ШАЙТАНАТ… (149-қисм)

0

 

 

* * *

 

Абдулҳамиднинг хасталиги Манзура билан Асадбек учун бир ташвиш бўлса, Зайнабнинг никоҳ базмига келмагани ташвиш устига нохушлик эди. Асадбек базм бошлангунга қадар ҳам қизининг келиб қолишига умид қилиб йўлга қараб-қараб қўйди. Кесакполвон Мардона ўлдирилганидан кейин «қизинг ўзингга ўхшайди», деганида Асадбек аччиқланган эди. Қизининг ўзи каби ўжар, чўрткесарлигига мана энди ишонди.

Элчинни тўйга олиб бориш таклифи рад этилга-нини Манзура юмшоқлик билан тушунтирса-да, Зайнаб отасининг мақсадини англади ва ўзининг айтганидан қайтмади. Базмда иштирок этмасликка узил-кесил аҳд қилиб, сартарошхонага отланган акалари билан кўчага чиқдида, касалхонага қараб кетди. Жалил сочларини тараттириб келган куёв тўраларга тўн кийгизаётган пайтда Зайнаб касалхонанинг машинасида эрини уйига олиб келган эди.

Қўшнилар ёрдамида замбилдаги бемор янги аравачага ўтқазилгач, меҳмонхонага кирдилар. Меҳмонхонадаги ясатиғлиқ дастурхонни кўрган Элчин қайнотаси келмаса ҳам қайнонасининг келиб қолишига умид қилди. Зайнаб чой дамлаб, эрига қуйиб узатди-да, айвонга чиқиб онасига қўнғироқ қилди. Қизининг бу ишидан ҳайратга тушган Манзура:

— Вой қизим-ей, бугун шартмиди, а? — дейишдан бошқа гап айта олмади.

«Инсофга кириб қолармикинлар», деган умидда Асадбекка тўғрисини айтди. Асадбек бу хабарни эшитиб, қошларини чимириб қўйди. «Майли, куёвни тўйга олиб келинглар», демади.

Зайнабнинг кўринмай қолганидан энг аввало келинлар ҳавотирланишди. «Уларнинг «Зайнаб бону нечук кўринмайдилар?» деган саволларига «Эри оғирлашиб қолибди», деб, ичида тавба ҳам қилиб қўйди: Ёлғонни Худо кечирсин!»

Тўйдан бехабар Элчин қайнонасининг келмаганига ажабланди. Бугун эрталаб ҳам касалхонадан чиқиш ҳақида гап йўқ эди. Зайнаб «жавоб тегди, кетамиз», деб кулимсираган бўлса ҳам Элчин унинг юзига соя ташлаётган ташвиш булутини сезди.

Вақт ўтиб, кун ботганда ҳам эр-хотин ёлғиз ўтирардилар. Тилсиз, ҳаракатсиз қолади, деб ташхис қўйилган Элчин врачларнинг кутганларини пучга чиқарса-да, ҳали бемалол гаплашиб ўтириш даражасига етмаган эди. Тили бурро бўлгани билан нималарни гаплашиб ўтирарди?

«Менинг тирик қолишим сенинг комронлиғингми ё бахтсизлигингми?» деб сўрайдими?

«Отанг менинг ўлишимни истаган эди, тирик қолишим хонадонинг учун бахтсизликдир?

Умуман… ўлсам нимани йўқотардим, тирик қолиб нима ютдим? Сен мени жиянларимдан тортиб олдинг ҳисоб. Бирга яшаб, хуш бахт бўлишмизга ишонасанми?» дермиди.

Бу гаплар тилга кўчмаса ҳам кўз қарашларида зоҳир эди. Зайнаб эрининг туйғуларини тўла бўлмаса-да, ҳис этарди. Гўё ўша машъум воқеа юз бермагандек, гўё қалбида интиқом чўғи йўқдек, гўё чалажонга айланган бу одамни азал-азалдан яхши кўрадиган бахтиёр жувондек кўрсатишга уринарди.

Элчин эса бахтиёрлик ниқоби ортидаги тоғдек дард-ни қалб кўзи билан кўриб турарди. Бу нозик жисм бу дард тоғини кўтариб туришга яна қанча чидаркин, деб чамаларди. У қорадори балосидан қутулишга куч топган жувоннинг бу дард тоғига чидашгина эмас, уни йиқишга ҳам қодир эканини хаёлига ҳам келтирмас эди. Элчин Зайнабни оддий аёллардан деб билиб, унинг ирода кучини ҳисобга олмаётганди. Балки бошқа аёллар дард олдида эгилиб қоларлар? Лекин Асадбекнинг қизи эгилмас, дардга енгилмас…

Зайнаб лаганчага икки кишилик таом сузиб киргач, Элчин:

— Ойинг келмайдиларми? — деб сўради.

Зайнаб «Келишлари керакмиди?» деган савол назари билан жавоб қайтарди. Эрининг бу унсиз жавобдан қониқмаганини билиб:

— Қариндошимизникида тўй, — деб изоҳ берди.

— Сен нега бормадинг? Мен эртага чиқсам ҳам бўлаверарди, — деди Элчин.

Зайнаб ундан кўзларини олиб қочиб:

— Мен эртага борсам ҳам бўлади, — деди.

Таомдан сўнг телевизор кўришди. Ҳар икковининг кўзлари тамошада бўлса-да, хаёллари бошқа ерларда сарсари кезарди.

Акалари билан келинаяларининг бахтиёр чеҳралари Зайнабнинг кўзи олдидан нари кетмади.

«Худо бахт бераман, деса беравераркан-да, — деб ўйлади у. — Бу қизлар дунёнинг нарига четида эди. Шунда ҳам хоҳлаганларига етишишди. Меники шундай ёнгинамда эди…»

Зайнабнинг тақдирига дил мақсудига етолмаслик ёзилган экан, на илож қилсин? «Ноумидлик ёмон, дунё умид билан қойимдир», дейишади. Зайнаб дардни умид билан енгишга уринарди. Лекин… қуриган умид дарахти қайта гуллаши мумкинмикин?.. Бу ғам манзилида унга нелар қолмиш яна? Зайнабнинг юра- гида яраланган сурур бу саволга жавоб тополмай ингради.

Телевизордаги тамоша тамом бўлиб, қўшиқ бошланганида Зайнаб ошхонада эди.

Маъюс оҳанг диққатини тортиб, сўзларига қулоқ тутди:

Шўрпешона ишқни толега йўйиб, Жимгина тақдирга берганимда тан.

Ишончу, севгингни қўлимга қўйиб Довдир ҳаётимга кириб келдинг сен…

Зайнабнинг кўз олдига Жамшид келиб беихтиёр титраб, қўлидаги ликопчани тушириб юборди. Ликопча тушди-ю, лекин негадир синмади. Синганида «Келган бало-қазо шунга урсин», деб қўярди. Энди бало-қазо нимага уради?..

Элчиннинг кўзлари телевизорга қадалган бўлса-да, хаёли тўзонли шамол сингари тентирарди.

У Зайнабни ғамга солган эди, энди ғам унинг ўзини еярми? Еб-еб адо этарми?

Касалхонада эканида врач юраги устига кафтини қўйиб, бармоқлари билан уриб-уриб қўярди. Худди бировнинг эшигини тақиллатаётгандек бўларди. Унинг қалб дарвозаси очилса нималарни кўрмоқ мумкин? Зулумот ва ўлимдан бўлак яна не қолган бу юракда?

Зайнабнинг қўлидаги ликопча тушган пайтда Элчин ҳам қўшиқни диққат билан эшитаётганди. Уни ажаблантирган нарса — Анвар жиннихонада ўзини осмай туриб шу шеърни ёзган, қоғознинг бир четига эса «Дардли дўстимга бедард Анвардан эсдалик», деб имзо чекиб берган эди. Элчин анча пайтгача оҳанг излаб, ўзича ҳиргойи қилиб юрувди.

Анварнинг акаси унинг дафтарда қолган шеърларини газетага олиб борган, бу қўшиққа асос бўлган шеър ҳам эълон қилинган эди. Элчинни ҳайратга солган нарса қўшиқнинг сўзлари эмас, балки айнан у ҳиргойи қилган куйнинг янграётгани эди. Бу қўшиқни ўзидан бош-қа ҳеч ким эшитмаган эди. Ҳатто Зайнаб ҳам… Инонгил, бу севги эмасди асло, Алданиб ўртанган дард эди бироқ, Ёлғиз сендан — ёлғиз тасалли — севинч, Ёлғиз сендан — ёлғиз бедаво — алам.

Ахир сен-ла бирга бўлолмасман ҳеч

Ахир сени ташлаб кетолмасман ҳам…

… Ёлғиз осмондандир юпанч — тасалло…

Ошхонадан қайтган Зайнаб эрининг чарчаганини сезиб, аравачани каравот ёнига олиб келди. Кеч кириб қолгани учун қўшниларни чақиришга ийманди. Элчин унинг бўйнига осилган ҳолда сурила-сурила каравотига ўтди. Ёстиққа бош қўяётган дамда кўзлари намланди. У шу топда юрагининг ёрилиб кетишини истарди. Жуда-жуда истарди.

 

***

 

Дунёда миллион ўғри бўлса, бирининг услуби бошқасиникидан фарқ қилади. Хонгирейнинг эса ўғирлик, босқинчилик услубидан ташқари яна бир қилиғи ортиқча: ёлғон гапириш бўйича у жаъмики ўғриларни доғда қолдириши мумкин эди. Катталар қамоқхонасига тушган Афтондил ҳали Хонгирей лақабини олмасдан анча илгари устози Зелихоннинг диққатини айнан шу одати билан тортган эди. Зелихон вақтида ишонарли ёлғонни тўқиб, ёв чангалидан қутулиб кетишни ўғрининг фазилати деб биларди. Кейинчалик Зелихон шогирдидаги бу фазилатнинг керагидан ортиқ эканини сезиб, кўп танбеҳ берган эди. Ҳатто бир куни «Ҳов бола, сен шайтонни доғда қолдириб, бир мартагина рост гапирсанг-чи», деганди. Баъзилар ёлғонига бош-қаларни ишонтириш учун кўп ўйлашади, турли баҳоналарни излашади. Хонгирей эса бу бош оғриқлардан холи: тили ҳеч қачон ёлғон гапга муҳтож бўлмайди.

Марказий банк ходимининг қайнонасига «Мен ўйнашингдан бўлган ўғлингман», деган Хонгирей «Бу гапимга ишонадими ё йўқми?» деб ўйлаб ҳам кўрмаганди.

Чунки хотиннинг ишониш ёки ишонмаслиги у учун мутлақо фарқсиз, унга муҳими — хотиннинг боши қотади.

Асадбекка отасининг васиятини бажариш учун Полшага кетаётганини айтганида ҳам «ёлғоним фош бўлса-чи?» деган ўйи йўқ эди. У Полшага отасининг васиятини бажариш учун кетяптими, ростданам амакиси Краковда халок бўлганми — буларни билиш Асадбек учун ҳам фарқсиз эди. Шу сабабли Хонгирейнинг сафар ҳақидаги гапига унча эътибор бермаганди. Хонгирейнинг нима учун айнан Краковга боришини у ке-йинроқ ўйлаб қолади.

Хонгирей Шаховскийдаги қароргоҳида биродарларини зиёфат қилган куни ўзи кутмаган ҳолда қармоғига тилла балиқ илиниб қолган эди. Ярим тунга қадар давом этган зиёфат поёнига етиб, меҳмонлар тарқалгач, яқинда «жинни» деган ташхис билан қамоқдан чиқиб келган биродари кетишга шошилмади. Ўз отасини чавақлаб ташлагани учун «Гамлет» лақабини олган бу меҳмон қолишининг сабабини дарров айтмади. Маишатни тонгга қадар давом эттириб чарчаган Хонгирей «Энди дам оламиз», дегач, Гамлет муддаога кўчди:

— Сен қорадорига астойдил аралашибсан, — деди у. — Ҳозир энг тўғри йўл шу. Бир қўлинг Красноярга бир қўлинг Лвовга боргани яхши. Лекин қулочни яна ҳам чўзишинг мумкин. Лвовдагиларнинг найрангини биласанми?

— Ҳа, — деди Хонгирей, — Полша билан Вен-грияга ошириб сотишади.

— Билар экансан. Улар Полшадан мен қамоқдалигимда вақтинча фойдаланишди. Энди у ёққа бориш- са — ўлим топишади. Мен яқинда Канадага кўчиб кетаман. Агар келиша олсак, сенга Полшани бераман. Яна қорадорининг беҳисоб хазинаси ҳам бор. Уни ҳам сенга топширгим келяпти. Келиша олсак бас.

Бу таклифдан сўнг уйқу ҳам ўчди, чарчоқ ҳам унутилиб, шартлар, нарху наволар келишилгач, биргалашиб Полшага боришга аҳдлашишди.

Асадбекнинг тўйидан бир кун аввал Хонгирей Гамлет билан бирга Варшавага етиб келган, икки кундан кейин эса Краков яқинидаги сароймонанд уйда музокарани бошлаб юборган эди.

Гамлет «пан Любомирский» деб таништирган одамнинг ёшини аниқлаш мушкул эди.

Сийрак сочлари, бароқ қоши оппоқ оқарган, бир оз букчайиб юрувчи, аммо ўзини тетик тутувчи бу одамни биров етмишдан ошган демасди. Гамлетнинг айтишича, урушдан олдин ҳам, немислар хўжайинлик қилган йилларда ҳам, советлар эгаллаб турганида ҳам пан Любомирский ўз касбига содиқ қолган ноёб одамлардан эди. Турли жамиятлар, турли қонунларга бўйин эгмагани учун ҳам у «Ўлмас Кашчей» лақаби билан машҳур бўлганди.

Гамлет Хонгирейни таништираётган маҳалда мақтов сўзларига бахиллик қилмади. Пан Любомирский — ўлмас Кашчей бу мақтовларни Хонгирейдан кўз узмаган ҳолда тинглади. Унинг ўткир нигоҳига хатто Хонгирейнинг чақчайган кўзлари ҳам дош беролмади. Гамлетнинг мақтовлари ўзининг ҳам жонига тегиб, «тезроқ тугатақол» деган маънода унга қараб-қараб қўйди.

— Янги дўстимиз бизга қанча миқдорда мол етказиб бера олади? — деб сўради пан Любомирский Гамлетнинг гаплари поёнига етгач.

— Буюртма берувчи — сиз. Қанча керак бўлса, шунча оламиз. Ўрта Осиёдан оқадиган йўл шуники. Хитойнинг сунъий дориларини Сибир орқали етказиши мумкин.

— Менга сунъий дори керак эмас. Мен янги дўстимнинг ўз оғзидан эшитмоқчиман: биринчи галда йигирма кило етказиб кела оласанми?

Хонгирей «Кўп-ку?» деб Гамлетга тезгина қараб олди. Гамлет ваъда беравер, деган маънода ўнг кўзини салгина қисиб қўйди. Қариянинг сергак нигоҳидан бу четда қолмаган бўлса-да, танбеҳ бермай, Хонгирейдан жавоб кутди:

— Мен яхши тушунмадим, — деди Хонгирей пинагини бузмаган кўринишда, — йигирма киломи ё йигирма тоннами?

Пан Любомирский Гамлет билан кўз уриштириб олиб, кулимсиради:

— Қандай шартларингиз бор?

— Шарт йўқ, фақат айрим масалаларни келишиб олиш керак. Биринчиси: молни олишга одамингиз қачон боради?

— Одамим бормайди. Мен «Йигирма кило етказиб кела оладими?» деб сўрадим. «Одамим бориб келади», демадим.

— Ҳисоб-китоб-чи?

— Ҳисоб-китоб шу ерда бўлади. Молни қўясиз, пулни оласиз. Хоҳланг долларда, ёки фунт стерлингда, ёки маркада олинг. Истасангиз Шветсария банкига ўтказамиз. Ҳа, шарт оғирлик қиляптими? Биламан, бу иш оғир, лекин шунга яраша ҳақ тўлайман.

Бу ерга кела туриб Гамлет «шартлашишда жуда чуқурлашма, асосий масала ҳал этилса бас, майда-чуйдаларга эътибор қилма», деб огоҳлантирган эди. Шунга кўра, Хонгирей гапни чўзмасдан, келишганининг рамзи сифатида ўрнидан туриб, қўл узатди. Пан Любомирский ёши улуғлигининг имтиёзидан фойдаланиб, ўтирган ерида қўл узатди.

— Биз Гамлет билан яхши ишладик, — деди у. — Сиз томондаги баъзи одамлар «Полшалик ҳамма нарсасини сотиши мумкин», деб гапириб юришади. Полшалик бошқа нарсаларни пулласа ҳам аҳдга садоқатини сотмайди. Гамлет буни биларди. Сиз ҳам шу ҳақиқатни унутмасангиз иккаламиз биргаликда узоқ яшаймиз.

Улар Краковда яна икки кун меҳмон бўлишгач, Москвага қайтишди. Ваъдасининг биринчи босқичини бажарган Гамлет аҳддаги белгиланган ҳақини олгач, иккинчи босқичга ўтишдан олдин «Ўлмас Кашчейни доғда қолдираман, бошқа шаҳарлар билан ҳам ўзим гаплашаман», деб ўйлама. У тирик экан, Краковдан нарига сен учун йўл йўқ» деб огоҳлантирди.

 

***

 

Москвадан «Тез етиб кел!» деган буйруқни олган Селим бу чақирувдан бир оз саросимага тушди. У Кесакполвондан яширинча эски танишлари орқали камроқ бўлсада, олди-соттисини бошлаган эди. Кесакполвондан махфий тутилган иш у томонга маълум бўлиб қолдимикин, деган ташвишли ўй уни Хонгирейнинг ҳузурига киргунича ҳам тарк этмади. Очкўзлиги учун ўзини ўзи лаънатлаб, бундан бу ёғига ҳалол хизмат қилишга қасам ичиб борди. Қароргоҳда эмас, «Лебединая песня» деб аталувчи ресторанда кутилажаги ҳам уни анчагина ташвишлантирди. Таксичи сўраб-суриштириб, уни манзилга ташлаб кетгач, у «Лебединая песня» деган ёзувга тикилганича бир оз ҳаракатсиз турди. Сўнг «Таваккалчининг ишини Худо ўнглайди», деган фикрда пастга олиб тушувчи зинага оёқ қўйди.

Катта хонадаги дастурхон атрофида ўтирганларга бир-бир қарашга ботина олмади. Тўрда ўтирган Хонгирейнинг ёнидаги полковникни кўриши билан юраги уришдан нақ тўхтагандай бўлди. Москвага шошқич чақирилганининг сабабини англаб, Хонгирейга «Раҳм қилинг, жонимни олманг», дегандай мўлтиллаб қаради.

— Одобли болалар кирганда салом беришлари керак, — деди Хонгирей уни ўтли нигоҳи билан қаршилиб.

Дудуқланиб қолган Селимнинг саломига фақат Маматбейгина алик олиб, ўрнидан турди-да, уни Хонгирейнинг рўпарасидаги стулга ўтқазди. Хонгирей ҳол-аҳвол сўрамагани учун Маматбей ҳам индамади. Селимнинг қаршисидаги катта қадаҳга тўлдириб ароқ қуйгач, паст овозда «ич» деб буюрди. Селим қадаҳни яримлаганда Хонгирей:

— Полковникни танидингми? — деб сўради.

Кутилмаганда берилган бу саволдан Селим қалқиб кетиб, йўталди. Лабига сочиқни босиб, ўзига келгач, «танияпман», деди.

— Шундай ажойиб қаҳрамон билан танишлигингни бизга айтмовдинг? Нега айтмовдинг, а?

Селим «билмадим», дегандай ерга қаради.

— Тўғрисини айтавер, сен буни ўлиб кетган деб ўйлагансан, а? Ҳа, умуман… тўғри ўйлагансан. Полковник сен тиқиб қўйган қамоқхонада ўлган эди. Биз уни тирилтириб олиб чиқдик. Буни қараки, полковник сени ўлган, деб юрган экан. Сен қандай қилиб тирик қолдинг, бунга айтиб бер. Ахир тобутни очганингда портлаб кетувдинг-ку, тўғрими?

Селим айбдор бола каби ерга қаради.

— Тобут портлаганмиди, деб сўраяпман?!

— Ҳа…

— Сен буни қаматдинг, қамоқда ўлиб кетади, деб ўйладинг, бу эса тобут миналаштирилганини сенга айтмади. Икковинг ҳам ғирром ўйин қилгансанлар.

Биринчи галда сен ўлишинг керак. Нафси наҳангникидан баттар аблаҳ ўлса, ер ҳам мазза қилади.

Селим аста қаддини кўтарди, сўнг стулни суриб ташлаб, тиз чўкди-да, жазавага тушиб, тавба қила кетди. Унинг бу қилиғи Хонгирейга ёқмай, Маматбейга қараб қўйган эди, у Селимнинг гарданидан ушлаб турғизиб, жойига ўтқазди. Хонгирей унга нафрат билан тикилди.

Селим унинг тилидан ўлим хабарини кутиб, нафас ютди. Хонгирей уни лол қолдириб, ҳукмини ошкор қилмади, Гамлет билан кўз уриштириб олгач, ўрнидан турди. Гамлет бу қарашнинг маъносини англаб, қадаҳини яримлатган ҳолда ташлаб кетгиси келмай, бир кўтаришда бўшатди-да, у ҳам ўрнидан туриб мезбонга эргашди. Улар чиқиб кетишгач, эндиги тақдири нима бўлишини билолмаётган Селим полковникка қаради. Полковник хуморбосди қилолмаганидан гарангмиди, ҳар ҳолда эси оғиб қолган одам каби ўтирарди.

Селим уни дастлаб шу ҳолда кўрганидаёқ қорадорисиз туролмайдиган тоифадан эканини сезган эди. Ҳордиқ чиқариш мақсадида Қора денгиз соҳилига келган Селим меҳмонхонанинг энг яхши, энг қимматбаҳо хонасида маишат қиларди.

Афғонистондаги қаҳрамонона хизматлари учун таътил берилган полковник ҳам санаторийдаги даволанишини тугатгач, изига қайтишга шошилмай, меҳмонхонага жойлашиб, айшини суриб юрган эди.

Тақдирнинг ўйинини қарангки, даҳлизнинг бир томонидаги эшик Селимники, рўпарасидаги эса полковникники эди. Улар дастлаб айни шу даҳлизда учрашдилар. Иккови ҳам кун ёйилган маҳалда, айни бир хил юмуш билан — тунги меҳмон «қушча»ни кузатгани эшикни очган эдилар. Ўша куни пешинда ресторанда учрашдилар.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...