«Тошкент—Андижон» поезди электр таъминотидаги узилиш сабаб Ангренда салкам бир соат қолиб кетди

0

«Тошкент—Андижон» йўналишида ҳаракатланаётган 60-сонли йўловчи поезди 13 сентябрь куни соат 9:25 да Ангрен вокзалида 50 дақиқага тўхтаб қолган.

«Ўзтемирйўлйўловчи» компаниясининг «Ўзбекистон темир йўллари» сайтида эълон қилинган баёнотига кўра, бунга «ташқи электр тармоғида юзага келган носозлик сабаб бўлган».

«Кўрилган чора-тадбирлар туфайли юзага келган носозлик бартараф қилиниб, темирйўлга етказиб берилаётган энергия таъминоти тикланди. Айни дақиқада электропоездларнинг мунтазам ҳаракати йўлга қўйилган», — дейилади темирйўл компанияси ахборотида.

Юз берган ҳодиса муносабати йўловчиларга келтирилган ноқулайликлар учун «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси йўловчилардан узр сўраган.

«Тошкент—Андижон» йўналишидаги поездлар электр таъминотидаги узилишлар сабаб биринчи марта ярим йўлда тўхтаб қолаётгани йўқ. 16 июль куни 62-сонли йўловчи поезд электровозининг электр қувватида узилиш кузатилиб, поезд бир соат тўхтаб қолган эди. Ўшанда поезд йўловчилари: «Одамлар иссиқда кабоб бўляпти», деб ижтимоий тармоқларда хабар қолдирган эди.