Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 13 сентябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Тўғри йўлдан адашмаслик учун бугун ҳаёт қонунлари ва айрим қоидаларга амал қилишингиз керак. Қаердадир сукут сақланг, қаердадир аксинча ораторга айланинг. Тажовузкорликка мойи одамлар билан эҳтиёт бўлиб мулоқот қилинг. Улар нафақат сиз, балки оила аъзоларингизга ҳам зиён етказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Мабодо мазангиз қочса, уйда халқона усуллар ёрдамида даволанинг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

13 сентябр куни садоқат ҳақида гапирманг, уни муҳаббатингизга уйғунлаштиринг. Оилалилардан кимдир бекитиқчасига қарама-қарши жинс вакили ёки вакиласи билан ишқий саргузаштларга берилган бўлса, ҳушёр туришсин. Жуфтингиз сезиб қолса, қиёмат қойим бўлади. Молиявий муаммоларни бартараф этишда жиддий асаббузарликларга дуч келишингиз кутилади. Шамоллаб қолишдан сақланинг. Кечқурун тоза ҳаво сайрига чиқинг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун ярамас, мараз одамлар билан билиб-билмай мулоқот қилиб, бунинг оқибатида руҳий жароҳатлар олишингиз кутилмоқда. Афсуски, жамиятда шундайлар ҳам топилади. Ундайларни айланиб ўтишга ҳаракат қилинг. Яқин дўстлардан бири куннинг иккинчи ярмида қўнғироқ қилади. Бу қўнғироқ яқин келажакдаги режаларни ўзгартиришга мажбур этади. Рўзғордаги икир-чикирлар оиласизларнинг романтик кайфиятига салбий таъсир ўтказиши мумкин.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

13 сентябрда ўзингизни бутун борлиғи билан севгувчи инсонни қайта синовларга маҳкум этманг. Тақдирнинг ўзи ҳар банданинг йўлини тўғрилаб қўя олади. Молиявий масалада эҳтиёткорлик билан ҳаракатлар содир этинг. Айниқса, кимгадир пул жўнатаётганда сергак туринг. Бугун қисқичбақа буржи остида туғилган аёллар уйда супур-сидир билан жиддий шуғулланишлари зарур. Ёши улуғ қариндошларнинг маслаҳат ва насиҳатларини инкор этманг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

13 сентябр куни жонингизни жабборга бериб ишлашингиз шарт эмас. Аста ишласангиз ҳам мақсадга албатта етасиз, керакли даромадни оласиз. Ижод кишилари гонорарини ундириш пайида бўлишади ва кун давомида югур-югурлардан бўшамасликлари мумкин. Хизмат сафарига жўнаб кетиш арафасида турганлар ҳужжатларни тўғри расмийлаштиришлари талаб этилади. Хатога йўл қўйсангиз, бу хато қимматга тушиши мумкин.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Қачонки кўп нарсага эга чиқиш иштиёқида бўлсангиз, аксига олгандек кам билан қолишга мажбур бўласиз. Тўғри, бу ҳам ҳаётнинг шафқатсиз қонунларидан бири. Шунинг учун мартаба ва лавозимни ошириш ниятида юрганлар шошмасликлари керак. Куннинг иккинчи ярмида бообрў бир инсон билан учрашишингиз ҳаётингизнинг барча жабҳаларига таъсир ўтказиши мумкин. Муҳаббатда қатъиятлилик бугун учун зиён келтиради. Ён беринг ва жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизнинг эътиборини янада кўпроқ қозонинг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

13 сентябрда тақдир инъом этадиган барча имкониятлардан унумли фойдаланинг. Қуёшгача ета олмасангиз-да, муваффақиятлар чўққисини аниқ забт этасиз. Агар рўзғор масаласида доно бўлишса, қариндошлар билан баҳсга киришманг. Бугун сафарлар, бошқа жойга кўчиб ўтиш ва хусусий мулк олди-сотдиси муваффақиятли кечади. Соғлиғингизни эҳтиёт қилинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Бугун иш жойингизда раҳбарлар бошқа ҳамкасблар уддалай олмаган ишларни ҳам сизнинг зиммангизга юкласа, сира ҳайрон бўлманг. Демак, сиз уларнинг ишончини қозона олгансиз, профессионал ходимсиз. Шу баҳонада ҳамкасблар олдида обрўйингиз яна бир поғона юқорига кўтарилади. Ўтмишдаги муҳаббатга қайтишга уринманг. Бугунгиси билан муносабатларни мустаҳкамланг. Оиласизлар танлаган инсонини яна бир карра синовдан, назоратдан ўтказиш учун қўшимча имконият эга бўлишади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

13 сентябр куни шундай бир вазиятга тушасизки, бу оғир ва чалкашликлардан иборат бўлиши мумкин. Бироқ ортга чекинишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг. Бу вазият сизга мактаб вазифасини ўтайди. Муҳаббат бобида шошма-шошарликка йўл қўйманг. Жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга ишонинг. Зимдан текширувларни бас қилинг. Кечқурун қўлингизга бажарган ишларингиз учун мўмай даромад келиб тушади. Баракасини берсин.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун биринчи қиладиган ишингиз саломатлигингизни мустаҳкамлашдан иборат бўлади. Иммунитетингиз пасайиб кетган бўлса, дарҳол чорасини кўришингиз керак. Соғлиғингиз яхши бўлса, спорт билан шуғуллансангиз ҳам фойдадан холи бўлмайди. Шу баҳонада оила ташвишларидан вақтинча бўлса-да чалғийсиз. Серқатнов йўлларда эҳтиётингизни қилинг. Пулларингизни ақл билан сарфланг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

13 сентябрда бир сония ҳам бўшашманг. Бу омадга эришиш йўлидаги имкониятларингизни йўққа чиқаради. Фаол ишлаш жараёнида робот эмас, оддий одамлигингизни эслашга сабаб топилади. Бу дам олиш ва вақтида овқатланишдир. Бугун айримлар муҳим ҳужжатлар билан ишлаш учун кўп вақт сарфлашади. Тадбиркорлар учун ҳамкорлар билан келишувлар ва ҳуқуқшунослардан фойдали маслаҳатлар олиш омадли кечади.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Бугун балиқ буржи остида туғилганлар анчадан бери кўришмаган яқин инсонлар билан учрашиб қолишади. Уларнинг маслаҳатларига албатта амал қилинг. Организмингиз хоҳишига бўйсунинг. Вақтида режим асосида ва меъёрни билган ҳолда овқатланинг. Маданий дам олиш масаласига алоҳида эътибор қаратинг. Куннинг иккинчи ярмида айрим эскирган маҳсулотлар туфайли заҳарланиш ва аллергия каби ёқимсиз ҳолатларни бошдан кечиришингиз хавфи бор. Кечқурун ёқимли хабар эшитасиз.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади