Фақат кучли инсонларгина кечира оладилар

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами муносабати билан 65 нафар маҳкумга нисбатан афв эълон қилиш ҳақидаги Фармонга имзо чекди.

Фармонга биноан, 17 нафар шахснинг жазоси тўлиқ бекор қилинди, 13 нафари жазони ўташдан шартли равишда озод этилди, 20 нафар шахснинг жазоси енгилроғига алмаштирилди, 14 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо муддати қисқартирилди, 1 нафар шахс эса озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасидан озод этилди.

Афв этилганларнинг 39 нафари тақиқланган ташкилотлардаги фаолияти учун жавобгарликка тортилган эди.

Афв этилганларнинг 1 нафари 60 ёшдан ошган шахс бўлиб, 4 нафари аёллардир.

Мамлакатимизда эълон қилинган янги ислоҳотлар даврида бу биринчи ва ягона авф ва амнистия эмас. Аввал ҳам бир неча марта бундай меҳр-шафқат акатлари эълон қилинди. Қолаверса, мамлакатда амр этилган бағрикенглик сиёсати туфайли хориждан хато йўлга кирган қанча ватандошларимизнинг юртга қайтишларига изн берилди.

АВФ ВА АМНИСТИЯ НИМАСИ БИЛАН ФАРҚЛАНАДИ?

Мустақилликка эришган кунимиздан то шу бугунгача ўттиздан зиёд амнистия эълон қилинган бўлса, авф бор-йўғи беш марта эълон қилинган. Авф ва амнистия институтлари азалий миллий қадриятларимизга мосдир. Негаки тинч, аҳил, меҳрли, кечиримли яшаш халқимизга хос фазилат.

Қонунни бузган, бироқ ўз қилмиши ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига ўтганини қатъиятлик билан намоён қилган шахсларга жамият ва ўз оиласи даврасига қайтиш имкони берилиши, ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши ҳисобланади.

Амнистия ва авфнинг мақсади битта — меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир.

Шу билан бирга, бу икки тушунча бир-биридан фарқланади.

Афв – бу муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб жазодан озод қилиш ҳисобланади. Амнистия эса аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади. Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахслар, аёллар ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганларга амнистия акти қўлланилади. Бунда амнистияга неча киши тушиши, кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афв ҳужжатида эса кимларга қўлланилаётгани номма-ном ёзилади.

Афв фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида – дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин. Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига биноан, афв фақат Президент томонидан эълон қилинади. Амнистия акти эса Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлисининг Сенати томонидан эълон қилинади.

Амнистия актларини қўллаш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ва судлар томонидан кўриб чиқилади. 2008 йилдан бошлаб, амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни фақат судлар чиқариши белгилаб қўйилган. Афвни қўллаш масаласини эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади.

Амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Аммо афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас.

Афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлади. Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини ҳал этиши лозим. Бироқ қонунчиликда истисно тарзда жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ўзига амнистия акти қўлланишини хоҳламаса, уларга амнистия актини қўллаш тақиқланади.

Амнистия актининг ҳуқуқий оқибатлари кенгроқ бўлади. Яъни, амнистия акти қўлланилиши натижасида шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши; маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан озод этилиши; маҳкумга тайинланган асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазонинг қисқартирилиши (камайтирилиши); маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши; маҳкумга тайинланган жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши; жиноят содир этган шахсдан судланганлик муддатидан илгари олиб ташланиши мумкин

Афв эса фақат маҳкумларга қўлланишини ҳисобга олганда, авфнинг оқибатида маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод этилади; жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади; умрбод озодликдан маҳрум этиш ёки бошқа ўталмаган жазони нисбатан енгилроқ жазо билан алмаштирилади; судланганлик олиб ташланади.

Амнистия акти эълон қилинишига жиноят содир этган шахслар ҳеч қандай кўринишда таъсир ўтказа олмайди. Бу ҳукуматнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, вазият тақозо этганда бир йил ичида бир неча маротаба эълон қилиниши ёки эълон қилинмаслиги ҳам мумкин..

Афвни қўллаш учун эса одатда жиноят содир этган шахслар ҳукумат қарорига бевосита таъсир ўтказади. Яъни афвни қўллаш ёки қўлламаслик масаласи уларнинг ташаббуси билан ҳам бевосита боғлиқ бўлади.

Амнистия ва афв ўртасида яна бир мўъжаз, аммо музим фарқ – бу шахсий омилларнинг таъсирида кўринади. Зеро, афвни қўллашда маҳкумнинг қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигига, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволига (қарамоғида вояга етмаган фарзандлар, меҳнатга қобилиятсиз эр (хотин) ва (ёки) кекса ёшдаги ота-онаси мавжудлигига) эътибор қаратилади.

Амнистия актида эса ҳар доим ҳам бундай омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмайди. Масалан, амнистияда 60 ёшдан ошган кексалар жазодан озод этилиши ҳақида қоида бўлса, бу барча кексаларга бирдек қўлланади. Улар орасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлмагани бўлса ҳам, амнистия акти асосида озодликка чиқарилади. Ёки бундай ҳолда уларнинг оилавий аҳволини ўрганишга ҳам эҳтиёж йўқ.

Ҳуқуқшунослик қоидаларига кўра, амнистия норматив акт ҳисобланади, афв эса бундай эмас. Чунки амнистия ҳуқуқ нормасининг туғилишига сабаб бўлади, афв эса ҳуқуқни қўллаш характеридаги акт холос. Шунингдек, афв аниқ шахсга йўналтирилгани сабабли янги қоида яратмайди, ўзга шахсларга таъсир қилмайди, қонунчиликдаги тартибларга ўзгариш киритмайди. Шунга кўра афв норматив акт сифатида баҳоланмайди.

АВФНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Фармони ва у билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом” мазкур жараённи тартибга солади

Ушбу Низом афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади. Афв этиш муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди.

Афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини қабул қилиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР ДАВРИ ИНСОНПАРВАРЛИК АКТЛАРИ

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги илк амнистия Ўзбекистон Конституцияси 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган қарор эди. Унга биноан, аёллар, жиноятни содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, I ёки II гуруҳ ногиронлари, жумладан сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб эътироф этилган шахслар ҳамда чет эл фуқаролари жазодан озод қилиниши кўзда тутилганди.

ТАРИХИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР

Россияда амнистия (юнонча amnestia – унутиш, кечириш) – жиноят содир этган муайян доирадаги шахсларни жиноий жавобгарликдан ёки жазодан тўла ёки қисман озод қилиш ёки жазони бошқа енгилроғига алмаштириш ёхуд муддатни қисқартириш, судланганликни олиб ташлаш ҳисобланади. Россия Федерациясида амнистияни Давлат Думаси эълон қилади.

Авф этиш институти даунёда давлатчилик пайдо бўлгандаёқ юзага келгандир. У қадимий Хаммурапи қонунларидаёқ кўзда тутилганди. Барча монархлар ва императорлар, хонлар ва амирлар халқни, бир томондан, жазолаш ва, иккинчи томондан, авф этиш ёки мукофотлаш орқали бошқарардилар. Халқимизнинг “Яхши ошини ейди, ёмон бошини ейди” деган мақоли шунга нисбатдир.

Ҳокимиятда авф этиш ҳуқуқи суиистеъмол қилиниши мумкинлигини, ашаддий жиноятчилар саройдаги танишлари туфайли жазодан озод этилаётганини кўрган айрим файласуфлар ва олимлар авфга қарши ҳам бўлганлар. Маърифат асрида, масалан, Кант ва Вольтер бу жараённи танқид қилганлар. Шу жиҳатдан Франциянинг 1791 йилги биринчи буржуа Жиноят колексига авф этиш киритилмаганди.

Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича Халқаро пактнинг 6-моддаси 4-қисмига кўра ўлимга ҳукм этилган ҳар бир шахс авф сўраб мурожаат қилишга ҳақлидир.

АҚШда авф қилиш ҳуқуқи нафақат Президентга, балким штатлар бошлиқларига ҳам берилган.

Исландия Конституциясининг 29-моддасига кўра, Президентнафақат маҳкумларни авф этиши, балким, агар етарлича сабаблар бўлса, судгача бўлган жараёнларда ишни тўхтатиши мумкин.

Италияда авфнинг икки хили мавжуд – indulto ва grazia: биринчисини парламент қабул қилади; иккинчисини Президент қўллаши мумкин. Швейцария Қўшма Штатлари Конституциясининг 173-моддасига кўра, Президент эмас, фақат Парламент авф актини қўллаши мумкин.

Айтиш керакки, қатор ривожланган демократик давлатларда, масалан, Англия, АҚШ, Канада, Германия, Швецияда давлат томонидан авф этиш умуман йўқдир. Бунинг сабаби авфнинг моҳиятида эмас, унинг ёрдамида ашаддий жиноятчилар жазодан қутилиб кетиши эҳтимолида ва барчанинг қонун олдида тенглиги тамойили барқарорлигидадир.

ХУЛОСА

Амнистия ва авф давлатда судлов одил, адолат устувор бўлгандагина ўзининг мақсадларига эриша олади.

Буюк ватанпарвар Махатма Ганди: “Майда, заиф кимсалар кекчи бўладилар, кечира олмайдилар. Фақат кучли инсонларгина кечира олади”, деганди. Ўзбекистон Президентининг авф этиш борасидаги изчил қарори халқимизга хос бағрикенглик, динимизга мос силлаи раҳмнинг намоёнидир ва давлатимизнинг салоҳиятидан даракдир.

Карим БАҲРИЕВ

uza.uz