СЎЗДАН БОШҚА НЕЙИМ БОР…

0

 

 

* * *

 

Мен сароблар саҳросида сарсонман,

Қора қисмат қаъридаги қурбонман

Меҳр кутар кўзлари тўрт бир жонман,

Кўздан бошқа нейим ҳам бор, Оллоҳим!

 

* * *

 

Дард чекканда жиндай илинж изладим,

Ҳазилакам бўзраймадим…

Бўзладим,

Қаҳратоннинг қаҳри қаттиқ…

Музладим,

Муздан бошқа нейим ҳам бор, Оллоҳим!

 

* * *

 

Осмон тўла юлдуз олис, ой олис,

Қадди расо, қоши камон, ёй олис,

Излай десам, излаб борар жой олис,

Издан бошқа нейим ҳам бор, Оллоҳим!

 

* * *

 

Мени осмон фалагингдан паст қилма,

Қалбим қонсин, баҳорингни бас қилма,

Сўзхонайи харобимга қасд қилма,

Сўздан бошқа нейим ҳам бор, Оллоҳим!

Сўздан бошқа нейим ҳам бор, Оллоҳим!

Олимжон ҲАЙИТ