Топ-20: Ўзбекистондаги мактаблар рейтинги — айрим вилоятларда 50таликка кирган мактаб ҳам йўқ

0

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан республика мактаблар миллий рейтинги ишлаб чиқилган. 2019 йилги рейтингнинг биринчи поғонасини Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 27-мактаб банд этган.

Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 1-мактаб иккинчи, Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 30-мактаб учинчи ўриндан жой олган. Рейтинг тузишда 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси, олий ва биринчи тоифадаги ўқитувчилар кўрсаткичи ва сўровномалар натижалари асосидаги тўпланган баллар ҳисобга олинган.

Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га фармони асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтингини тузиш вазифаси юклатилган. Ушбу фармон ижроси юзасидан умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича миллий рейтинг тизими ишлаб чиқилган. Мазкур рейтинг келгусида халқаро майдонда, Ўзбекистон Республикасининг PISA-2021 халқаро баҳолаш дастурига тайёргарлик жараёнига ҳам хизмат қилиши кўзда тутилган.

Топ-20таликдаги қолган ўринлар қуйидагича жойлашган:

4-ўрин – Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани 66-мактаб;

5-ўрин – Наманган вилояти, Поп тумани, 7-мактаб;

6-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан тумани, 41-мактаб;

7-ўрин – Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, 37-мактаб;

8-ўрин – Наманган вилояти, Наманган тумани, 23-мактаб;

9-ўрин – Наманган вилояти, Уйчи тумани, 23-мактаб;

10-ўрин – Қашқадарё вилояти, Касби тумани, 26-мактаб;

11-ўрин – Хоразм вилояти, Шовот тумани, 28-мактаб;

12-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан тумани, 30-мактаб;

13-ўрин – Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар 10-мактаб;

14-ўрин – Хоразм вилояти, Боғот тумани, 5-мактаб;

15-ўрин – Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани, 4-мактаб;

16-ўрин – Наманган вилояти, Косонсой тумани, 28-мактаб;

17-ўрин – Хоразм вилояти, Хива шаҳар, 2-мактаб;

18-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан туман, 23-мактаб;

19-ўрин – Фарғона вилояти, Фарғона тумани, 10-мактаб;

20-ўрин – Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани, 58-мактаб;

Энг яхши 20та мактаб қаторидан Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси мактаблари жой ололмаган. Жумладан, Самарқанд вилоятининг энг яхши балл олган мактаби рўйхатнинг 51-ўрнидан жой олган бўлса, Сирдарё вакили 61-, Қорақалпоғистоннинг энг яхши мактаби 100-ўринда жойлашган.