Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам аёл

1

Бир чўпон ҳамиша уйидан олисда яшашни маъқул кўрарди. Ваҳоланки, унинг хотини ва икки қизи бор бўлиб, чўпон оиласи билан умр кечиришни истамас экан. Ҳар икки ойда бир бора келиб оиласи учун егуликларни тахт қилиб бераркану, сўнг яна тоғу тошларга қайтиб кетаркан. Кунларнинг бирида хотини эридан шубҳаланибди. «Нега ҳамиша уйга икки ойда келади. Тоғда бирортасини топиб олдимикан» деган гумон кўнглига оралабди. Сўнг қозига бориб эридан шикоят қилибди. «Эрим уйдан олисда яшашни хоҳлаб қолган. Ҳар икки ойда егулик ташлаб кетгани келади холос. Гохида болаларим билан оч қолиб кетаман»,-  дебди аёл кўзига ёш олиб. «Негалигини ўзидан сўрамадингизми»,- дебди қози. «Айтмайди, мен билан гаплашишни ҳам истамайди. Менимча бошқа аёлни топиб олган бўлса керак. Илтимос у билан гаплашиб кўринг, фақат менинг келганимни айтманг»,- дебди хотин қозига. Қози одам жўнатиб чўпонни тоғдан олиб келтирибди. «Эй чўпон нега уйингизда яшамаяпсиз. Тоғ билан уйингизнинг ораси узоқ эмас-ку, ҳар куни келиб кетсангиз бўлади. Бунинг устига совуқ кунларда тоғда яшаш шартми?» Қозининг саволини эшитган чўпон мийиғида кулиб. «Тақсир бир кеча бизникида меҳмон бўлинг»,-  дебди. Қози ёнига икки одамни олиб чўпоннинг уйига йўл олибди. Дарвоза ёнига яқинлашишганда остонанинг чанг тупроқ бўлиб ётганини кўрган қози чўпонга ҳайрат нигоҳи билан боқибди. Чўпон эса индамай дарвозани тақиллатибди. Эшикни чўпоннинг сочлари тўзғиган катта қизи очиб келганларга салом бермай ичкарига кириб кетибди. Чўпон меҳмонларни ўзи бошлабди. Ҳовли қараб бўлмас даражада ифлос эди. Ҳамма нарса ёйилиб сочилган. Чўпон катта қизига чой қўйишни буюрибди. «Нега мен. Ана кичик қизингизга айтинг»,- деб лабини бурибди тўнғич фарзанди. «Сенга айтди-ку, нега мени қўшасан»,- бақирибди уйдан туриб кенжа қиз. Бир зумда меҳмонлар кўз ўнгида опа сингил уришиб кетишибди. Қизларни қаргаганча ховлида она пайдо бўлибди. Ҳамма гапга тушунган қози чўпонга қараб. «Сиз уйингиздан безор бўлган экансиз-да»,- дебди. «Тақсир аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Хулоса чиқариш сиздан»,- деб жавоб қилибди чўпон. «Узр биродар сизга бу уйдан кўра тоғу тошлар афзал экан»,- деганча қози ҳовлини тарк этибди.

Бугун аёлларимизнинг нолиганларини кўп эшитамиз. Жуфти ҳалоли бошқа аёл ёнига кетиб қолганидан ўзи билан яшашни истамаётганидан шикоят қилишади. Аммо яхшилаб ўйлаб кўринг, балки эркак уйдан безор бўлгандир. Саришталик ҳам, фаришталик ҳам аёлларга хос фазилат. Шу фазилатларни ёддан чиқариб қўймадингизми? Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам аёл эканлигини унутмадикми?

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Xa ayollar ham ozlarini boshqa ayollar bilan solishtirib kurishsa kamchiliklarini tushunisharmikin. Boshqa ayollarni kiyimi tilla taqinchoqlariga emas uy tutishi va fikrlashidan uzlariga hulosa qilishi kerak menimcha.

Comments are closed.