ХОҲ ИШОНИНГ, ХОҲ ИШОНМАНГ…

0

 

 

«ОЛИМПИАДА-80» ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

 

1. Олимпиада бошланишидан бир неча йил олдин туморлар танлови эълон қилинган. Жюрилар қўлига 45 мингтага яқин эскизлар келиб тушган. Ғолибликни эса москвалик рассом Виктор Чижиков қўлга киритган. Айнан у олимпиада тимсоли сифатида айиқча эскизини яратганди.

2. Бундай йирик турнирни ташкил этиш учун катта пул талаб қилинарди. Асосий маблағ «Спортлото» ва «Спринт»дан келиб тушган. Собиқ советлар республикаларида яшовчилар олимпиадани шу қадар севиб қолишгандики, «Спортлото»да ҳафтасига 7 000 000 нафардан зиёд одам иштирок этган. Аммо олимпиада ташкилотчилари уёқда қолиб лотерея мутасаддилари кўпроқ фойда кўришган.

3. Томошабинлар учун 6 000 000 тадан кўпроқ чипта чоп этилган. Энг арзон чипталар 2 рубл этиб белгиланган. Бироқ олимпиаданинг очилиш ва ёпилиш маросимлари учун чипталар 10 рублдан 12 рублгача бўлган.

4. Ажабланарлиси, бу олимпиададан собиқ советлар фақат зарар кўрган. Даромаддан харажатлар миқдори бир неча баробар ошиб тушган экан.

5. Дунёнинг 50 дан ортиқ давлати 1980 йилги Москва олимпиадасига қарши бўлган. Лекин шунга қарамай, бу олимпиада ажойиб тадбирлардан бирига айланди. Турнир давомида 74 та олимпия, 36 та жаҳон рекорди ўрнатилди.

6. Олимпиадага нафақат спортчилар, балки синоптиклар ҳам пухта ҳозирлик кўришган. Улар Москвадаги сўнгги 100 йиллик об ҳаво маълумотини тадқиқ этишди ва турнир 19 июлдан 3 августга қадар ўтказилиши мумкинлигини баён қилишди.

7. Олимпиада бошланишидан олдин Москвани бомжлар, чайқовчилар, пиёнисталар, фоҳишалардан тозалашган. Уларнинг барчасини Москвадан 100 километр узоққа ҳайдаб солишган. Ҳатто, ўқувчиларни ҳам лагер ёки қишлоқларда яшовчи бобо-бувилариникига жўнатиб туришни маслаҳат беришган.

8. Олимпиада айни қизғин палласида, 25 июл куни Москвада ажойиб хонанда ва актёр Владимир Высоцкий оламдан ўтган. Ҳукумат раҳбарлари имкон доирасида дафн маросимига кам одам келишини таъминлашга ҳаракат қилишган. Аммо барибир Высоцкий билан видолашиш учун юз мингдан зиёд одам ташриф буюрган.

9. Турнир Москва олимпиадаси деб аталишига қарамай, мусобақалар нафақат пойтахтда, балки Ленинград, Киев, Минск ва Таллинда ҳам бўлиб ўтган. Парусли спорт мусобақалари эса Москвада ўтказишнинг имкони йўқлиги сабабли Эстонияда ташкил этилган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...