АЁЛ ЭР ЯҚИНЛАРИНИ ҲУРМАТ ҚИЛМАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

0

Эр-хотин суҳбатлашиб ўтирар эканлар гап орасида эр хотинига:
– Яқинларимни, ака- укаларим, жиянларимни соғиндим. Сиздан илтимос Хоним, эртага ширин овқат пишириб, дастурхон безасангиз. Бугун уларга қўнғироқ қилиб таклиф қиламан. Йиғилмаганимизга ҳам анча бўлибди, – дебди.

Аёл норози оҳангда, хушламай:
– Майли келаверишсинчи, Худо хоҳласа бир гап бўлар! – дебди.
Эри:
– Ундай бўлса, уларни эртага чақираман… – дебди.
Тонг отибди. Одатдагидек эр ишга кетиб, соат 13:00 да эса, уйга етиб келибди.
Аёлидан:
– Тушлик учун дастурхон тайёрми? Яқинларим бироздан сўнг келиб қолишади? – деб сўрабди.
Аёл:
– Йўқ, тайёрламадим. Бегона эмаслар – ку, яқинларингиз ахир, уйдаги бор нарсадан еяверишади, – дебди.
Эр:
– Аллоҳ сизни кечирсин, Ҳоним! Нима учун бирон нарса пишириш ниятингиз йўқлигини кеча айтиб қўймадингиз, ҳозир келиб қолишади нима қиламиз энди?! – дебди.
Аёл:
– Уларга қўнғироқ қилиб келмасликларини айтинг, узр сўранг, вассалом. Ахир бегона эмаслар, сизнинг яқинларингиз-ку? Тўғри тушунишади! -дебди.
Эр ғазабланиб уйдан чиқиб кетибди. Бир неча дақиқа ўтар – ўтмас эшик тақиллабди. Аёл бориб эшикни очиб, ҳайратдан донг қотибди!…

Чунки қаршисида ўзининг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, жиянлари турар эдилар.
Отаси қизидан:
– Куёвим қани? – деб сўрабди.
Қизи:
– Бироз олдин чиқиб кетувдилар… – дебди, зўрға.
Отаси:
– Кеча эринг бизларни бугунги тушликка таклиф қилганди. Барака топгур, бизларни чақириб ўзи кетиб колдими, а? – дебди.
Аёлни чақмоқ ургандек бўлибди. Терлаб кетган қўлларини бир-бирига ишқалар экан, ўйлай кетибди: «Ахир уйдаги нарсалар билан яқинларини кутиб ололмайди, йўқ-йўқ уларга тўғри келмайди! Эрининг яқинларига бўлаверади – ю лекин, ўзининг уйидагиларига бўлмайди ахир… Қандай қилиб уларга оддий, кўримсиз дастурхон қилиши мумкин?»
Аёл эрига қўнғирок қилиб:
– Нимага тушликка менинг яқинларимни чақирганингизни айтмадингиз? – дея сўрабди.
Эри:
– Менинг яқинларимми, сизникими нима фарқи бор? – дебди.
Аёл:
– Сиздан ўтинаман Ҳожам! Уйда тайинли нарса йўқ, овқат қилмаганман. Бирон – бир тайёр таом келтира қоли-и-инг… – дебди.
Эри:
– Мен ҳозир уйдан узоқдаман. Устига – устак улар бегона эмас «сизнинг яқинларингиз»! Уларга ҳам менинг яқинларимга бермоқчи бўлганингиз, уйдаги бор нарсалар билан меҳмон қилақолинг!
Токи бу сенга дарс бўлсин. Менинг яқинларимни ҳам ҳурмат қилишни ўрган! – дебди.

loading...