ШАЙТАНАТ… (147-қисм)

0

 

 

* * *

 

Отаси бу хотинга уйланган кезлари икковини лаънатлаб юрганини эслади. Унинг назарида отаси уйланиб, онасининг руҳига улуғ хиёнат қилган эди. Отаси кўз очиб кўрган аҳли аёлининг хотираси олдида ўзини гуноҳкор деб биларди, бироқ дардини ичига ютарди. Ўгай онаси эса йигит ёшига етиб, қамоқхонанинг шўр шўрвасини тотиб кўрган ўгай ўғли ҳузурида ўзини ноқулай сезарди. Шу сабабли эр хотин Жамшиднинг бевош юришларидан норози бўлишса-да, танбеҳ беришмади, тўғри йўлга тортишга уринишмади. Кўнгли яримта ўғилнинг кўнглига қарашга мажбур бўлишди. Жамшидни ўз ҳолига қўйиб беришларига яна бир сабаб бор эди: улар «Қамалиб чиққан йигит тамоман бузилиб бўлган, унга насиҳат кор қилмайди», деб ўйлашарди. Кунларни, ҳафталар, ойлар, йилларни бу эр-хотин бир-бирига суянган ҳолда ўтказишди.

Хонгирейнинг ҳузуридан қайтганидан сўнг Жамшидда яхшилик томонга ўзгариш сезилди. У отаси ва ўгай онасининг ёлғизликдаги ҳаётини ҳис қилди. Айниқса тўшакка михланган беморга ўгай онасининг меҳрибонлиги уни лол қолдирди. Отаси бу хотинга ёшлик чоғида беқиёс муҳаббати туфайли уйланиб, узоқ бахтиёр йилларни биргаликда ўтказса ҳам бу вафога ажабланмаса ҳам бўларди. Ўлган хотиннинг ўрнига хотин, бевош болага ўгай она бўлиб кириб келган эди бу хонадонга. Соғлом эр билан қанча яшади, неча йилдан бери касал боқади? «Тузалмас касал эрни бошимга ураманми?» деб ташлаб кетиши мумкинмиди? Ахир ўртада фарзанд йўқ, эҳтиросли аҳду-паймон, қолаверса, мол-мулк йўқ-ку? Уни нима ушлаб турибди?

Жамшид бу саволга аниқ жавоб бера олмасди. Чунки у ҳеч қанақа ўлчови йўқ меҳрмуҳаббат, одамийлик, вафо деган фазилатнинг моҳиятини англай олмасди. Кейинги пайтларда ўгай онасини кузата туриб «ойим тирик бўлсалар ҳам адамга шундай қарардилар», деган хулосага келиб, ўгай онасига муносабати ўзгарди.

Ҳозир кузатиб чиққан ўгай онасининг дардли боқишига парво қилмай кета олмади.

«Кўнгиллари бир нимани сездими?» деган ўй хаёлига келиб юраги «шув» этди. «Нега икки кундан кейин олиб кетишим керак? Ҳозир-чи?» деган хаёлда машинадан тушди.

— Ҳозир кета қоламиз, — деди Жамшид, — мен дўхтирга учрашиб чиқаман, сиз тайёрланиб туринг.

Отаси бир ҳафта уйда бўлса, йигирма-ўттиз кун касалхонада ётарди. Уни ҳозир олиб кетишга чоғланган Жамшид «Бўлди, энди бу ёққа олиб келиш йўқ, дўхтирлар уйга бориб боқишади», деб қарор қилди.

 

***

 

Жамшид отасини уйга қўйиб, кўчага чиқаётганида ўгай онаси уни остонада тўхтатди:

— Жамшиджон, — деди у синиқ овозда, — Худодан умидимиз кўп-ку, лекин… узоқ қолиб кетманг.

Жамшид тушунди. «Хўп» демоқчи эди, томоғига нимадир тиқилиб бош ирғаб қўя қолди. Қозихонага боришга оёғи тортмаса ҳам, ортиқча гап кўпаймасин, деган фикрда амрни бажарди. У қозихонага кирганда Кесакполвон ёнбошлаб олиб нок еяётган эди. Қозининг яқинида турган коняк шишасининг ҳали яримламаганига қараганда янги хожанинг маишатга кўнгли йўқроқ эди. Жамшид киргач, Кесакполвон «Кел» ҳам демади, «Бунча узоқ қолиб кетдинг?» деб гина ҳам қилмади. Жамшид ўтиргач, Қозига қараб:

— Ошнангга бақувват қилиб қуй. Ҳозир у тўйбоши, чарчагандир, — деди.

Жамшид бу гап замирида пичингни сезмагандай ўнг кафтини кўкрагига қўйиб, қуллуқ қилди. Қози кон-як қуйиб узатган пиёлани қўлга олиб «ёлғиз ўзим ичаверайми?» деган савол назари билан хожасига қаради. Кесакполвон «бирга ич» деган маънода Қозига ишора қилгач, икки оғайни акахонларининг саломатликлари учун бўшатдилар. Кесакполвон нокни еб бўлиб, лабини сочиқ билан артди.

— Сен бола, у ёқларга бориб келганингдан ке- йин айнидинг. Айниганингни ўзинг ҳам сезасанми? — деди у.

Жамшид унинг ўткир нигоҳига дош беролмай ерга қаради.

— Гапирмайсанми? — деди Кесакполвон зарда билан.

— Агар хато қилган бўлсам… айтинг. Хатоларимни айтиб-айтиб тарбия қилгансиз.

— Сени Маҳмуд тарбиялаган. Маҳмуд аканг киндигини ўзи кесганлардан эди, ҳамма ақл ўшанда, баъзан ақли тошиб ҳам кетарди. Сенам акахонингга ўхшагансан. Сени, одам бўлармикин, деб ўлимдан олиб қолган эдим. Сен нимангга кериласан?

Жамшид бош эгиб, индамай ўтираверди. Кесакполвон аламдан чиқиш учун сўкишни бошлаганда ҳам бошини кўтармади. Фақат онасининг номи ҳақоратга қўшилганида бир сесканди-ю, бу жиккак одамчани янчиб ташлагиси келди. Сўкишлар поёнига етгач, туҳмат саройининг дарвозалари очилди.

— Мен сенга бир иш буюрувдим, «ҳа» ҳам демадинг, «йўқ» ҳам демадинг, а? Ё эсингдан чиқдими?

Бу саволдан сўнг Жамшид бош кўтарди:

— Қайси иш эди?

— Ҳалимни текширишинг керакмиди?

— Ҳа.

— Хўш?

— Ҳали тагига етолмадим. Гапларидан милисага ўхшайди, лекин милисанинг идорасидаги рўйхатда бунақа номдаги одам йўқ. Агар милиса бўлганида ҳам бизнинг ичимизда бошқача номда юргандир?

— Мен сенга нима деб буюрувдим?

— Милисанинг одами бўлса ўлдир, девдингиз.

— Ўлдирдингми?

— Йўқ.

— Унда қаёққа ғойиб бўлди?

Жамшид Қозига қарашдан ўзини аранг тутиб қолди. Қози Жамшиднинг Ҳалимжондан гап очиб суриштирганини хожасига етказгани аниқ. Агар ҳозир унга ялт этиб қараса, фош бўлиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун ҳеч нарса билмагандай:

— Уч-тўрт кундан бери кўринмай қолди. Уйидан хабар олайми? — деб сўради.

— Сен уни ё чўчитиб қўйгансан, ё қочириб юборгансан. Ахир икковингнинг устозинг бир-ку, а?

— У кўринмай қолганига…

— Хўш, гапиравер, ичингда қолмасин.

— Сизми ё Бек акамми иш буюргандирсизлар, деб ўйловдим.

— Мен унга ҳечам иш буюрмаганман. У милисанинг одами эди, кўнглим сезиб турарди. Сен уни қаердан бўлса ҳам топасан.

— Хўп…

Жамшид шундай деб қутулмоқчи эди, бўлмади. Кесакполвон навбатдаги арининг уясини кавлади:

— Бек акангни нима учун бу ерга бошлаб келдинг? Бу сен аралашадиган ишмиди?

— Мен тўғри уйга олиб бордим. Боланинг онаси кеннайимга арз-дод қилиб чиққан экан.

Кеннайим Бек акамга айтдилар. Кейин Бек акам бир пиёла чой ҳам ичмай бу ёққа юришни буюрдилар.

Кесакполвон Манзуранинг шунга ўхшаган гапини эшитгани учун бу ёлғонга ишонди. Лекин бўш келмади:

— Пул берган хунасанинг милисага борганини нега айтдинг?

— Чўтал кўпроқ бўлсин, девдим…

— Ўша пулнинг ҳаммасини бўйнингга илворсам нима дейсан?

— Хатойимга яраша жазоланг, майли.

— Сен шунақа мўминтойлигинг билан ҳаммани енгиб келгансан. Бу қилиқ менга ўтмайди, билиб қўй. Мен сени одам деб ёнимга олувдим. Ҳаммани ҳам яқинимга йўлатавермайман, биласан а? Ҳозир биз учтамиз. Учаламиз бир зўр иш қилишимиз керак.

Бек аканг биринчи галда мен учун азиз, кейин сенлар учун қадрли. Агар унинг сочидан бир тола соч тўкилса, менинг юрагимда битта томир узилади. Сочи оқариб кетганини кўрганимда мен ўлиб қолай дедим. Гапимга тушуняпсанми? Бек аканг билан орамизда хусумат йўқ. Фақат у ҳозир Хонгирейга ўчакишиб, янглишяпти. Биз уни эҳтиёт қилиб сақлаб қолишимиз керак. Адашган йўлидан қайтармасак ҳаммамизга ёмон бўлади. Шунинг учун ҳам мен унинг босаётган қадамини билиб туришим керак. Бек сенга ишонади.

— Тушундим, — деди Жамшид.

Жамшид шундай деди-ю, аммо аввал ҳам айтилган бу гапларнинг нима учун қайтарилаётганига тушун-мади.

— Менга қара, сен бундай санқиб юрма, Уйлан, уй-жой қил.

— Мен бопи учраб қолса, ўзингиз бош бўласиз.

— Энди ҳалол гапни айт: Зайнабни ёқтирармидинг? Ҳа, ёқтирардинг. Шунга уйлана қолмайсанми?

— Зайнабнинг эри бор.

— Эри ўлай-ўлай деб ётибди. Хоҳласанг эрталабгача ўлиб қолиши ҳам мумкин.

— Йўқ, ўлмасин, биз Зайнаб билан ака-сингил тутинганмиз.

— Зайнабнинг иккита акаси бор, сени бошига урадими? Сен бола, маҳмаданалик қилмагину, таклифимни ўйлаб кўр?

 

***

 

Кесакполвон Элчиннинг тақдирини ҳал қилиб, Зайнаб билан Жамшидга ўзича никоҳ тўнини бичаётганида Асадбекнинг уйида ўзгача масала ечилаётган эди.

Хуфтон намозини ўқиб бўлган Муҳиддин отанинг кўзлари уйқуга мойиллигини сезган Асадбек у билан узоқ суҳбатлашмай, ётоққа бошлади. Кейин елкасига тўнни ташлаб, ҳовлига чиқди. Кўзи беихтиёр болохонага қадалди. Кимсасиз болохона сўнаётган шоншуҳратининг рамзи сифатида кўзига хунук кўринди. Аста ўша томон юрди. Тепага кўтарилди. Чироқни ёқди. Тўртта каровот, ўртадаги хонтахта устида янги дастурхон.

Атрофида тоза кўрпача. Аввал бир чиққанида димоғига сигарет тутуни ҳиди урилиб, кўнгли айниганди. Ҳозир бундай ҳид йўқ… Енгил оёқ товушини эшитиб, ўгирилди. Хавотирланиб, эрининг изидан чиққан Манзура унсиз равишда «Адаси, нима бўлди, нега бу ёққа чиқдингиз?» деб сўради. Бу саволга Асадбек ҳам унсиз равишда «Сен нега орқамдан юрибсан?» деб савол билан жавоб қилди. Кейин «Ясатиб қўйибсанми?» деб сўради.

— Тўйда ётиб қоладиган меҳмонларга тайёрлаб қўйдим. Кўрпа-ёстиқларгача алмаштирдим, — деди Манзура.

Узоқдан келувчи биродарлар учун марказдаги меҳмонхонадан жой ҳозирлаб қўйилган, болохонага муҳтожлик бўлмаса-да, Асадбек хотинининг кўнглини кўтариш мақсадида:

— Яхши қилибсан, — деди.

— Адаси, қизингиз сўрашга уяляпти. Куёвингизни тўйга олиб чиқсакмикин?

Асадбек буни ҳам ўйлаган, Элчиннинг тўйда яримжон ҳолатида ўтиришини истамаётган эди. Бу хоҳишини хотинига ҳам, қизига ҳам билдиргиси келмай:

— Дўхтирдан сўраш керак, — деди.

— Дўхтири билан маслаҳатлашдик. Аравачага ўтқазиб олиб юриш мумкинмиш.

— Дўхтар билан гаплашдингми? Ишни пишириб қўйиб, энди мендан сўрайсанми? Менга деса, аравачада эмас, бошингга ўтқазиб олиб чиқ. Тўрга ўтқазгинда «шунақа ажойиб куёвим бор», деб мақтан.

Манзура айтган гапидан афсусланиб, пастки лабини тишлади-да, эрининг елкасини силаган бўлди:

— Адаси, дарров жаҳлингиз чиқмасин. Зайнабнинг ҳам кўнглига қарайлик-да.

— Зайнабнинг кўнглига?.. — Асадбек шундай де-ди-ю, жимиб қолди. Бу сукутдан фойдаланган Манзура Зайнабнинг кунда икки, баъзан уч марта касалхонага бораётганини, Элчиннинг жиянлари келгани, уларга жавобан «У менинг эрим, уни ўзим олиб чиқаман», деганларини айтиб берди. Бу гапларни эшитган Асадбек «Эрини ёмон кўрарди-ку? Энди Жамшиддан кўнгли совуб, унга муҳаббатли бўлдими?» деб ўйлади.

— Зайнаб бу ерда анча сиқилиб қолди, — деди Манзура. — Кеннайилари билан акалари кулишиб туришса унинг кўзларида ёш милтиллайди. Куёвингизни уйига олиб чиқсак…

— Тўйдан кейин, — деди Асадбек унинг гапини узиб. — Ҳозир олиб чиқсанг, ҳамма тўй ҳаракати билан овора бўлиб, қаровсиз қолади.

Онаси билан суҳбатлашганда Зайнаб «Элчин акам чиқмасалар мен тўй базмида нима қиламан? Бева хотинга ўхшаб шумшаб ўтираманми?» деган эди. Манзура эрига бу гапни айтай деди-ю, журъат этолмади.

Икковлари биргалашиб пастга тушиб, уйга кирдилар. Ўзининг хонасидаги деразадан ҳовлидаги ота-онасига қараб турган Зайнаб хўрсиниб қўйди.

Зайнаб нимани истаса онаси дарров рози бўлар, отасидан эса ижозат тегиши мушкул вазифа эди. Эрининг тўй базмига олиб борилиши бошқалар учун арзимас масала бўлса-да, Зайнаб учун ғоят муҳим эди. У тўйда хизмат қилиб юрган Жамшид билан рўпара келишдан ёки кўзлари тўқнашишдан қўрқарди. Яримжон эринниг ёнида ўтириши уни шайтон васвасасидан қутқарарди. Жамшид ўлдига чиқарилганида Зайнаб бир ўлиб, бир тирилувди. Ёшлик суруридан эсдалик бўлмиш бу йигит ҳовлида ҳар пайдо бўлганида у яна ўлиб, яна тирилаверди. Руҳи қайта-қайта азобланмоғи учун ҳам тирилаверди. Асадбек хотинининг гапларини эшитиб «Жамшиддан кўнгли қолибди», деб ўйлаб янглишган эди.

Ёшликка хос чин севгидан қутулиш мумкин эмаслигини у билмасди. Чунки Асадбек бу каби сурурли дамларни бошидан кечирмаган эди. Дунёда «муҳаббат» деб аталмиш илоҳий туйғу борлигини англаш ёшида фикру зикри қимор билан банд, унинг муҳаббати ҳам, садоқати ҳам ўшанда қимор эди.

Яқиндагина хаёлан Кумушбибига айланиб, ўз Отабеги билан бахтиёр бўлувчи қиз бахтини совуриб, жувонликнинг зимистон оламига ўтиб қолгандай эди. Бу оламда саодатдан умидвор қилувчи битта учқунни ҳам кўрмас эди. У энди Кумушбиби эмас, эртакдаги тош маликага айланиб қолишни истарди. Ўн йилми, юз йилми ўтгач, аслига қайтса, атрофидаги ғам-андуҳни кўрмаса… У баъзан бир ёрилтошга учрамоқни орзу қилади.

Суйгани билан ўша тошга борса-да айтса:

«Ёрилгин тош, ёрилгиней,

олгин бизни ўз бағрингга…»

Сўнг тошга айланиб яшасалар. Ўн йилми, юз йилми…

Шафқатсиз дунё, аламли дунё бу орзуларга йўл берармиди?

Ўн йилми, юз йилданми кейин бу дунё шафқатлироқ, бахтга мўлроқ бўлиб қолармиди…

 

***

 

Манзуранинг маслаҳати билан Абдулҳамид ҳам табибникига борадиган бўлди. Асадбек «узоқ йўлда уриниб қолармикинлар», деган ҳижолат билан Муҳиддин отани мужмалроқ оҳангда таклиф этган эди, у «биродаримни йўқлаб келай, бу ерда ўтириб нима қилдим?» деб отланди.

Манзилга етиб боришганда Абдураҳмон табиб уйда йўқ эди. Пешиндан кейин осмонда тоша бошлаган булут тўдалари бирлашиб, атрофни гўё зулумот қоплади. Сўнг изғиринли кучли шамол туриб дарахт шохларида қолган-қутган баргларни тортқилаб узмоқ истади.

Ке-йин ёмғир савалай кетди. Ниҳоят, баҳор фасли эканини унутган табиат хатоликка йўл қўйди: лайлакқор ёға бошлади.

Эгасиз уйга киришни беодоблик санаб, барчалари машинада ўтирдилар. Қор ёғиши авжга чиққан маҳалда муюлишда Абдураҳмон табиб кўринди. У дарвозаси қаршисидаги машинани кўриб, ажабланди. Машина эшиги очилиб Муҳиддин ота кўрингач, совуқда қизарган юзларини хурсандчилик ели силаб ўтди.

Ичкари кириб ўтиришгач, хайрли дуодан сўнг Абдураҳмон табиб ўрнидан туриб, қўл қовуштирганича «Хуш келибсизлар» деди. Унга жавобан аввал Муҳиддин ота, сўнг бошқалари ҳам туриб «хушвақт бўлинг», дедилар.

— Биродар, сиз мени анча ҳижолатга қўйдингиз, — деди Абдураҳмон табиб, барча ўтириб, жойлашиб олгач. — Эшигим очиқ бўла туриб кўчада кутганингиз камина учун иснод.

— Тақсир, довруғи етти иқлимга кетган сиздек мўътабар зотни озгина кутсак кутибмизда, — деди Муҳиддин ота ҳилмлик билан.

— Ҳай, ҳай, биродарим, бундай гапларни сира айт-манг. Банданинг мақтовлардан йироқ эканини аввал келганингизда сезмабмидингиз?

— Сезиш нима экан, кўриб-билганман. Сизни ўйласам ҳукамолардан мерос бир ривоят ёдимга тушаверади. Буни сиз биларсиз, ўрни келиб қолди, бу иниларимизга ибрат сифатида айтайин.

Абдураҳмон табибнинг набираси дастурхон, катта патнисда мева-чева кўтариб киргани учун бир оз сукут сақланди. Дастурхон ёзилиб, патнис жойига қўйилгач, Муҳиддин ота гап бошлади:

— Амал қилгувчи амалида қўй боқувчидан ўрнак олуви лозим экан. Ахир қўй боқувчи, агар намоз ўқиса, қўйларидан намозига мақтов олишни ўйламайди-ку? Худди шунга ўхшаб, амал қилувчи инсонлар унга қарашларини кўнгилга келтирмасликлари лозим.

Инсонлар олдида ва ёлғиз қолганида ҳам Оллоҳ таоло учун бир хил тарзда амал қилади.

Инсонларнинг мақтовини талаб этмайди. Тақсиримда мен шундай фазилат кўриб, ўргандим.

Шоядким, Яратган тангрим мўъминлар қаторида бизларни ҳам жаннат аҳлидан қилса…

— Оллоҳ Адн жаннатини яратиб «Гапир» деб амр қилганида жаннат тилга кириб уч марта «Мўъминлар нажот топади», деб сўнг эса «Мен бахилга, мунофиққа, риёкорга ҳаромман», деган экан. Одам фарзанди шунга кўра яшаса, инша Оллоҳ, нажот топар. Мен Яратгандан ихлосимга қувват сўрайман. «Ихлос нима?» деб савол берилганда донишманд «Одамлар сени мақташларини севмаслигингдир» деб жавоб берган экан.

— Кун ўтган сайин Оллоҳнинг раҳматига бориш онларини кўпроқ ўйларкансан киши.

Саҳобалар Расулуллоҳдан «Биз ҳаммамиз ўлимни нега ёмон кўрамиз?» деб сўрашганида Набий алайҳиссалом дебдиларки: «Бу ёмон кўришлик эмасдир. Агар мўъмин киши ўлим тўшагида ётган бўлса, Оллоҳ таоло унинг ҳузурига яхшилардан бўлиб қайтишлиги ҳақида ўша бандага хушхабар келади ва унга Оллоҳ дийдоридан яхшироқ бирор нарса бўлмайди ва Оллоҳ ҳам уни учратмоқни яхши кўради. Агар фожир ёки кофир ўлим тўшагида ётган бўлса, Оллоҳ таоло учун ёмонлардан бўлганлиги, ёмонлардан ҳисобланганлиги айтилиб, қўрқитиб, огоҳлантириш келади ва у Оллоҳ билан бўладиган учрашувни ёмон кўради. Оллоҳ ҳам у билан кўришмоқликни хоҳламайди…»

— Муҳиддин ота шундай деб бир оз тин олдида, кейин умидли оҳангда фикрига якун ясади: — Оллоҳ шунақалардан қилмасин бизларни…

Набира кириб чойнак-пиёлани бобосининг ёнига қўйди. Абдураҳмон табиб чойни қайтариш учун қўлига пиёла олганида Асадбек «Чойни сен қуй», деган маънода ўғлига ишора қилди. Абдураҳмон табиб «менга бера қолинг» деган йигитнинг раъйини қайтармади. Чой қуйилиб, бир ҳўпламдан ичилгач, Асадбек муддаога ўтай деганида табиб ўзига хос босиқ оҳангда сўз бошлаб, Муҳиддин отанинг фикрини давом эттирди:

— Мени бир нарса ажаблантиради: бегуноҳ ҳам — гуноҳкор ҳам, Худога, унинг жаннати мавжудлигига ишонувчи ҳам — ишонмайдиган ҳам ўлимидан сўнг жаннатдан жой тегишини истайди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...