ҚАЛЛОБНИНГ ҚОРА ҚИЛМИШИ…

0

 

 

* * *

 

Матназар бинойидек ишга бориб келаётганди. Икки ҳафта ишлади-ю, яна айниди. Ичкилик забтига олди.

Шу туфайли хотини болаларини олиб кетиб қолганди. Таъсир қилмади. Вақтинчалик кайф-сафо ишдан ҳам, оиладан ҳам устун келди.

Олдинига амаллаётганди. Жуда зўр келса ўзи ишлайдиган қурилиш ташкилотидаги ҳамтовоқларидан қарз-ҳавола қилиб ичарди. Бора-бора улар ҳам безишди. Яқин кела бошласа, терс ўгирилишни одат қилишди. Қўшниларни-ку, гапирмасаям бўлади. Матназар улардан юрак ютиб қарз сўрай олмасди. Танбеҳ устига танбеҳ эшитиб, сўраганига пушаймон бўларди.

Нима қилсин? Пиёниста, қаллоб ҳамиша шайтон йўриғида бўлади.

Матназар уйдаги жиҳозларни кўчага таший бошлади. Хотини Ҳанифани ҳам адо қилаёзди. Шўрлик аёл сабр қила-қила уй бўм-бўш саҳро каби ҳувиллаб қолгач, болаларини олиб она уйига кетди.

Мана, эрта тонг, баҳорнинг ёқимли ҳавоси ҳам Матназарга татимаяпти. Боши лўқиллаб оғримоқда, кўнгли беҳузур бўлиб ўқчигиси келади. Мияси ғувиллайди. Дунё кўзларига зулматдек хунук кўринади.

— Падарингга минг лаънат! — ўзича қарғанди у катта кўча ўртасига туриб олганча бошини чангаллаб. — Хотин зоти дўст бўлмасакан ўзи! Хабар олай, ўлдими-қолдими демайди-я, қизиғар!.. Вой боши-им! Ёрилиб кетади!.. Бир қултум оқидан бўлсайди ҳозир! Кўзларим мошдай очиларди! Хароб бўлмасдим! Қанисан, шакарим, овунчоғим, халоскорим?..

Матназар хумор таъсирида гандираклаганча кўча бўйлаб қишлоқ четидан ўтган эски зовур томон кета бошлади.

Қишлоқдан чиқаверишда бир нечта эски уйлар қўққайиб турар, уйлар далага туташиб кетганди.

У атрофга безовта аланглади.

Баҳорнинг илиқ-иссиқ кунларида қишлоқда эркакларнинг баракаси учади. Бирови чўлга жўнайди, яна бошқаси олис шаҳарга пул топиш илинжида кетади.

Аёллар ҳам қимир-қимирдан бўшамайди. Уларни бу маҳалда фермерларнинг чангга тўлган даласидангина топиш мумкин. Аёллар бошларига юз билан қўшиб оппоқ чит рўмолни танғиб олишади-да, кетмон чопишади. Шу йўл билан эркаклар ортга қайтгунга қадар бола-чақа боқишади.

«Шу кампир сира тинчимас экан-да! — кўнглидан ўтказди деворлари деярли қулаб тушган эски ҳовли ўртасида букчайган Орзи момога беписанд боқиб Матназар. — Куниминан қабристон эшиги рўпарасида ўтирволиб тиланчилик қилади. Шунча пулни нима қиларкин? Бир оёғи гўрда бўлса. Зарилмикан қариганда? Ўтирмайдими пенсиясини олиб? Тўхта!..»

Шу тобда Матназар жуда муҳим гап ёдига тушган каби тўсатдан сергак тортди.

Эҳтиёткорлик билан Орзи момонинг кўча эшигига яқинроқ борди.

Кампир астойдил оппоқ матодан тикилган кир сумкага қандайдир латта-путталарни жойларди.

Тиланчилик учун кетишга чоғланаётгани ҳовлиқишидан аниқ сезилиб турарди.

«Зап вақтида келдим шекилли, — ўйлади Матназар жавдираб. — Шу кампирнинг бекитиб қўйганларини «шумо» қилсам-чи? Билиб ўтирибдими? Шарти кетиб парти қолган. Ўзидан кўрсин, тиланчилик қилиб менга ўхшаганларга мундай чойчақа берай ҳам демайди. Ўлгудай хасис бу шум кампир!.. Кетавер, кетавер, Орзи буви! Кўп олмайман, сенгаям қолдираман…»

Шундай хаёллар билан у Орзи кампирнинг чиқиб кетишини кута бошлади.

Аксига олгандек Орзи буви ҳадеганда отлана қолмасди. Гоҳ ҳовлини айланиб ниманидир қидирар, гоҳ бош қашиганча тек туриб қоларди.

«Нима бало, эсиям кирди-чиқди бўлиб қолганми? — кўнглидан ўтказди Матназар тоқатсизланиб. — Кетавермайдими зипиллаб-а? Хотин кишилигига боради-да!..»

Хайрият, Орзи буви қўлига халтасини илди-да, уй тарафга бир қараб олиб ташқарига йўл солди. Матназар кампир кўриб қолмаслиги учун ўзини девор қаршисидаги тол панасига олди.

 

* * *

 

Матназар илгари ҳам кўп марта дўкон, барлардан ичкилик ўғирлаб кўрган. Шундоқ панага ўтиб ичида суюкли ичимлиги қулқиллаб турган шишани қўйинга урарди-да, ҳеч нарса бўлмагандек ташқарига чиқиб кетаверарди. Бир туки сесканмасди. Бугун эса негадир юраги така-пука. Нуқул кўчага аланглайди. Шундоқ ҳам хуморнинг дастидан титраётган қўл-оёқлар баттар жазавага тушгандек…

— Ишқилиб, овим бароридан келсин! — шивирлаб латта бойланган уй эшигини очди-да, ичкарига кирди Матназар. — Кампирнинг пулларини топсам, ошиғим олчи. Бош оғриқ ҳам, хумор ҳам нари кетади. Ана ундан кейин хотин қизиғар ундан нарига ўтиб кетмайдими…

Хона ичидан моғор ҳиди келарди. Аммо Матназар ҳозир ҳид биладиган аҳволда эмас.

Увадаси чиққан тўшакларни, титилиб битаёзган шолчани ағдариб пул қидирарди.

Йўқ, кампир пишиқ-пухта чиқиб қолди. Матназар бу хонадан излаганини топа олмади.

Асабий бош қашиган кўйи ташқарига чиқди ва ўғри мушук каби кўча тарафни саросима аралаш кузатди.

Бахтига ҳеч ким кўринмади.

«Омборхонасини тити-пит қиламан, — ўйлади қовоғини уйиб. — Ярамас кампир одамнинг калласига келмайдиган ерларга беркитади шекилли топганини. Бе, мендан яшириб қаергача борардинг, кампир? Мени бекорга Матназар учар дейишмайди. Бир қанот қоқсам, жуда узоққа уча оламан…»

Матназар тақиллаб бораётган томоғини қира-қира омборхонага кирди.

Қоронғи экан. Чўнтагидан гугурт чиқариб чақди-да, жонҳолатда омбор бурчакларини титкилашга тушди.

Омборда майда-чуйда темир-терсак, бўш шиша идишлар, увада, йирти-ямоқ кийим қалашиб ётарди. Матназар эринмасдан улар орасини титкилайверди.

— Ў, — деб юборди кутилмаганда бир тўп увадани кўтариб ортга тисланаркан. — Мана буни омад деса бўлади. Кўрдингми, Орзи буви? Мен бойлигингни топгандайман. Ҳозир ташқарига чиқай, билиб оламан, ҳа!..

 

* * *

 

Увадага кичик бир халтача ўралган, халтача ичи эса йирик қоғоз пулларга тўла эди.

Пулларни кўриб Матназарнинг эсхонаси чиқиб кетаёзди. Шунча пулни умрида қўлига олмаганди.

Пешонасида маржон-маржон тер пайдо бўлди. Иситмалаган одам каби аъзойи бадани ёна бошлади.

— Мен бойман, бойман! — сўзланарди пулларни жон талвасасида чўнтакларига жойларкан. — Бу пуллар энди меники! Меники! Уларни ҳеч кимга бермайман! Бермайман!..

Шу маҳал кўча эшик очилди-ю, ҳовлига Орзи кампир кирди.

Олдинига эътибор бермади. Бироқ Матназарнинг ўзи қовун туширди. У томорқа тарафга қараб қочмоқчи эди. Орзи кампир пайқаб қолди.

— Ҳой, тўхта! Кимсан? — кампирга хиралашган кўзлари панд бердими, ҳадеганда Матназарни таний олмади. — Вой, шўрим, нега қочасан? Тўхта дедим!..

Матназар таққа тўхтади. Негадир ботирлиги тутди. «Қари кампирдан қўрқиб қочаманми?» деган шайтоний хаёл уни ортга қайтишга мажбур этди.

Чўнтакка сиғмаган бир даста пулни сиқимлаб олганди.

Кампирнинг кўзи шу пулларга тушиб беихтиёр аюҳаннос солганча ўғрига ёпишди.

— Худоё бетингдан бузилгур, пиёниста! Пулларимни бер! Мен кампирниям тунайсанми, жувонмарг? Буёққа бер пулларимни! Ҳой, ким бор? Ёрдам беринглар! Мени хонавайрон қилди манави пиёниста!..

Кутишга, иккиланишга вақт йўқ эди. Матназар куч билан Орзи кампирни бир четга итқитиб юборди-да, ура қочди. Чопаверди. Нафаси бўғзига тиқилиб, қора терга ботган бўлса-да, тўхтамади. Пулларни фақат ўзиники қилиш пайида бўлди…

ХОТИМА ЎРНИДА.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқиши ҳақиқат экан. Матназарни қишлоқ йигитлари барибир тутиб олди.

Кўплашиб аввалига боплаб дўппослашди. Сўнгра милиция бўлимига олиб боришди.

Суд ҳукми билан Матназар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Аммо Орзи кампирга қийин бўлди. Зарба кучини кўтара олмай ногирон бўлиб қолди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...