АЛАМЗАДА… (15-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Севинч болаликдан бир одатига содиқ эди. Энг мушкул вазиятларда фақат қалбига қулоқ тутарди. Бу гал ҳам шундай йўл тутишни ихтиёр этди. Толибга сир бой бермасликни маъқул кўрди.

— Сен сал айёрроқ бўл, — уқтирарди қалби. — Бу дунё жудаям шафқатсиз. «Тўғри бошни қилич кесмас» деган гапларга ишонма. Қиличман деганининг бари фақат тўғри бошларни кесишга ошифта. Шундай экан, айёрликни қўлдан берма! Ўзинг айтгандинг-ку, «Ҳали уйингга илондай тўлғониб-тўлғониб, буралиб-буралиб кириб бораман» деб! Эсингдан чиқдими?

«Йўқ, эсимда ҳаммаси, — кўнглидан ўтказди Севинч Толибнинг бу гал ёлғиз юрганига ҳайрон бўлса-да, унга ҳайратини сездирмай. — Мен ўзинг кўрсатган йўлдангина бораман, жон қалбим. Биламан, сен мени ҳеч қачон алдамагансан, менга хиёнат қилмагансан. Мени дар қўймагансан. Ҳамиша ёнимда, кўксимда бўлгансан. Илойим, сен-у менга кўз тегмасин!..»

Толиб йўл бўйи Севинчга ҳеч нарса демади. Машинасини катта тезликда бошқариб, аҳён-аҳёнда қовоқ уйганча кўзгучадан тикилиб қўйди, холос.

Тахминан ўн беш дақиқа юрилгач, машинани кичик бир кўчага бурди. Севинч ҳам атайин сўз қотмади. Бу кетишнинг охири нима билан тугашини кутди.

— Етиб келдик, — деди Толиб темир дарвозали ҳовли рўпарасида машинани тўхтатгач. — Тушавер, қўрқма! Ҳозир ҳаммасини ўз кўзларинг билан кўрасан!

Севинч шошилмасдан пастга тушди-да, қошлари чимирилганнамо Толибга боқди.

— Қани, юрақол, вақт кетмасин! — деди Толиб ҳовли тарафни кўрсатиб. — Сен кўрадиганлар худди шу уйда. Юр!

Улар олдинма-кетин ичкарига киришди. Ҳовли ҳақиқатан ҳашаматли ва шинам эди. Лекин бу гўзаллик Севинчга заррача таъсир ўтказмади. У ҳиссиз нигоҳларини Толибга тиккан ҳолда нима кўрсатишини интиқ кутарди.

Толиб кўрибоқ зипиллаганча келиб қаршисида хизматга шайланган икки шотирга бир-бир менсимай назар ташлади-да, паканароқ, бошига ўсмирлар кепкасини қўндириб олган, 25 ёш атрофидаги йигитга юзланди.

— Хўш, ертўлада аҳвол қалай? — шивирлаб сўради ундан иккинчи шотирга кўз ташлаш асносида. — Анавилар ўлиб-нетиб қолмадими ишқилиб?

— Э, ака, — Толибга жавобан шивирлаб ахборот бера кетди пакана шотир. — Унақалар тегирмонга тушса тирик чиқади. Жинам урмайди уларга.

— Овқат-повқат бердиларингми?

— Бердик, ўзингиз буюриб кетганларнинг ҳаммасини опкириб берганмиз боя.

— Сотим-чи? Қорасини кўрсатмадими?

— Йўқ, келмади. Қўрқади келишга, ака, қўрқади!

— Бўпти, бор, тез оч ертўлани! Ўзим кириб кўришим керак.

— Хўп бўлади! — шотир шоша-пиша киссасидан бир даста калит чиқарди-да, ертўла томон зипиллади. Толиб эса Севинч томон ўгирилиб боши билан «кетдик» ишорасини қилди.

 

* * *

 

Умри бино бўлиб даҳшатли манзарага дуч келиб кўрмаган қиз учун ертўладаги ҳолат қаршисида болаликдаги қабристон воқеаси ҳолвага айланди.

Бурчакда худди жонивор каби оёқ-қўли бойланиб, ҳатто томоғига арқон солинган, олдида эса итлар таом ейдиган ялоқ тўла сасиган шўрвани кўрди-ю, Севинчнинг ранги докадек оқариб кетди. На қочиб қолишни, на тураверишни билди. Сал қурса йиғлаб юбораёзди. Аммо ёнидаги Толибга яна сир бой бергиси келмай, эҳтиёт шарт лабларини қаттиқ тишлаб олди. Сал қўрқув нари чекингач, қалбини ҳайрат ва нафрат туйғуси банд этди. Бу бир-бирига буткул қарама-қарши туйғу Севинчнинг хаёлларини чалкаштириб юборди.

«Наҳотки, шундай эркин ва тўкин замонда Толибга ўхшаганлар билган қандини еяверса? — ўйларди Севинч. — Уларни суриштирадиган, танобини тортиб қўядиганлар йўқми? Уч бирдай эркакни гўё мол қиёфасига киритиб қўйгани нимаси? Нега бундай қилди? Шунчалик маразми Толиб? Албатта, мараз бўлмаса, отамни шу кўйга солмасди, ягона ҳовлимиздан жудо қилмасди, биз кўчаларда қолмасдик… Ҳа, бу ифлос атайин мени бу ерга опкелибди. Зўрлигини, нималарга қодирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлибди. Шу йўл билан менинг тилимни қисмоқчи, қўрқитмоқни хаёл қилибди. Аммо мен-чи?.. Қўрқмайман. Юрагим даҳшатлардан тўкилиб кетсаям, қўрқмайман. Иродамни опичлаб оламан, вужудимга кўлмакдай йиғилиб қолган нафратларни маҳкам кўксимга босаман-у, олдинга юраман. Ҳеч қачон ортга чекинмайман. Чекинсам, манавинга ўхшаган арвоҳсифатлар мени эзғилаб ташлайверишади. Худойим, менга ўзинг куч, қувват, сабр бер! Ёмонлардан отажонимнинг ўчини олишимда ўзинг кўмакчи бўл!..»

— Сен менга ишонмадинг-а? — ўртадаги сукутни бузиб Севинчга юзланди Толиб. — Қара, анавиларнинг аҳволига разм сол! Кўряпсанми?

— Кўрмасман-ку, — зардали оҳангда жавоб қайтарди Севинч. — Кўрдим. Хўш, нима демоқчисиз бу билан? Мен… Ҳеч нарсага тушунмадим.

— Мана шу ифлослар Баҳром деган душманимнинг югурдаклари эди. — деди Толиб уч барзангини кўрсатиб. — Мана шулар уйингни ёққан, отангни ҳалигидай… Ногирон қилиб қўйган.

— Йўғ-э, — дея атайин ёқа ушлади Севинч. — Шулар-а? Ишонмайман. Сиздай одамдан ҳайиқмай шу ишни қилишадими? Бўлиши мумкинмас.

— Ҳа, шундай бўлган. Буларни Сотим шатакка олган. Кўргандинг-ку, ҳайдовчим бўларди. Ўша ифлос менинг номимдан сенга хат қолдириб кетган.

— Буларга отажоним нима ёмонлик қилиб эди? Ҳеч бирини танимаса, умрида кўрмаган бўлса…

— Ҳамма гап шунда-да, танимасди. Лекин Баҳромни жуда яхши танирди отанг. Баҳромнинг буйруғини бажармагани учунам мана шуларнинг касрига қолди.

— Қандай буйруқ? — гап нимадалигини пайқаб турса-да, эжикилаб сўради Севинч. — Отамга сиздан бошқаси буйруқ бермасди-ку!

— Э, бобойни Россияга юборгандим. Ёғочларимни қўриқлаб келишга. Ўша ёқда Баҳромнинг гумашталари вагонларга ўт қўйган. Ишқилиб, нима бўлган-у, отанг ўрмонда адашиб, охири Баҳромнинг ҳамтовоқларига йўлиққан. У эса отанг орқали мени заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлган. Бобой… Йўлига пўписалаганимни нотўғри тушуниб, сал бўлмаса мени заҳарлаб қўяёзди-да, Севинч!..

— Билмадим, — — елка қисиб юзини терс бурди Севинч. — Билганим… Сиз жуда қўрқинчли одамакансиз. Йўқса, манавиндай… Тирик одамларни ҳайвон кунига солмасдингиз.

— Бу нима деганинг? — бақириб юборди Толиб. — Нега ишонмайсан? Вей, ҳали мен бандасининг олдида ўзимни ҳозирчалик ерга урмаганман. Шуни биласанми?

— Билмайман, — ер чизди Севинч. — Билганим, биз хонавайрон бўлдик. Энди ҳеч қачон олдинги яхши кунларимиз орқага қайтмайди.

— Шуунақами? — Толиб бир муддат тараддудланиб турди-да, кутилмаганда Севинчнинг билагига ёпишди. — Юр, яна бир жойга олиб бораман, юр!

— Қўйворинг, — Севинч силтаниб унинг қўлидан халос бўлишга уринди. Кучи етмагач, ёлғондакам йиғламсиради. — Қўйворинг дедим! Отам ёлғиз қолган, мен тезда отамнинг олдига етиб боришим керак! Қўйворинг!

— Отангни шу ерга келтиришади, айтаман! — деди Толиб Севинчни ташқарига судраб. — Бундан кейин меникида яшайсанлар иккалангам! Сен ҳозироқ мен билан бир жойга боришинг керак. Қўрқма, сенга ҳеч нарса бўлмайди.

Севинч ортиқча қаршилик билдира олмади. Толиб бу гал энди қандай каромат кўрсатишига қизиқсиниб, ташқарига юрди.

 

* * *

 

Толиб Севинчни янада ҳайрат ва шубҳаларга кўмиб, ташқарига чиқишгач, кетиб қолмаслигини қаттиқ тайинлади-ю, ўзи ичкарига чопди.

Севинч ҳамон нималар бўлаётгани, Толибнинг нияти нималигини идрок эта олмасди. Лекин кўнгли ғаш тортмаётгани сабабми, ортиқча ваҳимага тушмади. Фақат бегона квартирада ёлғиз қолиб кетган отасидан хавотир олди.

Орадан беш дақиқача вақт ўтиб, Толиб спорт кийимида, ярқираган мотоциклни вағиллатганча чиқиб келди.

— Ўтир, — буюрди Севинчга. — Тез бўл, қизалоқ! Бўлсанг-чи тез, вақтимиз зиқ!

Нима ҳам қила оларди? Қалбини сония сайин интиқом алангаси забтига ола бораётган Севинч шубҳа-гумонларга бўйин эгмай мотоциклга ўтирди. Шу заҳоти Толиб газни буради…

Мотоцикл ўқдек учганча катта йўл бўйлаб кетиб борарди. Орқада ўтирган Севинчнинг эса бўлари бўлаёзган. У ҳеч қачон мотоциклда учмагани сабабли қўрқувдан ўлай дерди. Бақиргиси келарди. Аммо Толибнинг олдида ўзини ожиз ва нотавон кўрсатишни хоҳламасди. Чидарди. Юраги шувиллаб кетаётган бўлса-да, кўзларини чирт юмган кўйи сукут сақларди.

Аксига олгандек, йўл ҳам кўплаб айланма, хавфли бурилишлардан иборат эди. Мотоцикл ҳар ёнбошлаб бурилганда, Севинч жонҳолатда лаб тишлар, хаёлан «Ана энди ўламан! Бу мараз мениям бошимга етади» дея ўйларди.

Шу аснода анча йўл юришгач, Толиб мотоциклни денгиздек мовий сувли, кенг, майда тўлқинлари мавж уриб, одамнинг кўзини яшнатувчи бир кўл бўйида тўхтатди.

Энди Севинчда ўлими яқинлигига сира шубҳа қолмади. Мотоциклдан йиқилиб эмас, мана шу чуқурдан чуқур кўлга чўкиб ўлиши муқаррарлигига кўзи етди. У қалбан қиз бола бўлиб туғилганидан, ожизалигидан нолиб Толибга ер остидан қўрқув аралаш қаради.

Толиб эса бирор ҳаракат содир этишга шошилмасди. Кўл ва катта серқатнов йўлни бир-биридан ажратиб турган темир тўсиққа суянганча Севинчга еб қўйгудек тикиларди.

Бу тикилиши ўн етти яшар, ҳуркак қизни гоҳ таҳлика, гоҳ ваҳимага соларди.

Севинч қанча Толибдан кўзларини олиб қочмасин, унинг тикилишдан тийилмаётганини руҳан сезиб турар, шунинг учун титраб-титраб, оёқлари ёрдамида ширқумга ниманидир чизиш билан кифояланарди.

Қалби ҳам жуда безовта эди. У Севинчнинг кўксини тирмалаб, тепиб, қандайдир номаълум, бироқ ёқимли туйғуни сингдирмоққа уринарди.

Охири тоқати тоқ бўлди. Севинч қанча оғир бўлмасин, ўзини қўлга олиб илкис бошини кўтарди.

— Мени нега бу ерга опкелдингиз? — сўради совуққонлик билан Толибдан. — Кўрсатмайсизми кўрсатадиганингизни?

Толиб индамади. Шу тахлит аста қаддини ростлади-да, Севинчга жуда яқин келди. Шунда ҳам унинг кўзларидан нигоҳларини тортиб олмади.

Қиз шу тобда ғалати бир ҳолатда қолиб кетганди. Бир томондан қўрқув юрагига раҳна солар, иккинчи томондан қаршисидаги келишган, совуққон йигитнинг нигоҳлари аъзойи баданини тешгудек қадаларди.

— У сени севиб қолмаганмикан? — дерди қалби титраб. — Қара, нигоҳлари тобора ўткирлашиб боряпти. Эҳтиёт бўл, тағин юзингдан бўса олиб қўймасин!..

Шу чақириқ Севинчни қизаришга, ҳаяжондан қалқишга, кўзларини юмишга мажбур қилди. Қизнинг муҳаббатга ташна кўнгли қисқа муддатга бўлса-да, ўзини ўраб турган нафрат, аламни ҳайдаб солди. Кўнгил эрий бошлади. Севинч ўзини жуда-жуда юксак чўққи бошида тасаввур этди. Агар сал ноўрин қимирлаб юборса, оёғи тойиб кетадигандек қўрқди. Яна ширин уйқуда тотлидан тотли туш кўраётгандек бўлди. Уйғониб кетишдан, тотли тушини йўқотиб қўйишдан чўчиди.

Бахтга қарши бу ёқимли лаҳзалар узоққа чўзилмади. Бир-биридан қайноқ лаблар жуда яқин келганда, Толиб тўсатдан ўзини нари олди-да, хохолаб кулиб юборди. Шу кўйи бир неча ўн сония кулди ва бирдан тўхтаб Севинчга масхараомуз боқди.

— Ҳа, ҳозир Толиб акам ўпади, муҳаббат изҳор қилади деб ўйлабмидинг? — сўради у худди кўз қарашлари каби масхараомуз оҳангда. — Мени-я? Вей, менинг кимлигимни биласанми ўзи? Нега энди сендай қишлақи қизга муҳаббат изҳор қилишим керак?

— Ифлос! — Севинч бу сўз қандай оғзидан чиқиб кетганини-да пайқамай қолди. Бироқ бу гал қўрқмади. Бир марта киприк қоқгулик вақт орасида қалбини чулғаб олган тотли туйғулар қаергадир ғойиб бўлиб, ўрнини қайтадан алам ҳисси эгаллади. Шу сабабли телбаларча сўзланишдан ўзини тия олмади. — Мени ким деб ўйлаяпсан? Қишлоқи, ҳеч нарсага ақли етмайди, гўл, аҳмоқ деб хаёл қилдингми? Биласанми… Сендақалардан ҳазар қиламан, ҳазар!..

Шундай деди-ю, Севинч дуч келган тарафга чопмоққа шайланди. Бу сафар ҳам Толибнинг кучли қўллари уни тўхтатиб қолди. Толиб Севинчнинг билагини маҳкам сиққанча куч билан мотоциклга ўтқазди.

— Ўти-ир! — У қичқирганда боши қайта-қайта силкиниб, сочлари телбаники каби тўзғиб кетди. — Ўтирмай ҳам кўр-чи!..

Нима ҳам қила оларди? Ўзини қанча уёқдан буёққа уриб додламасин, нафи тегмайди. Бу манзилни етти ухлаб тушида кўрмаган.

Севинч аламдан қон йиғлаётган, Толибни кўришга кўзи қолмаётган бўлса-да, барибир қалб истагига бўйсунишдан бўлак илож топа олмади. Итоаткорона мотоциклга ўтирди. Толиб олдинга зарда билан чўкди-ю, газни босди…

 

* * *

 

Оламга тун чўкди. Севинч шунча йиғлади, юпанди, ўйлади, фикрлади. Боши берк кўчадан чиқиб кета олмади. Айниқса, Толибнинг зўрлиги билан отаси иккаласининг ўзи учун совуқ, ёқимсиз, файзсиз ҳовлига олиб келиниши Севинчни баттар азобларди. У нима қилишни, қай деворга бош уришни билмасди. Отасининг жонсиз ҳайкал каби тўшакда қотганча ётганига кўзи тушгани сайин минг чандон эзиларди. Қадрдон, суюкли қишлоғига отасини олиб кетгиси, дунёнинг барча лаззатидан кечиб бўлса-да, сокинликка, хотиржамликка ошно тутингиси келарди. Эзгуликка элтувчи йўллар аллақачон беркилганини вужудида туйгани ҳамоно ўксик кўнглини бағрига босишдан нарига ўта олмасди.

Қалби эса… Қалби қур-қур ўша лаҳзалардаги бир-биридан ёқимли ҳисларни, нимасидир танасига ўта қайноқ тотни туйдирган бегона, совуқ, нафрат олови кулига беланган нафасни қўмсарди. Бу нафас шарпаси лаблари узра чумолидек ўрмалагани сари потирлаб, Севинчни тўлғонишга мажбур қиларди.

— Бу нима қилганинг? — охири чидолмай шивирлади Севинч йиғидан қизарган кўзларини ишқалаб. — Биз не ниятларда келгандик бу шаҳарга? Унутдингми? Шунчалар сотқинмисан? Ахир, мен аблаҳларни сева олмайман! Буни менданам яхшироқ биласан-ку!.. Йўқ, нима десанг деявер! Барибир сенга қулоқ осмайман! Севги юрагимга сиғмайди. Умуман, ким қўйибди сен-у менга севгини? Отамнинг ётишини қара, шафқатсиз! Фақат ўзингни ўйлайсанми? Отажоним-чи? Шундай одамни мўлтиратиб қўйиб, мени бировнинг, қаёқдаги маразнинг йўлига кўз тиктирмоқчимисан? Тиктириб бўпсан! Менга ҳеч кимнинг кераги йўқ! Ўшандан отамнинг ўчини олмагунимча, кўксим исимайди!..

Шу маҳал деразани кимдир оҳиста чертгандек туюлди. Севинч бир сесканиб ўрнидан турди ва овоз келган томонга қараб юрди.

Ташқарида Толиб унга термилганча турар, қўлидаги сигаретни чҳар тортганда, чўғи учқунлаб-учқунлаб кетарди.

Толибни кўрди-ю, Севинч яна юраги музга айланиб бораётганини ҳис этди. Ихтиёри қўлдан кета бошлаганини аниқ-тиниқ идрок эта бошлади. Лаблари бир-бирига ёпишиб, оғиз очишга қўймади. Шу тахлит худди мурда каби Толибга қараганча қотиб тураверди.

Биларди, ҳозир Толиб атиги бир марта имлаб қошига чорласа, Севинч мисоли итоаткор жонзот қиёфасига киради-ю, беихтиёр ташқарига йўл олади. Шунинг учун эҳтиёт шарт дераза тутқичини икки қўли билан маҳкам ушлаб олди. Шундай қилса, Толибнинг чорлови уни ўрнидан қўзғата олмайдигандек туюлди.

Севинч юраги қинидан чиққудек безовталанарди. Толиб тап тортмай кириб келиши, қалби у томон талпина бошлаши, ихтиёри қўлдан кетиши муққаррарлигидан қўрқарди. Шу сабабли гуноҳ эканини яхши билса-да, ўзини муҳаббатга тобелик балосидан қутқариш учун иблисни ёрдамга чақиришни лозим топди.

«Шайтон, биламан, сен ўч, алам, қасосга ташнасан. Майли, мени ўша ўчоғингга етакла! Шундай қилгинки, мен интиқомга шай турай! Фақат Толибдек зўравоннинг қалбимга кириб олишига йўл берма! Нима ниятда бу шаҳарга келганимни, кўнглимга қандай ниятларни жо қилганимни ёдимга сол! Таъна қил, азобла, мени телба қиёфасига кирит! Ҳаммасига розиман! Толибнинг таъқибидан қутқарсанг бас!.. Биламан, бу ишимни, сен билан тиллашишимни, буйруқларингга итоат этишимни, етагингга киришимни ҳеч ким хушламайди. Қарғишга қолишим тайин. Бироқ нима қилай? Отамнинг ярим жонлиги олдида бу қарғишлар нима бўлибди? Падарим интиқом қиёматга қолмаганини, Толиб ҳам худди шундай ногиронлар аравачасидан жой олганини, зўрлиги ерга кўмилганини кўриб севинса бас, мен бир умр қарғишлар ёмғири остида ивиб яшашгаям розиман!..»

Бу интилиши даҳшатнинг ўзи эди. Аммо бу даҳшатни шу тобда Севинчнинг ўзи заррача ҳис этмасди. Нима қилиб бўлмасин, қалби хотиржам тортишини, асосий ишга тезроқ қўл уришни хоҳларди. Афсуски, бу ишни қачон ва қандай бошлашни билмасди. Яна пўпанаклаш палласида қолган тафаккури иблис йўл кўрсатишига писанда қиларди…

Шайтони лаинга қалби сир бой бермади. Яратган Толибнинг хаёлини чалғитдими, дераза қаршисида яна бир дона сигарет тутатиб турди-ю, қўл силтаганча хонаси томон йўл олди. Шундан кейингина Севинч сал бўшашиб каравотига чўзилди. Кўзларини юмган заҳоти юраги ҳам потирлашдан тийилди.

 

* * *

 

Эртаси куни кечгача Севинч хаёлан турли режалар тузиш билан банд бўлди. Аввало Толибни кўрса, пинагини бузмасликка, хотиржам бўлишга, қалбига қулоқ тутмасдан, жиддий туришга онт ичди. Шундай қилса, ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш осон кечиши муқаррардек туюлди.

Режаси эса одатий режалардан деярли фарқ қилмасди. Биринчи бўлиб Толибга ёлғондакам ишқий мактублар бита бошлайди. Шубҳасиз, Толиб мактубларни ўқийди-ю, юрагига ўт тушиб уни қидириш пайида бўлади. Рўбарў бўлишганда эса Севинч тониб тураверади. Худди Толибнинг ўзи ёнғиндан сўнг ёзган хатидан тонган каби сўзида туриб олади. Севинч душманни руҳан қийнашнинг ажойиб усули шу эканига амин бўлди. Қолган ишларни йўл-йўлакай пухталаштиришга қарор қилди-ю, вақт хуфтонга яқинлаганда, хонанинг бўғиқ ҳавосидан димиқиб ҳовли айланиш илинжида ташқарига чиқди.

Толиб келмабди. Ҳовлида шотирлар, уй йиғиштириш, овқат пишириш учун келиб кетадиган қиз-жувонлар ҳам кўринмади. Фақат дарвозахона рўпарасидаги гулзорда пакана, қориндор, чўққисоқол қоровул чол чўнқайган кўйи ой шуъласида нимадир терарди. Уни кўриб беихтиёр Севинчнинг кулгиси қистади. Чунки чол ҳар чўнқайиб қаддини кўтарганда пастга осилиб тушаёзган қорни чайқалиб-чайқалиб қўярди. Бу Севинчга бўш қорилган хамирдек туюлиб кетди.

«Тавба, — кўнглидан ўтказди кулиб юборишдан аранг ўзини тийиб. — Бало бормикан бу семиз чолга бу ерда? Туришидан роса хўрага ўхшайди. Йўқса, қорни бунақа каттариб кетмасди. Нон цехида қоровуллик қилса бўларкан. Чала пишган бўлка нондан кўп еб қўйиб, думалаб-думалаб юраверарди…»

Бир маҳал кўча тарафда машинанинг чўзиб сигнал чалгани қулоғига чалинди. Кутганидек қоровул чол думалагудек пилдираб ҳарсиллаганча ўша ёққа чопди. Севинч эса бирдан юраги ғаш тортиб ўзини икки қадам орқага олди-да, қулоғини динг қилди.

Зум ўтмай дарвоза очилиб, беш-олти шотир етагида Толиб ҳовлига кирди. Севинч чироқ ёруғида аниқ кўрди. Унинг юз-кўзлари, кийимларигача қонга ботган, қон баъзи шотирларнинг кийимида ҳам кўзга ташланарди. Қоровул чол ҳам бир четга ўтиб ранги бўзарганча турарди.

Бу ҳолатни кўриб Севинчнинг жони чиқиб кетаёзди. Қандай Толиб томон отилганини сезмай қолди.

— Сизга нима бўлди, Толиб ака? — қичқирди унга яқинлашибоқ Севинч. — Қайси мараз сизни бу аҳволга солди, қайси?

Толиб тўхташга тўхтади-ю, момоталоқ юз-кўзларини кафтлари билан беркитишга тутинди ва бошини эгганча чайқала бошлади.

— Сен… Хонангга кир, — деди шу ҳолатини йўқотмаган кўйи Севинчга. — Б-бизнинг ишга аралашма! Бор, кир!..

— Нега? — қайсарларча Толибга қаттиқроқ тикилиб сўрашда давом этди Севинч. — Нега киришим керак? Ахир… Аҳволингизни қаранг!.. Мен…

Бу гал Толибнинг ўрнига барзанги шотирлардан бири Севинчнинг сўзини кесди.

— Бор, сингил, айтганни қил, — деди у совуққонлик билан. — Сен аралашма бизнинг ишга! Кир хонангга, дамингни ол, кеч бўлиб қолди!..

Шундай деди-ю, шерикларига «кетдик» ишорасини қилди. Улар Толибни қўли бўш пайтларда истироҳат қиладиган хонаси томон етаклай кетишди.

Севинч эса ҳамон бир ерда қотиб турар, аламдан додлагудек бўларди.

Унга Толибнинг рад жавоби, шотирнинг совуққон муомаласи алам қилмасди. Севинчнинг қалби юм-юм йиғларди. Толибнинг калтакланганини кўрган лаҳзаданоқ, жони оғриётганини чуқур ҳис этиб унсиз фарёд чекарди.

Аксига олгандек, хона эшигига етмай, Толиб жазава аралаш шотирларга қичқира бошлади. Унинг қичқириғи Севинчнинг жонини узиб-узиб олар бўлди.

— Мени беркитларинг, — дерди Толиб хириллаб. — Ертўлагами, ернинг тагигами кўмиб, яшириб ташлаларинг! Ҳозир ментлар етиб келади, ментлар! Тезроқ бўлларинг! Мени топа олмасликлари керак! Мен ғойиб бўлишим шарт!

Шотирлар уни ўртага олганча ертўлага тушиб кетишди. Севинч эса нималар бўлаётганини, Толиб қайси милиция ҳақида гапирганини сира идрок эта олмасди.

Ҳали хаёлларини бир нуқтага жамлаб улгурмай, ҳақиқатан ҳовлига юзларига қора ниқоб тортган, қўлларида автомат, фонарлар тутган олти-етти нафар барваста-барваста милиционерлар чопиб кирди.

— Тўхталаринг! — буюрди улардан бири қоровул чол ва Севинчга. — Тез ерга юзтубан ётларинг, тез!

Севинч умри бино бўлиб бегона эркаклар қаршисида чўзилиб ётиб кўрмаганди. Юраги қўрқувдан тўхтагудек бўлса-да, иккиланиб қолди. Девдек йигитлар олдида ётиб олишга истиҳола қилди.

— Сенга нима дейилди? — ўшқирди унга яқин келиб милиционерлардан бири билагини маҳкам сиққанча ётишга ундаркан. — Бўл дедим!

Севинч буйруққа бўйсунишга мажбур эди. Кўзларини чирт юмди-ю, қоровул чолдан сал нарироққа юзтубан ётди.

— Уй ичларини титиб ташлаларинг! — буюрди Севинчни ётишга мажбурлаган мелиса. — Биронтаям ковак-тешик қолмасин! У шу ерда! Қочиб кетолмайди!..

Шу тобда ҳув наридаги хона эшиги очилиб, Мелибой мироб аравачасини қўллари ёрдамида ғилдиратган кўйи чиқиб қолди. Қизининг ерда юзтубан ётганини, милиционерлар қуршовида қолганини ўша ердан туриб бўлса-да, кўриб икки қўлини баланд кўтарди-да, ув торта бошлади.

— Ким у пес? — дағдаға аралаш ерда ётган Севинчдан сўради мелисалар каттаси. — Гапир, ким у?

— О-отам, — дея олди зўрға Севинч. — У… Касал… Касал.

— Бу ерда нима қиляпти касал бўлса? Пишириб қўйганмиди ўғриникида?

— Даволатишга опкелгандим, — жавоб қилди Севинч таваккал. — Куни кеча келдик.

— Шунақами? — мелисалар каттаси мироб томонга менсимайгина қараб тургач, Севинчга буюрди. — Тур ўрнингдан!

Севинч турди ва унга савол назари билан боқди.

— Даволатишга келган бўлсанг, бу уйда нима қиляпсанлар? — сўрашда давом этди мелисалар каттаси. — Ё мени чалғитмоқчимисан? Гапир!

— Й-йўқ, бизга бир одам шу уйни ижарага топиб берди.

— Талмовсирама! — жеркиб берди милиционер. — Вей, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Шу баттол ўғри уйига ижарачи қўярканми?

У Севинчга яқин келиб иягини сиқимлади.

— Айт, қақажон қиз, Толиб ким бўлади сенларга, ким? Агар ростини айтсанг, қўйвораман!

— Толиб? — ростакамига талмовсираётган каби елка қисди Севинч. — Танимайман унақа одамни. Бизни-чи, Ҳайдар сувчи деган қишлоқдошимиз шу ерга опкелганди. Жойлаштирди-ю, ўзи жўнаб кетди.

— Қишлоқданмисан? — сўради милиционер. — Қайси…

У саволини охирига етказмай, шериклари Толиб ва шотирларини қўллари кишанланган ҳолда ертўладан юқорига олиб чиқишди. Милиционер улар томонга нафрат аралаш қараб турди-да, қоровул чол ва Севинчга дағдаға қилди.

— Даф бўлларинг! Ичкарига кирларинг! Керак бўлсанг, ўзимиз олиб кетамиз! Тез бўлларинг дедим!

Севинч бир балодан халос бўлганига хаёлан шукр қилиб югурганча борди-ю, отаси ўтирган аравачани ими-жимида ичкарига хонага олиб кириб кетди.

Аммо барибир юрагидаги ғашлик тарқалмади. Толибнинг бошига не кўргилик тушганини англашга уринаверди. Шу ҳақда ҳар ўйлаганда тўкилай деяверди.

Хавотирлар уни яна дераза қаршисига етаклади. Ташқарида Толиб милиционерларга ҳақлигини исботламоқчи бўларди.

— Биз ҳеч қандай айб қилмадик, — дерди у бошини ҳийла эгиб. — Анавиларнинг ўзи нариватса қилди-ку, камандир! Нима қилсин бизнинг оғайнилар? Жаҳли чиқиб кетди, уриб ташлашди!

— Бозор-чи, бозор? — дўқ аралаш уни саволга тутди милиционер. — Катта холанг бормиди бозорда сенларга? Нима қилиб ўралашиб юргандиларинг? Нимага бозорчилардан улуш талаб қилдиларинг? Ким ҳуқуқ берди сенларга?

— Хўп, — совуқ тиржайди Толиб. — Келишиб кетамиз, камандир! Еча қолинг энди кишанингизни!

— Бўлимга борайлик, ўша ерда ечамиз! Қани, ортларинг ҳаммасини машинага!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ