ҚАСОС…

0

 

 

***

 

Чоршанба куни эди. Аниқроғи, бу кун ҳам тугаб, аллақачон атрофни зулмат эгаллаб олганди…

Шу кеча обрўли идоралардан бирида котиба бўлиб ишловчи Катя Афонинанинг ҳам вақти чоғ эди. Идораларининг ҳисоб рақамига кутилмаганда қаердандир катта пул келиб тушибди. Ҳамма ходимларга навбатдан ташқари мукофот пули тарқатишди…

Катя аслида бобоси билан туради. Ота-онаси бола эканида ўлиб кетишган…

Катя оғзи қулоғида ўзи яшайдиган уйга яқин келди. Шу пайт юқоридаги балконларнинг бирида уч йигит турганини кўриб қолди. Бу йигитларни яхши танирди. Бири Игор, иккинчиси Вадим, кейингиси Борис. Уларни деярли ҳар куни автобус бекатида кўради.

— Ана, келди! — деди Игор ёнидагиларга. — Қара, жа кетворган-а қурмағур?..

— Тўғри айтасан, — қўшиб қўйди Вадим. — бунақаси кам бўлади…

— Салом, Катя! — қиз қўшни йигитларнинг қичқириғини эшитиб кулиб қўйди.

— Салом!..

— Илтимос, Катя, бир дақиқага тўхтаб туринг! — дея бақирди Игор. — Ишим бор эди сизда.

— Бўпти…

Катя қўлидаги майда-чуйдалар тўла сумканиерга қўйиб Игорнинг пастга тушишини кута бошлади…

— Кутдириб қўймадимми? — майин жилмайиб қизга боқди Игор.

— Йўқ, дарров тушдингиз-ку!..

— Биласизми, бугун менинг туғилган куним. — давом этди Игор.

— Табриклайман!

— Раҳмат… Биласизми, гап шундаки… Сизни таклиф этмоқчийдим… Агар кирмасангиз, хафа бўламан…

— Вой, нега? — ажабланди Катя.

— Чунки туғилган куним сизсиз файзсиз кечади, ишонаверинг!.. Илтимос, йўқ деманг!..

Катя ўйланиб қолди. Илгари умуман гаплашмасди бу йигит билан. Тўсатдан туғилган кунига таклиф қилиши…

— Қандай бўларкин? —елка қисиб сўради Катя. — Уйингизга ҳеч қачон кирмаган бўлсам…

— Нима қипти?.. Энди кирасиз… Қўрқманг, уйда фақат дўстларим Вадим билан Борис бор холос… Ярим соат ўтириб чиқмасангиз бўлмайди, Катя!..

— Майли…

— Унда, келинг, бира тўла сумкангизниям олиб кираверасиз… Чиқиб кетаётганингизда ўзим элтиб бераман…

 

***

 

Қоронғида пайқамаган экан. Йигитларнинг ҳаммаси маст эди. Стол устида яримлаган ароқ, газаклар турибди…

Катя қимтинибгина стол қаршисига ўтирди. Йигитлар ҳамон уни зимдан кузатишарди. Уч йигитнинг ўткир нигоҳи қизни бошини кўтариб бемалол ўтиришга қўймасди.

— Қани, қадаҳларни олайлик! — Игор Катяга ҳам ароқ қуйиб узатди.

— Йўқ, мен ичмайман! — деди қиз бош чайқаб. — Яхшиси, минерал сувингиз бўлса бера қолинг!

— Ие, — гапга аралашди Вадим. — бу нимаси, яхши қиз!.. Хафа қилманг-да!.. Майли, ичмасангиз ҳам ҳеч бўлмаса уриштириб қўярсиз…

Катя ноилож қадаҳни қўлига олди…

Шу аснода ярим соат ҳам ўтди. Йигитлар бири қўйиб бири хушомад қилар, Катя барчаларига майин жилмайиш билан жавоб қайтара оларди холос…

— Бир дақиқага мумкинми сизни? — Бир маҳал Игор ўрнидан туриб Катянингелкасидан тутди. — Зарур гапим бор эди…

— Шу ерда айтаверинг!

— Йўқ, бу ерда айтиб бўлмайди…

Содда қиз итоаткорона йигитнинг кетидан эргашиб ётоқхонага кирди. Кирган заҳоти эшик қулфланди.

— Нега эшикни қулфладингиз? — безовталаниб сўради қиз. — Айтинг, нима ишингиз бор ўзи?..

Игорнинг кайф тўла кўзлари баттар қисилиб Катяга яқин келди ва икки елкасидан ушлади.

— Қани,ечин, ойимқиз!..

— Нима? Бу нима деганингиз? Қўлингизни тортинг мендан!.. Ҳозир бақираман!.. Қўйворинг!..

— Шунақами? Бақирасанми?.. Бақир!.. Ким сенга ёрдам беради?.. Кел, қайсарлик қилма!.. Тезда бўлади… Қани,ечинақол!..

Йигит куч билан Катяни каравотга босиб олди. Энди у барваста Игорнинг остидан умуман чиқиб кета олмасди…

Кейинги манзаралар эса, аввалгисидан ҳам баттар эди. Нафсини қондириб пишиллаганча ошхонага йўл олган Игорнинг кетидан қолган икки улфати ҳам ётоққа кириб келишди…

 

***

 

— Уйига етиб олармикан? — хавотир аралаш Игордан сўради Вадим подезд деворини ушлаган кўйи базўр юқорига кўтарилаётган Катядан кўз узмай.

— Етади. Етмай қаерга борарди…

— Ишқилиб сотиб қўймасин-да! — деди Борис. — Лекин жа кетворган экан… Алдамабсан, Игор!..

— Худойим, сенга нима бўлди? — Неварасининг ранглари оқариб кетганини кўрган қария Катяни суяб ётоғига олиб кирди. — Ким сени шундай аҳволга солди? Қара, лабларинг қонабди!..

Катя йиғлаб юборди. Қария неварасининг эгнидаги кўйлак тугмалари ечилиб қолганини кўрди-ю, ҳаммасини тушунди. Муштлари тугилди. Ғазабдан лабларини асабий тишлай бошлади.

— Ким сени бу кўйга солди? — қайтадан сўради у.

— Игор…

— Қайси Игор?

— Иккинчи қаватда турадиган…

— Анави баланд бўйлими?

— Ҳа, ёнида шериклариям бор эди…

— Сен уникига нимага кирдинг?..

— Алдашди… Туғилган кунга деб қўймай олиб кириб кетишди…

Қария неварасини каравотга ётқизиб секин балконга чиқди ва қўлига болтани олди… Ҳозир шу қадар асабий эдики…

Бироз ўйланиб тургач, ортга қайтиб ўз хонасига кирди ва стол қаршисига чўкди… Шу тобда телефонга кўзи тушиб қолди. Даст ўрнидан туриб гўшакни кўтарди-да, керакли рақамларни терди.

— Алло, Лёшамисан?

— Ҳа.

— Бу мен, Лёша!..

— Ие, Иван Фёдорович, нима, уйқу келмаяптими?

— Лёша, илтимос, бизникига киргин!

— Ҳозир-а?.. Бўпти, ҳозир кийиниб чиқаман!..

Лёша деганлари участка нозири эди. Қарияни бошқалар сингари ҳурмат қиларди.

— Хўш, нима бўлди? — сўради у ичкарига кирибоқ.

— Биласанми… Ҳозиргина неварам Катяни учтаси баравар зўрлабди… Ўлдириб қўяёзишибди ярамаслар.

— Нима? — ўрнидан туриб кетди Лёша.

— Ўзингни бос!.. Мен ҳам ҳозиргина қўлимда болта билан уйни айланиб чопаётгандим… Фақат Катяни ёлғиз қолдиришга қўрқдим…

— Ким экан улар?

— Анави… Иккинчи қаватда турадиган Игорни биласанми?.. Савдогар-чи!.. Ёнида икки нафар ҳамтовоқлариям бор экан…

— Шунақа денг? — муштларини тугди нозир. — Шунақа денг?.. Катянинг ўзи қани?

— Ваннахонада.

— Нима?.. Нима қилади ваннахонада?

— Чўмилаяпти-да!.. Ё ўша маразларнинг ифлосини ўзи билан олиб юрсинми?

— Э, қария, ахир экспертизага олиб бориш керак эди уни!.. Ҳозир ҳамма изларни ювиб ташлайди-ку!.. Бўпти, энди гап бундай… Уйдан ҳеч қаерга қимирламанглар! Мени кутинглар! Катя ваннахонадан чиқса, ўтириб ариза ёзсин!

Қария беихтиёр йиғлаб юборди.

— Лёша, тушун, улар нафақат неварамни, мениям зўрлашди… Қара, юзларим ёнаяпти, азойи баданим титраб кетаяпти! Қандай чидайман бу кўргуликка?..

— Ўзингизни босинг, — Иван амакини юпатди Лёша. — ҳаммаси яхши бўлади…

Участка нозири Катяни болаликдан танийди. Бир подездда катта бўлишган. У Лёшадан ўн ёш кичик бўлса-да, кўча-кўйда кўришиб қолишса, бемалол ҳазил-ҳузул қилиб кетаверишади. Ўртадаги ёш бу нарсага сира халал бермайди…

Лёша қариядан бу хунук хабарни эшитгач, кимдир миясига оғир нарса билан ургандек бирпас довдираб қолди. Ҳатто, ишни нимадан бошлашни била олмай ҳалак бўлди. Хўш, уйга чопиб формасини кийиб чиқсинми, ё шу кийимда бўлимга йўл олаверсинми?.. Йўқ, яхшиси, уйга киради-да, биратўла тўппончасини ҳам олади…

Милиция бўлими икки квартал нарида эди. Лёша машинасига ўтириб беш дақиқа деганда у ерга етиб борди…

— Демак, бундай қиламиз, — дея Лёша билан бирга йўлга чиққан капитан Пашутин уқтира кетди. — агар ўша ярамаслар жойида бўлса, ҳар бирини алоҳида хонага қамаймиз…

— У уйда сен айтганчалик хоналар кўп эмас.

— Нега бўлмас экан? Бўлади. Бирини ваннахонага, иккинчисини ҳожатхонага, учинчисини ошхонага… Э, шуниям билмайсанми?..

Икковлари кўзланган манзилга етиб келиб эшик қўнғироғини босишди.

— Ким? — деган овоз эшитилди ичкаридан.

— Ўзингникилар! — жавоб қилди Пашутин.

— Ўзимникиларнинг ҳаммаси ичкарида.

— Оч, милиция!

— Милициянинг соат кечки олтидан сўнг эшик тақиллатиб келишга ҳаққи йўқ.

Пашутин узоқ кутиб туришни истамади. Тўппончасини қўлига олди-да, тўғри қулфга қарата ўқ узди. Иккинчи ўқдан сўнг қулф узилиб тушди…

Ичкарида ҳақиқатан уч йигит ярим яланғоч, кайфи таранг ҳолда ўтирган экан. Биринчи бўлиб Вадимнинг қўллари қайирилиб, боши деворга тиралди. Кетидан бошқалари…

— Жавоб бер! — Вадимга ўшқирди капитан. — Сенми ташкилотчи?

— Нега энди мен?.. Мен эмас.

— Ким бўлмаса? Анави новчами?..

— Началник, ҳеч ким ҳеч кимни зўрлагани йўқ… Унинг ўзи рози бўлди…

— Шунақа дегин? Демак, зўрлаганингни бўйнингга оласан, тўғрими?

— Наоҳтки, сиз бизни шунақанги ифлос деб ўйласангиз?..

— Нима?.. Вей, тирранча, менга ақл ўргатма!.. Энди сен ўйлайсан… Алексей, баённома туз! Биттаси мана бўйнига олди.

— Мен ҳеч нарсани бўйнимга олганим йўқ! — қичқирди Вадим.

— Нима дединг?.. Ҳезалак, нега манави чироқ синган? Нимага кийим иладиган полда юмалаб ётибди? Нега идиш-товоқлар синган?.. Алексей, тузиб бўлдингми? Бер, манави имзо чекади!

— Имзо чекмасам-чи?

— У ҳолда… Қулфни кўрдинг-а нима бўлганини? Сениям худди шундай аҳволда касалхонага олиб кетишади…

— Э, қўрқитманг! — капитаннинг ошхонага кириб кетаётганини кўрган Вадим минғирлади. — Эътиборингиз учун, мен адвокатсиз сизлар билан гаплашишни истамайман.

— Нима дединг? — Пашутин бирдан орқасига қайтиб Вадимнинг сочини ғижимлади. — Эшитдингми Алексей? Қўлга олинган шахс милиция ходимига қаршилик кўрсатаяпти! Эшитдингми?

— Эшитдим. — шеригининг гапини маъқуллади Лёша. — Бу ярамас милиция ходимларига пичоқ ҳам ўқталди. Буни ҳам баённомага киритамиз.

— Хато қилаяпсиз, началник! — орага энди Борис қўшилди. — Ҳарқалай, одамга ўхшаб келишсак бўлади-ку!..

— Келишсак дейсанми?.. — кулди капитан. — Бўпти, келиш! Сенга нима халал бераяпти?

— Ҳеч нарса халал бераётгани йўқ.

— Ҳа-а, — хохолаб кулиб юборди капитан Борисга яқин келаркан. — Тажрибанг зўр-да-а?

— Мен унақа деганим йўқ…

Бу гапи учун бошига мушт келиб тушди. Борис энгашганча инқиллай бошлади.

— Алексей, яна битта баённома туз! — участка нозирига юзланди капитан. — Бу мишиқи каттасига ўхшайди…

— Барибир ҳеч нарсага имзо чекмайман! — ўтирган ерида шивирлади Борис.

— Чекмайсанми имзо?

— Йўқ.

— Яхши, — деди капитан. — майли, имзо чекмасин! Баённома тузиб ҳам ўтирмаймиз… Шунчаки… Уни бир кун каллакесарлар ўтирган камерага қамаб қўямиз. Эсини киритиб қўйишади.

— Нега энди? —  Борис ранги оқариб беихтиёр ўрнидан турди.

— Нега бўларди? Сен имзо чекишдан, айбингни бўйнингга олишдан бош тортаяпсан.

— Ўртоқ началник…

— Нима дейсан?

— Илтимос, ундай қилманг!

— Унда бўйнингга ол, баённомага имзоингни қўй!..

— Бўпти… Агар ҳаммаси адолат билан ёзилса, имзо чекаман.

— Маъқул, ҳозир биз ўша қизни шуерга олиб келамиз. Кўрсатмаларини эшитасан. Ана ундан кейин сенларни гуруҳ бўлиб бир қизни зўрлаганингни баённомага киритамиз.

— Қанақа гуруҳ, началник? Ҳа энди… Йигитлар сал кайф бўлиб қолишибди…

— Тўппа-тўғри. Ҳозирги замонда фақат бандитлар ва ўйнаши борларгина шу тахлит кайф қилишади.

— Хўп, айбдорман…

— Нима учун? — Бориснинг елкасидан маҳкам қисди Пашутин.

— Ҳа энди… Ўтирдик, гаплашдик…

— Қизни зўрладиларингми?

— Биласизми…

— Мен сендан сўраяпман! — қичқирди капитан. — Сен ҳезалак бу саволга жавоб беришга мажбурсан. Агар жавоб бермасанг, ярим соат ичида камерада кўрасан ўзингни. Айтиб қўяй, у камерада йигирматача каллакесар ўтирибди… Нима қилишларини биласан-а ҳезалакларни?

— Мен айтдим-ку!..

— Жавоб бер, зўрлаганмисан?

— Ҳа.

— Уччаланг ҳамми?

— Ҳа.

— Ким биринчи кирди?

— Игор…

Шунақами?.. Оббо сассиқлар-ей!..

Капитан Игорга яқин келди ва ияги аралаш мушт туширди.

— Қани, сен ҳезалак ҳам бир гапир-чи!

— Нимага урасиз? — лаби аралаш сизиб чиқа бошлаган қонни кафти билан артаркан, бақирди Игор. — Уришга ҳаққингиз йўқ!

— Нима дединг? Вой эшак-ей, ҳали менга ақл ўргатасанми?

Иккинчи муштдан сўнг Игор полга қулаб тушди.

— Алексей, сен булар билан шуғулланиб тур, мен қўшниларнинг олдига чиқиб келаман!..

 

***

 

Пашутин эндигина подездга чиққан ҳам эдики, хавотир ичида тўпланган қўшнилар орасини ёриб юқорига кўтарилаётган полковникка кўзи тушди.

— Полковник Кошелёв, — ўзини таништирди у семиз гавдасини зинапоя тўсқичига тираб. — капитан, нега бу ерда отишма бўлаяпти?

— Бир қизни зўрлаган бандитларни қўлга олдик. — деди Пашутин кулимсираб.

— Ие, бу менинг квартирам-ку!.. Сиз қулфни бузибсиз, қўшниларни ваҳимага солибсиз.

— Ҳа энди… Шундай қилишга тўғри келди-да!..

— Қани, юринг-чи!

Капитан унинг орқасидан ичкарига қайтиб кирди. Уч йигит ҳамон деворга суянганча участка нозирига жавоб бериш билан банд эди. Полковник Вадимнинг рўпарасига келиб тўхтади.

— Манавиям зўрлабдими? — сўради капитанга юзланиб.

— Албатта. Уччаласи бараварига.

Полковник кутилмаганда Вадимнинг чоти аралаш тепди. Йигит иҳлаганча пастга энгашди.

— Биласизми, — давом этди полковник. — бу ярамас менинг ўғлим.

— Нима? — Пашутин ҳайрон бўлиб полковникка тикилди. — Наҳотки?

— Ҳа, ўғлим… Хўш, энди буларни нима қилмоқчисиз?

— Бўлимга олиб кетаман… Ишни терговга оширамиз.

— Ҳай-ҳай-ҳай!.. — полковник капитаннинг елкасига қўлини қўйди. — Шу аҳволда-я?.. Қаранг, бечораларнинг башарасини дабдала қилиб ташлабсиз!..

— Мен бурчимни бажараяпман, полковник.

— Бурчни бу тахлит бажармайдилар… Хуллас, ўғлимни қолдирасиз.

— Нега энди? Бундай қила олмайман… Қонун ҳаммага баробар…

— Вей, менинг қаерда ишлашимни биласанми? — бирдан сенлашга ўтди полковник. — Шаҳар ички ишлар бошқармасида ишлайман…

Унинг мақтанишини кўриб энсаси қота бошлаган капитан қайсарликка ўтди.

— Нима бўпти ишласангиз? Мен ҳам милиция бўлимида ишлайман.

— Сен қонунга зид иш қилгансан. Айбдорларни калтаклагансан, бу ҳаметмагандай, уйимнинг қулфини тўппончадан ўқ узиб бузгансан. Қолаверса, қўшниларни ваҳимага солиб қўйгансан… Кейин афсусланиб юрмагин яна!..

— У ҳолда тилхат ёзиб берасиз. — полковникнинг кўзларига тик боқди Пашутин.

— Ие, нима деб?

— Ўзингиз биларсиз?.. Сиз жиноятчини олиб қолмоқчисиз…

— Менга қара, мен ҳеч қандай тилхатсиз буларнинг ҳаммасини олиб қоламан. Агар қарши бўлсанг, бор, бўлимингга боргин-да, бошлиғингга айт!..

Жаҳли чиққан капитанни Алексей секин туртиб ташқарига етаклади.

— Қўй, бу билан олишмайлик! — деди йўлакка чиқишгач. — олса олиб қолаверсин! Акс ҳолда эртагаёқ иккаламиз ҳам ишдан кетамиз…

 

***

 

Иван Фёдоровичнинг шаҳардан четроқда дала ҳовлиси бор эди. Яқин дўстига ўн минг долларга сотиб юборди. Катя ҳам унинг нима қилмоқчи эканини тушунмасди. Аммо индамади. Ўз қайғулари билан бўлиб қарияга савол бериш юрагига сиғмади…

Қария дала ҳовлини сотиб пулни чўнтакка урди-ю, эртасигаёқ Москвага жўнади…

Бозор жуда катта эди. У анча вақтгача айланиб юрди. Қидираётган нарсасини топиш илинжида эринмасдан айланди. Ниҳоят пештахталардан бирининг устида газли тўппончага кўзи тушиб ўшаерга яқин борди.

— Олинг, отахон! — сотувчи ҳовлиқиб тўппончани унинг қўлига тутқазди. — Зўр нарса!

— Сал нимжонроқ экан.

— Ие, шу-я?.. Хўп, сизга қанақаси керак ўзи? Ҳақиқийсими?

— Ҳа, ҳақиқийси керак.

— Уни нима қиласиз?

— Сенинг нима ишинг бор?

— Хўп, — совуқ тиржайди сотувчи йигит. — пул борми ўзи?

— Бўлмаса сўрармидим?

— Унда кетдик!

— Олдиндан айтиб қўяй, пул ёнимда эмас.

Йигит тўхтади.

— Қария, мияни қотирманг!..

— Нега қўрқасан? — кулди қария. — Қўрқма, оласан пулингни! Ишончли жойга беркитиб қўйганман… Қани, кўрсат молингни!..

Йигит уни яқин атрофдаги уйлардан бирининг ертўласига бошлаб кирди. Ичкари турли-туман яшикларга тўла эди. Ертўла ичкарисида яна жинси кийган, оғзида сигарет тишлаган икки нафар бадбашара йигитлар ҳам бор экан. Уларни кўриб қария сира тап тортмади. Бемалол ичкарига кириб борди.

— Хўш, сизга айнан қанақаси керак? — сўради қариядан йигит.

— Менгами? Винтовка керак. Дурбинли бўлсин.

— Ўқлар ҳам керакми?

— Албатта…

Орадан ярим соатлар ўтиб қария катта сумкага жуда яхшилаб жойланган яп-янги винтовкани ўқлари билан кўтариб бозорга қайтди. Сотувчи йигитни бир бурчакка олиб ўтди-да, талаб қилинган беш минг долларни санаб берди ва шу заҳоти уйга жўнади…

 

***

 

Иван Фёдоровични ҳар галгидек Катя кутиб олди. Негадир яна ранглари оқаргандек эди.

— Нима бўлди яна? — хавотир аралаш сўради қария ундан.

— Полковник Кошелёв келди. — деди Катя ерга қараб.

— Нима? Вой ифлос-ей!.. Нима иши бор экан?

— Пул ташлаб кетди.

— Пул? Қанча?

— Миллион бўлса керак. Иккита даста без юзталик…

— Санамадингми?

— Йўқ.

— Яхши қилибсан. Ифлоснинг пули ҳам ифлос бўлади… Уни қўлингга олсанг, сен ҳам ифлосликка кўникасан…

Қария ортиқ гапириб ўтирмади. Пулларни стол устидан олди-да, эринмай битталаб ёниб турган газ устига ташлай бошлади. Кўз очиб юмгунча пуллар кулга айланди…

Шундан сўнг қария секин балконга чиқди. Аввал Катянинг ётоғи томонга кўз ташлаб олди. У магнитофон эшитаётгандек туюлди…

Қария сумкани очиб винтовкани қўлига олди-да, ўқлади. Кейин соатига қаради. Вақт тунги ўн бирга яқинлашибди. Қуролни яна сумкага жойлаб, ичкарига қайтиб кирди.

— Ўша полковник анави маразларни қамоқдан олиб қолгандир ҳойнаҳой? — сўради Катядан.

Қиз елка қисди.

— Бугун кўзим тушгандай бўлганди биттасига…

— Яхши… Сен қўрқмай ўтириб тургин… Мен ҳозир келаман…

— Анави сумкадаги нима, бобо? — ҳайрон бўлди Катя. — Қаерга кетаяпсиз ўзи?

Қария жавоб бериш ўрнига чўнтагидан қолган долларни чиқариб неварасига узатди.

— Манавиларни эҳтиёт қил!..

— Сиз қаёққа?

— Ҳовлига чиқиб бир тоза ҳаводан нафас олиб келай…

Қария қоронғида туртина-туртина қўшни уйнинг томига чиқди. Ўшаердан полковникнинг квартираси ойнадек аниқ кўриниб турарди. Секин назар солди. Ҳақиқатан, уч йигит ошхонада ўтириб нимадир ичишар, очиқ деразадан уларнинг хохолаб кулганлари бемалол эшитилиб турарди…

Қариянинг юрагида қасос ўти аланга олди. Сумкадан шошилмай винтовкани олди…

Кўзларига ишонмади… Ўзи ҳам дастлаб ишонқирамаганди. Эҳ-ҳе, уруш пайтида ушлаган охирги марта бундай қуролни…

Қайта-қайта узилган ўқлар уч йигитни кетма-кет йиқитди… Шундан кейингина кўнгли жойига тушган қария пастга қаради. Ўқ овозини эшитиб ҳовлига чопиб чиққан одамлар уйни айланиб чопишарди. Қария кулиб қўйди… Яна полковникнинг квартирасига боқди. У ерда ҳам тўполон. Кимлардир йигитларнинг мурдаларини кўтариб уёқдан-буёққа чопаяпти…

— Ана, энди кўнглим тинч! — ўзига-ўзи деди қария. — Неварамни энди ҳеч ким хафа қила олмайди… Энди бемалол уёққа йўл олаверсам ҳам бўлади… Ҳарқалай, Катяга берган пулларим етади…

Ҳовлига тўпланган одамларнинг капалаги учди. Не кўз билан кўришсинки, беш қаватли уй томидан ерга ўқдай учиб тушган Иван Фёдоровичнинг жонсиз танаси оёқлар остида юмалаб ётарди.

Виктор ПРОНИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси