“Автофалокат туфайли саломатлигим буткул издан чиқди, аммо МИБ айбдордан зарарни ундириб бермаяпти” мақоласига расмий изоҳ

0

Ушбу номдаги мақола жорий йилнинг 26 август куни хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқалган эди. Унда шундай сўзлар бор:

“Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан ёзмоқдаман. Мени маст ҳолатдаги ҳайдовчи машинада уриб қочиб кетган. Оқибатда, чап оёғим ва ўнг қўлим майдаланиб синган, бош миям чайқалган. Ҳозиргача 5 маротаба операция бўлганман. Оёқ суягим чириганидан 6 сантиметр калта бўлиб қолди. Ҳозирда моддий ва маънавий зарарни ундириш иши МИБда ижро этилмай ётибди. Айбдор ҳайдовчи ўша вақтда “Қўлларингдан келганини қилинглар, мен амнистияга чиқиб бўлдим…” деб ёрдам бермаган эди. Саломатлигимни тиклашим учун менга пул жуда зарур. Зарарни ундиришга МИБ ёрдам ёрдам бермаса, ким ёрдам беради?”

Мазкур хабар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва хабар юзасидан МИБ ахборот хизмати маркази қуйидагиларни маълум қилди.

Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 16.08.2018 йилдаги ижро варақасига асосан, қарздор Бекмирзаев Аббос Ботир ўғлидан ундирувчи Алланазаров Неъмат Ахадович фойдасига 15 млн 49 минг сўм етказилган зарарни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 02.11.2018 йилда Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Натижада шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, тарафларга қарор нусхаси юборилган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Қарздор А.Бекмирзаевнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган бўлиб, олинган жавобларга кўра, қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Бекмирзаевдан жорий йилнинг 12 январь куни 1 млн сўм, 02 февраль куни 400 минг сўм, 25 март куни 500 минг сўм, 06 май куни 250 минг сўм, 10 июнь куни 250 минг сўм ва 02 июль куни 250 минг сўм ундирилиб, ундирувчи Н.Алланазаровга тилхат асосида топширилган.

Бундан ташқари, ҳозирда қарздор А.Бекмирзаев Қумқўрғон тумани “Ниёзов Абулқосим” хусусий корхонасига ишчи вазифасига ишга жойлаштирилган бўлиб, ундирув 04.03.2019 йилдаги талабнома асосида қарздорнинг иш ҳақига қаратилган.

Ижро ҳаракатлари давомида, 17.08.2019 йилда қарздор А.Бекмирзаевнинг уйи ва ёрдамчи хўжаликлари маҳалла фаоллари ҳамда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг яшаш манзилида ундирувга қаратиш мумкин бўлган мол-мулки аниқланмаган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими томонидан назоратга олинган ҳолда ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.