«Тошшаҳартрансхизмат» қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан қандай чоралар кўрилаётганини очиқлади

0

“Тошшаҳартрансхизмат” томонидан жамият тасарруфидаги йўналишларда қатновчи автобуслар доимий мониторинг қилиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, шу асосда аниқланган камчилик ва муаммолар ўз вақтида бартараф этилиб, ана шундай ҳолатларга йўл қўйган мутасадди ва ҳайдовчиларга нисбатан чоралар кўрилади.

2019 йилнинг август ойи давомида ўтказилган мониторингларда белгиланган меъёрларни четлаб ўтиш билан боғлиқ 200 дан ошиқ ҳолат аниқланган. Улардан асосийси ҳайдовчиларнинг ўзбошимчалик билан йўналиш чизмасини ҳамда ҳаракат жадвали сонини ўзгартирган ҳолда ҳаракатланиш, сўнгги бекатларга кирмаслик, оралиқ интервалларни узайтириб юбориш билан боғлиқ ҳолатлардир.

Хусусан, 1-автобус саройига қарашли 12-йўналишда қатновчи автобус ҳайдовчилари Ж.У., Ғ.А., Т.Р. ўзбошимчалик билан ҳаракат жадвалига ўзгартириш киритган бўлса, 93-йўналиш ҳайдовчилари қатнов вақтини сунъий равишда узайтираётганлари аниқланган.

8-автобус саройи ҳайдовчилари – 42-йўналишда А.Ш., М.А, 43-йўналишда, 109-йўналишда Ф.Ҳ., Қ.Ҳ. Р.М., 111-йўналишда, ўзбошимчалик билан йўналишларни ўзгартирганлиги, интервалларни узайтирганлиги каби қатор ҳолатлар маълум бўлган.

12-автобус саройига қарашли 74-йўналиш ҳайдовчилари О.Ҳ., Б.Ҳ., Х.Ф., Б.С. ҳам белгиланган йўналишда юрмай, ўз ҳолларича ҳаракатланганлар.

Автобус саройлари раҳбарияти томонидан қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан ойлик маошларидан 20 фоизгача жарималар қўлланилиши белгиланди.

Бундай жарима жазоси келгусида ҳайдовчиларни қўшимча моддий рағбатлантиришга ҳам салбий таъсир кўрсатишини эслатиб ўтилган.

“Юқорида тилга олинган айрим ҳайдовчилар турли ташкилот ва муассасаларга мурожаат қилиб, маош ва моддий рағбатлантиришда жарималар қўлланилаётганидан арз қилмоқдалар. Шу ўринда яна бир бор таъкидлаш жоиз, тизимда тартиб-интизом тўла амал қилишига эришилмагунича бундай қатъий чоралар давом эттирилади. Қайд этиш керак, ана шундай интизомий чоралар сабаб GPS тизимига қасддан шикаст етказиш ёки уни ўчириш ҳолатлари кескин камайди”, – дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” маълумотида.