«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «УСМОНИЙЛАРНИНГ БУГУНГИ АВЛОДЛАРИ»

0

 

 

ХУРРАМ СУЛТОН ВА СУЛАЙМОННИНГ БУГУНГИ

МЕРОСХЎРИ

 

Бугунги кунда Хуррам султон ҳамда султон Сулаймоннинг яна бир меросхўри, авлоди орамизда яшамоқда. У Роксан Кунтер хонимдир.

Роксан 1984 йил Истамбулда таваллуд топган. Қисқа вақт Францияда яшаган. Кейин яна ватанга қайтган. Ўн йилдан кўпроқ вақт Туркия баскетболи юлдузи ҳисобланиб келган. Ҳозир эса машҳур телебошловчи. Спорт хабарларини эфирга узатади. Туркиянинг энг гўзал аёли сифатида эътироф этилади.

 

ОИЛАСИ:

 

Отаси Эрман Кунтер ҳозир ҳам баскетбол бўйича Туркия термасини бошқаради. Онаси косметика билан боғлиқ компанияда ишлайди. Турмушга чиққан. Ўғли 6 ёшга тўлди.

Султонлар сулоласидан бўлишига қарамай, Роксан камтар аёл. Бировлардан ўзини юқори кўрмайди. Камтаргина ҳаёт тарзини кечиради. Саройи ҳам, қуллари, армияси ҳам йўқ.

Ўтмишдаги аждодлари бўлмиш усмонийлар билан жуда фахрланади. Айтишича, Роксан Кунтерни ҳам «Муҳташам юз йил» сериалида бош ролга — ўзининг беш авлод олдинги бувижониси Хуррам султон ролига таклиф этишган. Лекин айрим сабабларга кўра бу ролни ижро эта олмаган. Шунга қарамай, Хуррам султон образини яратган актриса Мерям Узерлидан жуда миннатдор. Ҳақиқатан, Узерли Хуррам султон образини кўнгилдагидек ярата олганини тан олади.

 

УСМОНИЙЛАРНИНГ  БУГУНГИ  ШАҲЗОДАСИ

 

Гарчи бир аср олдин усмонийлар империяси тугатилиб, Туркия республикаси бунёд этилган бўлса-да, бу сулоланинг авлодлари ҳозирги кунда ҳам ҳақиқатан орамизда кўп. Улардан бири шаҳзода Ўрхан Мурод Усмонўғлидир. У 1972 йил 26 декабр куни Англияда туғилган. Султон Мурод V нинг беш авлод кейинги чевараси ҳисобланади.

Ўрхан Лондон университетини тугаллаган. Иқтисод ва бизнес соҳасида ишлаб, инвестиция компанияларидан бирини бошқаради.

2000 йили Ўрхан Патриция Эмине исмли аёлга уйланган. Ҳозир уларнинг икки ўғли бор. Тўнғичи Турон Жем Эфенди 2004 йил 7 январда, кенжаси Тамир Ниҳод Эфенди 15 апрел 2006 йили туғилган. Бу оила ҳозир Англиянинг Бакингемшир графлигида истиқомат қилади.

Ўрхан Мурод Усмонўғли «Муҳташам юз йил» сериалига ижобий муносабат билдирган. Унинг айтишича, сериал экранларга чиққандан сўнг усмонийлар тарихига кўпчиликда қизиқиш уйғонган.

Отаси Усмон Салоҳиддин Усмонўғли усмонийлар оиласининг 41- етакчиси Али Восибнинг ўғли. 1940 йили Александрияда туғилган. Ота-онаси ўша пайтларда қувғинда эди. У султон Мурод V нинг ота тарафдан чевараси. Онаси Эмине Мукбиле султон Меҳмед V нинг ота тарафдан невараси ҳисобланади. Усмон Салоҳиддин «Муҳташам юз йил» сериалини танқид қилганларга шундай жавоб қилган:

— Бу бадиий асар, ҳужжатли фильм эмас. Агар ҳужжатли фильм бўлиб хатоликларга йўл қўйилса, танқид қилишга ҳақли эдингиз. Лекин сериални танқид қилиш нотўғри. Унга асосан режиссёр ва сценарий муаллифларининг фантазияси сингдирилади. Бусиз киноасар томошабинни ўзига ром эта олмайди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади