Кеча Аллоҳдан сўрайверардим, бугун…

0

….Кеча савобларни кўпайтириш пайида юрардим, бугун кўп гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилаяпман.

….Кеча ҳар нарсанинг энг яхшиларини олардим, бугун борига қаноат қилишни ўргандим.

….Кеча тенгқурларим билан кўпроқ суҳбат қилардим, бугун кексаларни тинглагим келади.

….Кеча юз йиллар яшайдиган одамдек юрардим, бугун умримнинг сўнгги кунлари ўтаётгандек туюлади.

….Кеча насиҳат қилаверардим, бугун ибрат бўлишга интиламан.

….Кеча кўпларни танқид қилардим, бугун ўшаларни рағбатлантирадиган бўлганман.

….Кеча кўп билишга қизиқардим, бугун борига амал қилишга уринаяпман.

….Кеча кўнгилларни қолдиришдан оғринмасдим, бугун кўнгилларни ололмаётганимдан сиқиламан

….Кеча хато қилишса жазолардим, бугун тузатишларига имкон бергим келади.

….Кеча бировнинг жонига тегиб ҳазил қилишга рағбатим бор эди, бугун бировнинг шаъни тўкиладиган ҳазилдан нафратланаман.

….Кеча инсонларга ишонардим, бугун юрагимни фақат Раҳмонга очаман.

….Кеча мени унутганларни эслаб ўкинардим, бугун мени эслаб яшайдиганларниям унутиб қўяётгандекман.

….Кеча бўш вақтимда қиладиган ишларнинг режасини қилардим, бугун режадаги ишларимни қилиш учун вақт қидираман.

….Кеча олимларнинг илмига ҳавас қилардим, бугун тақводорларнинг амалига мафтунман.

….Кеча Аллоҳдан сўрайверардим, бугун Аллоҳ олдида сўралишим борлигини ўйлайман.

….Кеча соғиниб яшашни билардим, бугун соғинтириб узоқлашадиган бўлганман.

….Кеча билганларимни бошқаларга ўргансин деб узатардим, бугун бошқалардан нима ўргансам бўлади деб кузатаман.

….Кеча ранжитишса ўзим ҳисоб- китоб қилиб олардим, бугун ҳаммасини Ҳаққа топшириб кетавераман.

….Кеча кўзларимга Кабани кўрмоқ орзуси тинчлик бермасди, бугун кўнглимга Кабани қуришни дуода сўраяпман.

….Кеча яшашим кераклигини билардим, бугун ўлим муқаррарлигини англаганман.

loading...