Американинг 145 та йирик компанияси қурол савдоси қоидаларини қатъийлаштиришни сўраб мурожаат йўллади

0

Американинг Levi Strauss, Twitter, Uber каби жами 145 компаниясининг бош директорлари қуролли зўравонлик билан боғлиқ инқирозни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини сўраб, АҚШ Сенатига мактуб йўллади, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Мактуб муаллифлари ҳукуматдан ўқотар қуролларни харид қилаётганларнинг биографик маълумотларини қатъий текшириш ва судларнинг потенциал хавфли ҳисобланган одамлардан уларнинг қуролларини вақтинча олиб қўйиш имконини берадиган «қизил байроқча» тизимини кенг ёйишни сўрамоқда.

«Қуролли зўравонлик билан боғлиқ инқироз борасида ҳеч нарса қилмаслик шунчаки йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракат. Қурол хавфсизлиги борасида Америка жамоатчилигини қўллаб-қувватлаш вақти келди», — дейилади мактубда.

Сўнгги вақтларда жамоатчилик фикрининг босими остида кўплаб компаниялар мазкур масалага нисбатан ўз муносабатини билдирмоқда. Ўтган ҳафта Walmart тармоғи ташриф буюрувчилардан дўконда очиқ ҳолда қурол олиб юрмасликни сўраган, шунингдек, ўқотар қуроллар учун айрим турдаги ўқ-дорилар савдоси тўхтатилганини эълон қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида АҚШнинг Эль-Пасо шаҳридаги Walmart савдо марказида содир бўлган отишма оқибатида 20 киши ҳалок бўлганди.