Ҳаёт сабоқлари…

0

Кунлардан бир кун кўмирчи кондан марварид топиб олиб: “Оқ кўмир бўлмайди” , — деб чиқитга чиқариб юборди.

Кунлардан бир кун унинг хаёлига ажойиб бир ғоя келди. Ўйлаб кўрди , юраги уни олға талпинтирди. Ақл ғолиб келди. У ҳеч кимлигича қолди.

Кунлардан бир куни ёзувчи асарни бошлади… Сўнгги бетлар … Асар қаҳрамонининг аҳмоқона қилиқлари унинг ғашига тегди… Қўлёзмани оловга отди. Автобиографик асар чоп этилмай қолди.

Кунлардан бир куни овчи овга чиққан тулкини пойлади…  Жуда ҳам нимжон ва ориқ тулки… Ўқ овози… Овчининг ва тулкининг оиласи оч қолди…

Кунлардан бир кун унга пора таклиф қилишди… Олмади… Узоқда яшарди… Пиёда уйига қайтди. У ғурурли ва камсуқум ўқитувчи эди.

Кунлардан бир кун У ишига жуда ҳам берилиб кетиб, бугун бугунлигини бир ондан сўнг келажак эканлигини унутиб қўйди, китобдан бошини кўтарганида хонасининг эшигидаги “Тарих хонаси” деган ёзувга кўзи тушди.

Кунлардан бир кун у жазо муддатини ўтаб чиқди… Кўз олдидаги панжара йўқолди, лекин юрагидаги панжара эмас… Эссиз шунча йил…

Кунлардан бир кун у Гиппократ қасамёдини қилди. Энди у шифокор!

Йўлдаги авто ҳалокатдан қонга беланган танага биринчи ёрдам ҳам кўрсата олмаётганида дарс вақтида ухлаганлари кўз олдидан тиниқ туш каби ўтиб кетарди…