ОДАМ ЎЛГАЧ, РУҲНИНГ БОШҚА БИР ЯНГИ ТАНАГА КЎЧИШИ ҲАҚИҚАТМИ?..

0

 

Шахсан мен бу теорияга умуман ишонмайман. Аммо олимлар гўдакларнинг тили чиққанданоқ аллақачонлар ўлиб кетган одамнинг ҳаётини ипидан игнасигача гапириб бериши, ота-онаси ва яқинларига аслида ўша одам ўзи эканини айта бошлашидан келиб чиқиб, руҳнинг бир танадан иккинчи танага кўчиши ҳақиқат деб ҳисоблашади.

Уларнинг таъкидлашича, аксар ҳолларда ўғил болалар ўзининг ўтган ҳаёти ҳақида гапира бошлашади. Уларнинг кўпчилиги олдинги ҳаётда 30 ёшга кириб кирмай ўлдириб юборилганини айтади. Айримлари эса ростдан ҳам кексалик ёшигача яшаганини, ўз ажали билан ўлганини таъкидлайди.

Бир одамнинг ўлиши ва янги танага кўчиш ҳолати ўртасида 16-20 ой масофа бўларкан.

Бахтга қарши бу болалар 6 ёшга етгач, ўтмишдаги ҳаётини унутишади. Янги эмоция, таассуротлар, дунёқараш уларнинг миясини тамоман ўзгартириб юборади.

 

Шанаи

 

Бу бола Тайланда туғилган ва 3 ёшидаёқ ота-онасига аслида у муаллим экани, исми-шарифи Буа Кай эканини айтадиган бўлди. Шанаининг айтишича, Буа мактабда ўқувчиларга дарс бераётганда, номаълум кимсалар орқадан келиб отиб кетишган экан.

Ажабланарлиси, у ота-онасидан Буа яшаган қишлоққа олиб боришларини сўрайвериб уларни хит қилди. Охири рози бўлишди. Қишлоқ номини ҳам Шанаининг ўзи айтди. Автобусдан тушишгач, ота-онасини қўлидан етаклаганча тўппа-тўғри Буа яшаган уйни топиб борди. Қишлоқ одамларини ҳам таниди, ҳатто, исмларигача айтиб бера олди.

Бундан ҳам даҳшатлиси, Буанинг ота-онаси уни кўриб, оғзидан ўғли ҳақидаги ҳақиқатларни эшитгач, ҳайратдан ёқа ушлади.

Бундан ҳам ҳайратланарлиси шунда эдики, Шанаининг танасидаги Буани отишганда ўқ кириб чиқиб кетган жой туғма ҳол тусига кирганди.

 

Кендра Картер

 

Америкалик 4 яшар қизалоқ Кендра Картер ҳам тили чиққандан бир ҳақиқатни ҳаммага гапириб бера бошлади. Бундан олдин ўзи сузишга қатнайдиган бассейн муаллимаси унинг онаси эканини айтди. Муаллима билан тез орада яқин дўстлардек бўлиб қолди. Ҳатто, уникида тунаб қоладиган ҳам бўлди. Кейин айтди. Қизалоқнинг ҳикоя қилишича, муаллимаси ҳомиладор бўлган-у, бахтсиз тасодиф туфайли боласи тушиб қолган экан. Кендра эса ўша дунё юзини кўрмаган чақалоқ экан. Гапига шубҳа қилмасликлари учун муаллима ҳомиладорлик пайтида бошидан ўтган воқеаларни оқизмай-томизмай гапириб берди. Бу ҳикояни эшитган муаллиманинг ўзи ҳам қотиб қолганди. Шу даражада шокка тушдики, Кендранинг ота-онаси билан жанжаллашиб ҳам қолди. Қизалоқни сузиш машқларига юбормасликларини талаб қилди. Улар рози бўлишди. Бироқ Кендра тўрт ярим ёшга етганда депрессия ҳолатини бошдан кечира бошлади. Шунда ота-онаси яна ўша муаллимага учрашиб, қайтадан сузиш машқларига қатнашга изн беришини сўрашди. Муаллима рози бўлди. Лекин қизалоқ у билан масофа сақлаган ҳолда юриши лозимлигини талаб қилди. Бу муаллиманинг сўнгги ва ягона шарти эди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади