Андижон вилоят ҳокими собиқ шаҳар ҳокими ҳақида: Бу болани жуда кўп огоҳлантирганман. Қадамингни ўйлаб босгин деганман

0

26 август, душанба куни, Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев лавозимидан озод этилганлиги маълум қилинди.

Сессиясида иштирок этган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов собиқ ҳоким ишига баҳо берар экан, уни кўп марта огоҳлантирганини таъкидлаб ўтди.

— Бу болани жуда кўп огоҳлантирганман. Қадамингни ўйлаб босгин деганман. Йўқ, ўз билганидан қолмади. Мана қўлимда унинг қандай ишлаганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Шаҳардаги қилиниши зарур бўлган ишлар кўпайса кўпайди камаймади, — деди вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Шундан сўнг вилоят раҳбари унинг ўрнига 2018 йил февралидан буён вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Баҳромжон Ҳайдаров Носирбоевич вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида таништирди, дея хабар қилди «Дарё».