Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 10 сентябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

10 сентябр куни йирик режалар тузишдан тийилишингиз тавсия этилади. Анчадан бери дўстлар ёки яқинларингиз билан дам олишни орзулаган бўлсангиз, бугундан қолдирманг. Ҳеч нарса хаёлларингизни тоза ҳаво каби жойига тушира олмайди. Умуман айтганда, кунни қанча енгил кечирсангиз, шунча яхши. Саломатлигингиз ҳам шунча мустаҳкам тортади. Асосийси, молиявий муаммоларни ўз фойдангизга ҳал этиш ҳақида унутиб қўйманг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун сиз жуда қаттиққўл ва шафқатсиз қиёфага эга бўлишингиз кутилади. Ҳатто, яқинларингиз ҳам бир муддат сизни таний олмай ҳайрон бўлиши мумкин. Фақат ҳамкасбларга нисбатан бундай қиёфада муносабат юритманг. Муносабатларга путур етиши мумкин. Моддий аҳволингизни яхшилаш учун қўшимча даромад келтирадиган иш топишингиз керак бўлади. Бундан бошқа йўл билан ғазнангизни тўлдира олмайсиз.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

10 сентябрда фирибга алданиб қолишингиз мумкин. Бу воқеа шу қадар тез содир бўладики, оғиз очишга улгурмай қоласиз. Ҳойнаҳой, рақобатчилар ёки сизга азалдан ҳасад қилувчилар курашнинг шундай ғирромча йўлини ўйлаб топишса керак. Муҳаббатда сиздан ташаббускорлик талаб этилади. Шунда жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз билан муносабатларингиз мустаҳкам тортиш палласига киради. Саломатликни асранг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Молиявий соҳада юқори чўққиларни эгаллашингиз кутилмоқда. Хунук хаёлларни миянгиздан қувиб солинг. Акс ҳолда улар ҳаёт тарзингиз салбий томонга ўзгаришига сабабчи бўлиши мумкин. Рўзғордаги муаммоларни нафақат бартараф этиш, балки уларга қарши курашиш лозим бўлади. Уларни худди хавфли душман каби йўқ қилишингиз, ер юзидан супуриб ташлашингиз зарур. Йўқса, улар суварак каби урчиб бораверади.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

10 сентябр куни оммавий сайр, тадбир ва зиёфатлардан воз кечинг. Бу нарсалар организмингизга салбий таъсир кўрсатади. Руҳий ҳолатингизни издан чиқаради. Нотаниш одамлар билан жанжал юзага келиши мумкин. Шунинг учун бегоналардан сал нарироқ юринг. Молиявий муаммоларни бартараф этишда ҳам эҳтиёткорликни қўлдан берманг. Сизни аллакимлар катта пулга тушириш ҳаракатида бўлиш эҳтимоли бор.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Эрталабдан гўзаллик салонига бориш ва харидларни амалга ошириш ниятида бўлган қиз-жувонларнинг иши ўнгидан келади. Уйда капитал тозалов амалларини бошлашингиз ҳам фақат яхшилик учун хизмат қилади. Ишхоангизда ҳам бугун мамнун тортишга арзирли воқеа содир бўлади. Раҳбарлар сизни мукофотга лойиқ деб топишлари кутилади. Кечқурун қариндошлардан бири билан жиддий суҳбат қуришингиз кутилмоқда.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

10 сентябрда энг муҳим ахборотларни ўтказиб юбормаслик учун сергак туришингиз керак. Сизга ҳасад қиладиганлар тиқилиб ётибди. Сиз эса ёлғиз. Айримлар ҳаётида куннинг иккинчи ярмига бориб қувончли воқеа содир бўлиши мумкин. Сиз ва қарама-қарши жинс вакил ёки вакиласи бўлмиш ҳамкасблардан бирининг ўртасида муҳаббатга ўхшаш тотли туйғулар пайдо бўлади. Бу туйғуларга қандай муносабатда бўлиш сизнинг ишингиз.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Бугун келгуси ҳаётингизда муҳим аҳамият касб этиши кутилаётган ишни охирига етказасиз. У сизга мўмай даромад ҳам олиб келади. Муҳаббатда нафақат оиласизлар, балки оилалиларнинг айримлари ҳам сохта хушомад тўрига илиниши мумкин. Эҳтиёт бўлинг. Бу тўрга тушсангиз, ҳаётингиз барбод бўлади. Кечқурун пиёда узоқ вақт тоза ҳавода сайр қилишингиз тавсия этилади. Шу баҳонада соғлиғингиз мустаҳкам тортади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

10 сентябр куни шахсий бизнесига эга дўстларимиз рақобатчилар билан масофа сақлаганлари маъқул. Майли, улар сизга қўнғироқ қилсин, қўрқитсин. Сиз сукут сақланг. Қўлларидан барибир сизга ёмонлик қилиш келмайди. Худонинг ўзи сизни паноҳига олади. Бугунги кун руҳият масаласида жуда оғир кечади. Асабларни эҳтиётланг. Кечқурун хизмат сафарига жўнаб кетсангиз, билингки, сафар сизга моддий манфаат ҳам ҳадя этади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Агар бугунга харидларни амалга оширишни режа қилган бўлсангиз, бу амални кейинга суришингиз керак. Пул яқин орада ундан-да муҳимроқ амал учун зарур бўлади. Бу амал оилавий байрам ёки шу каби оммавий тантана бўлиб чиқиши мумкин. Ижод кишилари учун бугунги кун жуда унумли ҳамда қувончли кечади. Саломатлигингизга путур етишини истамасангиз, оғир юк кўтарманг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

10 сентябрда молиявий аҳволингиз қуюқ туман орасида қолиши кутилади. Шунинг учун янги кўнгилсиз вазиятларга тушмаслик учун ҳушёрликни оширинг. Оилавий ҳаётингизда кўнгилсизликлар кузатилмайди. Оиласизлар кечки пайт романтик учрашувлардан умид қилаверсалар бўлади. Муҳаббат ниҳоят қалбингизни забт этади. Кечқурун овқатланиш режимини кўздан ўтказиб олинг. Ёғли, шўр ва аччиқ таомлар истеъмолидан тийилинг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Бугун балиқ буржи остида туғилганлар молия, спорт ва муҳаббатда тўлиқ ғалаба қозонишади. Аммо хурсанд бўлганингиздан пулларингизни бўлар-бўлмасга сарфлайверманг. Кейин қийналиб қоласиз. Баъзилар меҳнат таътилига чиқишлари мумкин. Варикоз, мигрендан безовта бўлаётганлар врач қабулига чиқиб келсалар ёмон бўлмайди.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади