбага қара: ота-боболарим шу уйда туғилишиб, шунда яшашган, менинг киндик қоним ҳам шунда тўкилди. Вано ҳам, унинг ўғиллари ҳам шу уйда туғилганлар.

Биз сиққан бу уйга нима учун Сулико билан Илико сиғишмайди? — Чол «мен савол бердим, сен жавоб қайтармайсанми?» дегандай тин олди. Бу саволга чолнинг ўзи ҳам жавоб топа олмагач, Асадбек нима десин? Алҳол чол меҳмондан сўз кутмаётган, ичидаги ғалаённи босмоққа уринаётган эди. — Бир одамнинг яшаши учун нима керак? Оз, жуда оз нарса керак. Сен буларнинг Кутаисидаги уйларини кўргансан. Мана шу тоғларни уч хонали уйга алмашишди-я! Ўша уйларга қалаштирган лаш-лушларини мана бу арчалардан афзал кўришди. Мен уларнинг қалбларига бойлик уруғини экмаган эдим, билмадим, бойликка қандай ишқлари тушди? Мен қачондир ғафлатда қолганман.

Ҳа, ғафлатдан бўлди бу, — чол чуқур хўрсинди. — Ҳазрат Ийсо дейдики, «Денгиз тўлқини устига ким уй қура олади? Бу дунё ҳаёти шунинг ўзидир? Уни абадий қароргоҳ қиламан, деб ўйламанг». Сулико шундай ўйлаган эди. Иликонинг фикри ҳам шу. Сен уларнинг дўстисан, демак, сенинг туруш-турмушинг ҳам шу. Қароргоҳларинг чўкажагини билмайсанларми?

Чол «бу саволимга жавоб бермоққа мажбурсан!» дегандай Асадбекка тикилди. У илгари ҳам кўп гапирарди. Доно гапларни бир-бирига улаб кетишга уста эди. Ўртага савол ташлаб, жавобни бегона қилмас эди. Донолигидан ўзи ҳам завқланарди, кўзларида олов ёнар-ди. Ҳозир завқ ҳам, олов ҳам йўқ. Синиқлик бор. Асадбек «Суликонинг ўлими оқсоқолни синдирибди», деб ўйлади, унинг атрофида соядек илашиб юрган ўлим шарпасини эса сезмади.

— Қароргоҳларинг чўкишини билмайсанми? — деб саволини такрорлади чол.

Асадбек, унинг нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочди.

Қароргоҳи чўкажагини нега билмасин, билади. Фақат қаерда, қачон чўкишигина унга номаълум холос. Оқибат чўкишини билса-да, «балки омон қоларман», деб умид қилаверади.

Чол саволини такрорлаганда Асадбек Муҳиддин отанинг овозини эшитгандай бўлди. Йўқ, овоз уники эмас, отасиники эди… Агар бир мўъжиза бўлиб, отаси тирилиб келса, шундай деб сўрарди… Шуни ўйлаб Асадбекнинг вужудини енгил титроқ кесиб ўтди.

Чол астойдил жавоб кутаётган эди.

— Чўкиш ҳар бир одамнинг пешонасида бор, — деди Асадбек ҳорғин ҳолда.

— Барча бир хилда чўкмайди. Суликонинг чўкиши бошқача бўлди-ку? Иликога айт, энди эсини йиғиб олсин. «Эй Мусо, охиратингни унутадиган тарзда дунё севгисига майл этма. Агар ҳузуримга дунё севгиси билан келадиган бўлсанг, бундан ҳам каттароқ гуноҳинг бўлмайди!» Бу кимнинг гапи биласанми?

Чол шоирдан мисол келтиришни яхши кўргани учун:

— Руставелими? — деди.

Бу жавобни эшитган чол ғазабланиб, хассасини ерга зарб билан урди-да: — Аҳмоқ! — деди. Сўнг ўзининг тилида нимадир деб ғудуранди. Кейин бир оз юмшаган тарзда давом этди: — Бунчалар аҳмоқ бўлмасаларинг. Ахир бу Худонинг ҳазрат Мусога буйруғи-ку!? Эшит: Худо ваҳий йўли билан ҳазрат Мусога яна шундай хитоб қилади: «Эй Мусо! Золимларга хос дунё ҳаётининг сенга нима кераги бор? Золимларга ўхшаб яшаш сенга ярашмайди. Улардек яшаш фикрини хаёлингдан чиқариб от! Ақ-лингни ишлатиб, бундай яшашдан қоч! Золимлик билан ўтказилган бу дунё ҳаёти нақадар тубан! Гўзал амаллар билан ўтказилган дунё ҳаёти эса нақадар гўзал!» — Бу гапларга диққат қиляпсанми? Яна Худо дейдики: «Мен мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бериш учун бу золимни қадам-бақадам кузатаман… «Англадингми? Золимларга ўхшаб яшаш фикрини хаёлдан чиқариб отиш керак. Худо яҳудийга ҳам, насроний, мусулмонга ҳам, ҳатто бутпарастга ҳам шундай буюрди. Ўзинг англаган бўлсанг, Иликога ҳам англат. Мен энди тушунтирмоққа ожизман. — Чол шундай деб оҳисталик билан қадам ташлади. Асадбек ундан ортда қолмай ёнида борди. Ўттиз қадамлар юрилгач, чол тўхтади. Кейин ўгирилиб, изига қайта бошлади. Шундагина Асадбекдан ҳол-аҳвол сўради. Асадбек фурсатдан фойдаланиб уни тўйга таклиф қилиш мақсадида атайин келганини билдирди. Чол таклифдан қувонгандай бўлиб, жилмайди:

— Мен ўғилларингга энг яхши тулпорлардан совға қиламан.

— Ўзингиз борсангиз, бизга энг улуғ совға шу бўлади, — деди Асадбек.

— Йўқ! — деди чол қайсарлик билан: — Эр йигитга от керак, ханжар керак, папоқ керак, бўрк керак! Ўғилларинг мен каби узоқ умр кўрсинлар, мен каби ҳалол яшасинлар, аммо фарзанд ҳажридан йироқ бўлсинлар, англадингми?

Дастурхон атрофида узоқ ўтирмадилар. Асадбек Томскка учиши шарт эканини эслатгач, Илико унга ижозат берди. Ўзи эса бобоси билан қолди. Асадбекнинг Тблисига келишидан мақсади фақат тўйга таклиф қилиш эмас, балки Томскка бориш йўлидаги бир ниқоб эканини англаган Илико «Қайтишингда Анзорнинг ўзи кутиб олиб, кузатади. Мен эрталаб Москвада бўлишим керак», деб узр сўради. Асадбекнинг нияти ҳам Тбилиси орқали қайтиш эди. Бироқ, вазият уйига Москва орқали қайтишга мажбур этди.

 

***

 

Одам туғилиши билан яшай бошлайдими?

Бу савол ҳар бир инсон боласига бемаъни туюлиши табиий. Одам яшамоқ учун бу дунёга келади, деган ожиз ҳақиқат барчанинг онгидан муқим ўрин олган. Айрим олимларнинг айтишича, чақалоқ туғилиши ҳамон «Ана энди ўладиган бўлдим», деб йиғлар эмиш. Агар бунга ишонилса, одам боласи туғилиши билан ўлими онларини кутиш навбатига туради. Асли бу ёруғ дунё Азроил дўкони эшигига тизилган навбат занжиридан иборат. Ажабки, ўлим навбатида туриб ҳам баъзилар бошқаларни ўлдиришни истайдилар.

Тирикликларида бировларни оёқости қилиб, ўлганларида ўзларининг оёқости бўлмакларини гўё билмагандай юрадилар. Азроилнинг дўкони кўзга ташланиб, навбат етгач эса қочмоққа гўр ҳам тополмай қоладилар.

Хонгирей айни шу тоифадан эди.

Бир куни Жалил Асадбекка заҳарли сўз нишларини санча туриб: «Агар оламнинг куни сенларга топширилса, ер юзида ҳалоллик ҳам, вафо ҳам, меҳр-оқибат ҳам қолмайди.

Сенлар куртак очган ниҳолни синдириб ташлашдан, бойчечакми ё полапонларними аямай топташдан тоймайсанлар. Ҳатто бир-бировингни аямай янчасанлар.

Сенларнинг ҳузур-ҳаловатларинг шу янчишдан. Нима учун Ҳайдар кессагинг билан дўстсан, айтайми? Икковингнинг ҳалқуминг бир, нафсинг бир», деган, Асадбек бу ҳақиқатга қарши жўяли жавоб қайтара олмаган эди.

Агар Жалил Хонгирейни таниса, қилмишларидан хабар топса унга ҳам айни шу гапларни айтиб, балки ундан «Дунё ўзи янчиш учун яралган, сенинг узилиб тушган хазондай ҳам қадринг йўқ», деган жавобни эшитармиди…

Хонгирейнинг туриш-турмуши фақат янчишдан, ўлимга ҳукм этишдан иборатдир, дейиш ҳам инсофдан эмас. Бир куни Зелихон унга «Одам ўлдириш бўйича чемпион бўлмоқчимисан, сал орқа-олдингга қараб фикр қил», деб танбеҳ берганида у «Мен душманларимни ўлдиряпман, душманларим кўп бўлса мен айбдорманми?» деб ўзини оқлаган эди.

Отасини ерга топшириб қайтгач, ўлимга ҳукм этилувчи одамнинг унга душманлиги йўқ, аксинча садоқати мавжуд эди. Аниқроқ айтилса, тасодиф билан қўлга тушиб қолган йигитини қамоқдан қочишига ўзи ёрдам берган эди. Хонгирейни кутиб олган Маматбей қамоқдан қочган йигитнинг Москвага етиб келганини айтиб, «хабарнинг чаласи бор, уни ҳам айтаверайми?» дегандай унга қараб қолди.

— Яна нима дардинг бор, гапир, — деди Хонгирей.

— У бир ўзи қочмабди, шериги бор, — деди Маматбей.

— Ким?

— Танимайсиз, мен ҳам танимайман.

— Ким деяпман?! — Бу сафар Хонгирей зарда билан сўради.

— Ментлардан экан.

— Нима билан ўтирибди?

— Зўрлаш.

— Шу ёққа бошлаб келибдими?

— Йўқ. Бирга қочиб чиқишгану Тюменда ажралишган.

Хонгирей унга қовоқ уюб қаради-ю, бошқа гап айт-мади. Идорага келишганда Маматбей узилиб қолган суҳбатни давом эттирди:

— Айтишича, мент яхши йигитга ўхшайди. Хизматга олсак ҳам бўлармиш.

— Шунақами? — Хонгирей сигарет тутунини юқорига қараб пуфлади-да, кулини ёнида ўтирган Маматбейнинг тиззасига қоқди. Хўжайинининг кайфияти бузилганини сезган Маматбей кулни қоқишга шошилмади. Тағин ҳам Хонгирей ҳозир унга нисбатан марҳамат қилди. Агар сигарет чўғини юзига босганида ҳам Маматбей чурқ этмасдан ўтирган бўларди.

— Демак, хизматга оладиган бўлиб қолибсанлар-да, а? — деди Хонгирей, — Балки унга тож ҳам кийдириб қўйгандирсан?

— Мен унақа демадим, — Маматбей ўзини оқламоқчи бўлди.

— Ақлинг занглабди, — деди Хонгирей, — у аҳмоқ сенга тавсия этибди, сен аҳмоқ эса бир шилта ментни хизматга олиш мумкин, деб ўтирибсанми? Қачондан бери ментларни хизматга оладиган бўлиб қолдик?

— Ахир…

— Нима, «ахир»? Гапир!

— Ментлар хизматимизни қилишади-ку?

— Ростданам ақлинг занглабди. Ментлар бизга хизмат қилишмайди, мен уларни хизмат қилдираман. Фар-қи борми? Сен хизматга лойиқ кўраётган мент қамалмасдан аввал нега келмади? Қамалиб, шилтаси чиқиб кетгандан кейин ақли кирибдими? Сен шунга ишон-япсанми? Ичимизга кириб олиш учун қилинаётган найранг бўлса-чи?

— Мен ҳам шуни ўйладим.

— Ўйлаганинг йўқ, ўйлаганингда менга айтмас эдинг. МУР* даги Рушайло хизматимизни қиладиган бўлди, десанг ишонардим ўйлаб иш қилишингга, — Хонгирей шундай деб мулозимининг тиззасига яна сигарет кулини тўкди.

Маматбей хўжайинининг ҳовури пасайишини кутгандай сабр қилиб, сўнг сўради:

— Бола нима қилсин?

— Мент билан бирга бўлганнинг қисмати бир: энди унинг яшашга ҳаққи йўқ.

— Балки…

— Нима, «балки»? Қонунни ўзгартирмоқчимисан? Гапир!

— Қонун ўзгармайди. Жойига қайтариб қўя қолайлик. Тинчиса ўша ерда тинчийди.

Лагер телетайпига қўямиз.

— Мужмаллик қилма.

— Красноярдаги иш яхши бўлди. Лекин у ердагиларга яна битта ваъдамиз бор.

— Қанақа ваъда?

— Биз уларга иккита курер рўпара қилишимиз керак эди.

— Буни биламан. Лекин кетма-кет юборилади, де-йилмаган. Орада ўзимиз ҳам иш қилиб олишимиз керак.

— Ишни бошладик. Ҳозир Красноярда бизга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Ментлар ваъдада туришибди.

— Уларга қаттиқ ишонворма. Эҳтиёт бўл. Молни фақат Ҳайдар орқали юбор. Кетса ўша кетсин, бу томонларга кавлаб келишмасин. Ҳайдарнинг юриш-туриши қанақа?

— Сиз ўйлагандай. Селимга тоқати йўқ, лекин сир бой бермаяпти. Фақат… Асадбек билан муносабатига тушуниш қийин. Асадбекнинг осонгина четга чиқиши менга ёқмаяпти.

— Бек ақлли одам, ўғилларини ўйлайди, болаларининг гаровда эканини яхши билади. Лекин… пайт пойлайди. Индамай кетаверса мен уни ақлли демас эдим. Лекин… ақлли одамнинг узоқ яшаши ҳам дуруст эмас. Шуни Ҳайдарга яхшилаб тушунтириб қўй. Бу ёғини ўзи эпласин, эплолмаса Селимга қўйиб берсин, унга шундай де, — Хонгирей сигарет қолдиғини унга узатди-да, ўрнидан туриб керишди.

Маматбей тиззасидаги кулни эҳтиётлик билан кафтига олиб кулдонга ташлади.

— Ҳайдар таъзияга келмоқчи эди, жойингда ўтиравер, дедим. Фотиҳага келиб-кетишмаса тинчишмайди, уларнинг одати шунақа.

— Одатини уйида қилаверсин. Айтиб қўй: бу томонларда умуман ўралашмасин. Керак бўлса ўзим чақираман. Сен эса бугун мени Марказий банкдаги одам билан учраштирасан. Ишни чўзиб юборди. Уни «Лебединая песня»га олиб бор.

— У ер унча тўғри келмас дейман. «Пекин»* га та-йинлаб қўйсак-чи?

— Йўқ. Бегона кўзлардан холироқ бўлсин.

Маматбей бошқа эътироз билдирмади. Телефонда ким биландир гаплашди-да, Хонгирейга қараб елка қисди.

— Бугун иложи йўқ экан, хотинининг туғилган куни эмиш.

— Шунақами? — Хонгирейнинг кўзларида чўғ ялтиллади. — Қаерда нишонлар экан, бил-чи, балки бизни ҳам таклиф қилар, а? Шундай тантанадан қуруқ қолмайлик.

Маматбей хўжайинининг хаёлида бир режа туғилганини фаҳмлади.

Хонгирей кейинги пайтларда омади юришаётганидан қувониб, қадамни янада каттароқ ташлашни мўлжаллаётган эди. Хонгирей «Шахсий банк очмоқчиман, номи «Гирей хон» бўлади», деганида Маматбей «Княз, банк ишончсиз нарса», деб ажабланган эди.

Банкнинг ишончсиз экани Хонгирейнинг ўзига ҳам яхши маълум. Шу пайтга қадар омонат кассага сариқ чақа ҳам қўймаган. Чангалига тушган одамларнинг уйидан жамғарма дафтарчаларини олганда уларнинг лақмалигидан куларди. Ярим йилча муқаддам бир иқтисодчи банкдан олиниши мумкин бўлган фойданинг миқдорини айтганда Хонгирей бу ишга қизиқиб қолди. Мўлжалича, узоғи билан икки ой ичида ҳал этилиши лозим бўлган ишнинг ярим йилга чўзилишига бошқа тоқат қилолмади. Айниқса ҳар бир ҳужжатдаги имзо учун ҳақ тўлаш унинг иззат-нафсига тегарди. «Куч билан битадиган иш учун ҳақ тўлаш аҳмоқликдир», деб сўкинарди. Сўкинарди-ю, куч ҳамиша ҳам натижа беравермаслигига ақли етиб, ўзини тиярди. Оқим асосий тўғонлардан бирига келиб тўхтаганда унинг тоқати тоқ бўлди. Маматбей хўжайинининг калласига қандай шумлик келганини билмасди, билганида ҳам тўхтатишга қурби етмасди. Чунки Хонгирей худди Ҳосилбойвачча каби ёнидагилардан маслаҳат сўрарди-ю, лекин ўз билганидан қолмас эди. Байгилдин — устоз, Мамат- бей — яқин ёрдамчи ҳисобланганлари билан вазифалари буйруқни бажариш, амрга сўзсиз итоат этишдан иборат эканини яхши билардилар.

Маматбей хўжайинининг амри билан туғилган кун нишонланадиган жойни аниқлагач, белгиланган вақтдан ярим соат аввал «Прага» ресторанига келдилар. Хонгирей йигирма кишига мўлжалланган дастурхонга кўз югуртириб, яна ўн стул қўйишни, дастурхон устини янада тўкинроқ безашни буюрди.

— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Хонгирей буйруқни бажаришга шошилмаётган ресторан хўжайинига қараб.

— Тушундим, — деди ресторан хўжайини, — лекин… эгалари норози бўлишармикин?

— Эгалари деганинг банкдагиларми?

— Улар меҳмонлар. Дастурхонни «Орхидея» буюрган. — Ресторан, хўжайини «шуни ҳам билмайсизми?» дегандай қараб олди. Хонгирей ўз навбатида худди шу савол назари билан Маматбейга қаради. Маматбей «хабарим йўқ эди», деган маънода елкасини қисди.

Темир буюмлар сотиш билан шуғулланадиган бу фирма Хонгирейга маълум эди. Бугай лақабли ўғрибоши касбини ўзгартириб, савдо фирмаси ташкил этаётганида Хонгирейнинг маслаҳатини, аниқроқ айтилса, розилигини олган эди. Тўда кичикроқ, кучсизроқ бўлгани сабабли Хонгирей уларга тўсиқ ясамади. «Прага» ресторани кўп йиллардан бери Бугай ихтиёрида экани, унга чўтал тўлаб туришини ҳам яхши биларди. Маматбей туғилган кун «Прага»да нишонланишини айтганда «бу тасодифми ё Бугай билан алоқаси борми буларнинг» деб ўйлаганди. Ресторан хўжайинининг гапидан кейин буйруғини бекор қилиб, ўзи учун ҳозирлаб қўйилган жойга бориб ўтирди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...