АЛАМЗАДА… (16-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Орадан ярим соат ўтдими-йўқми, дарвоза шарақлаб очилиб, ҳовлига Толиб шотирларини эргаштирганча кириб келди. Кийимларини ҳам алмаштириб олибди. Юзидаги тилинган, шилинган жойларга лекопластир ёпиштирибди.

Севинч уни кўрди дегунча ўзи сезмаган ҳолда ҳовлиқиб ташқарига отилди. Мелибой миробнинг қўл силтаб қайтаришига-да қараб ўтирмади. Бир неча марта киприк қоқгулик вақт ичида ҳовлида — Толибнинг қаршисида ҳозир бўлди. Толиб эсон-омон қайтганига, мелисалар таъқибидан қутулганига шукр қилди. Толиб эса уни кўриб негадир афтини бужмайтириб олди. Гарчи юришдан тўхтаган бўлса-да, бир оғиз ширин сўз демади. Аксинча бир неча марта мироб ўтирган хона томон кўз ташлаб олгач, шотирлардан бирига юзланди.

— Вей, манавиларни эрталаб отаси билан бирга Шўртепадаги фермамизга обориб қўйларинг, — деди у оғир хўрсиниб. — Ферма жа ифлосланиб кетибди. Итдан тарқаган қоровулам ичкиликка берилиб молларга қарамай қўйганди.

— Чолниям-а? — жавдираб Толибга боқди шотир. — Ахир…

— Обор, кўп гапирма, — деди Толиб шотирнинг гапини кесиб. — Фермага борса, қишлоғида юргандай бўлади. Касал бўлмайди.

Толибнинг кутилмаган қарорини эшитиб, Севинч сал қурса додлаб юбораёзди. Шу заҳоти юрагини ваҳм босди. Алами келди. Отаси иккови буларнинг олдида ҳеч ким эмаслигини яна бир карра ҳис этиб, боягина қалбини чулғаб турган ёқимли ҳислардан жудо бўлди.

— Сингил, сен мени тўғри тушун, — ҳийла ўзини босиб уқтирди Толиб Севинчнинг норозилана бошлаганини дарров пайқаб. — Фермада тинч бўласизлар. Бобой ҳам тоза ҳаводан нафас олиб, анча ўзига кеп қолади. Қўрқма, сизлардан хабар олиб туришади.

— Мен сиз ўйлаганчалик қўрқоқмасман, — жавоб қилди қайсарлик билан Севинч. — Фақат бу шаҳарга ўқиш ва отажонимни оёққа турғазиш учун келгандим. Умуман тушунмай қолдим, олдинига мажбурлаб бизни уйингизга опкелдингиз, энди бўлса, қандайдир фермага жўнатишни хоҳлаб қопсиз. Биздан нима истайсиз ўзи?

Толиб Севинчнинг мардона жавобига қойил қолдими, қур-қур оғриқ бераётган жароҳатларни ҳам унутиб, унга яқинроқ келди.

— Жуда дадилсан-у-а? — Севинчнинг қулоғига шивирлади Толиб. — Мендай одам билан шунақа оҳангда гаплашяпсан. Тағин кўнгилчангни оғритиб қўймаймин!

— Кўнгилчам оғриб-оғриб чарчаган, — деди Севинч сал ўзини орқага олиб. — Бемалол айтаверсинлар айтадиганларини! Ўрганибам қолдим дўқларингизга!

— Маладес, — дея совуқ кулимсиради Толиб. — Ўрганганинг мақтовга лойиқ. Сендақа қизлар узоққа боради, ишон… Майли, хонангга кирақол! Ўқишингга тайёргарлик кўр, отангга қара! Фақат… Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз. Айтганча, ферма ҳақидаги гапларимни унут! Шунчаки сени синаш учун айтгандим. Аслида у ер сен борадиган жоймас. Бор, сингил, бор!

— Перевязка керакмасми мабодо? — сўради Севинч Толибнинг жароҳатига ишора қилиб. — Ҳамширалик келади қўлимдан. Агар…

— Шунақами? Зўр-ку! Хўп, агар керак бўлиб қолса, дўхтир чақириб юрмайдиган бўпмиз. Борақол!

Севинчнинг кўнгли ёришиб кетди. Толибнинг бир оғиз юмшоқ сўзлагани, унга ёш қиз эмас, катталардек муносабатда бўлиши кайфиятини кўтариб юборди. Бир муддатга бўлса-да, вужудига мўри малах каби ўрлашни бас қилмаётган алам нари сурилиб, югурганча хонага кирди.

 

* * *

 

Севинч шу кеча бошқа кунлардагига нисбатан анча тинч ухлади. Отаси ҳам ҳадеб безовталанавермади чоғи. Шу ухлаганча эрталаб соат тўққизларга яқин уйғонди. Қараса, хона эшиги ёнида Мелибой мироб аравачаси тутқичларини чангаллаганча ўтирибди. Кўз қарашларидан, ранги оқаринқираганидан унинг асабийлигини, нимадандир ранжиганини илғаб олиш мушкул эмасди.

Севинч тура солиб тиз чўккан ҳолда отасига термилди.

— Ҳа, дадажон, ким сизни хафа қилди? — сўради меҳр билан отасининг жонсиз тиззаларини силаб. — Нега хафасиз? Нима бўлди? Ёмон туш кўрдингизми?

Мироб юзини терс буриб олди. Лекин дарров қизи томон юзланиб, қўли билан ёзув ишорасини қилди.

— Қоғоз, ручка берайми? — сўради Севинч унинг нима демоқчилигини дарҳол англаб.

Мироб боши билан қизининг саволини маъқуллаб қўйди.

— Вой, дадажон-эй, — деди Севинч маъюс кулимсираб. — Хаста бўлганингиздан бери қўлингиздан ручка тушмай қолди-я! Имласангизам тушунади-ку қизингиз! Ҳозир… Ҳозир олиб бераман!

Севинч истар-истамас ўрнидан қўзғалди-да, жавон ичидан ручка ва бир дона оқ қоғоз, остига қўйиш учун қалин китоб келтириб миробга тутқазди.

— Қарамай турайми? — сўради эҳтиёткорлик билан ручкани олибоқ ёзишга тараддудланган отасига тик боқиб. — Ё ташқарига чиқиб турайми?

Мелибой мироб бош чайқаб норозиланди ва қўли ёрдамида «ҳув нарида ўтира тур» ишорасини қилди.

Севинч итоаткорлик билан отаси кўрсатган ерга бориб ўтирди. Мироб эса шоша-пиша нималарнидир қоғозга туширди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, ёзишдан тўхтаб, Севинч томон бош бурди ва «А-а» лаган кўйи қоғозни унга узатди. Узатиш асносида мамнун жилмайиб қўйди. Бундан Севинчнинг чеҳраси ёришиб, тезроқ қоғозга битилган битикларни ўқишга тутинди. Оппоқ қоғозга мироб шундай жумлаларни туширганди:

— Бугун офтобшувоқнинг авзойи бузилади. У қаҳрини Толибнинг елкасига игнадек санчиб-санчиб олади. Унинг ишлари орқага кетиш арафасида турибди. Биз сарсон бўлишимиз, ота-бола тиланчилик қилиб кун кўришимиз мумкин. Аммо бу вақтинча бўлса керак. Олдимизда ёруғлик юз кўрсатмоқда. Биз сал ўтмай яна шу уйга қайтсак ажабмас. Сен Толибдан оладиган ўч муҳаббатга қоришиқ, қизим. Эҳтиёт бўл, ён бериб қўйма. Сенинг тақдир йўлингдаям қора чизиқлар кўриняпти. Ҳушёр бўл, онам!

Севинч аввалига отасининг нима демоқчи бўлганини тушунмай, унга савол назари билан боқди. Бироқ қалб садоси унга дарров битик маънисидан белги берди. Қиз отасида башоратчиликка ўхшаш пинҳоний қобилият юз кўрсата бошлаганини пайқади. Пайқади-ю, қўрқиб кетди. Кўз ўнгида бурноғи йили бировларга фол очиб кун кўриб юрган Сожида фолчи намоён бўлди. У охирги марта қўшни маҳаллада яшайдиган уч жувонга фол очгандан сўнг телба бўлиб қолганди. Ҳануз касалхонадан чиқаришмайди. Бир марта икки кунга жавоб беришганди. Уйига келгандан сўнг ярим тунда хоналардаги жами қимматбаҳо буюмларни ташқарига ирғита бошлаган. У синдирмаган чинни идишнинг ўзи қолмаган.

— Дада, нега ундай қилдингиз? — қўрқув аралаш сўради Севинч миробга яқинлашиб. — Жинни бўлиб қоласиз-ку! Нега фолбинликка қўл уряпсиз?

Мелибой мироб қизининг қўлидаги қоғозни тортиб олди-да, яна нималарнидир ёзиб, қайтадан Севинчга тутқазди. Бу гал у қуйидагиларни қоғозга туширганди:

— Тушимга Хизр бува кирибди. У мени узоқ вақт дуо қилди. Сўнгра бўйнимга ялтироқ тумор осиб: «Сен тенги йўқ башоратчи бўласан. Одамларнинг ҳожатини чиқарасан» деди…

— Бу нимаси-и? — беихтиёр йиғлаб юборди Севинч. — Кўриб турган кунимиз каммиди, отажон? Қанақа Хизр бува? Ким сизни йўлдан ура қолди? Қайси дуохон домла олдингизга кириб миянгизни айнитди? Айтинг, мен йўғимда ким кирди олдингизга?

Мелибой мироб «Ҳеч ким кирмади» демоқчидек бошини сарак-сарак қилди. Кейин… Улар сўзсиз бир-бирларига термилганча узоқ вақт ўтириб қолишди. Мироб мудрай бошлагандагина, Севинч ҳушёр тортиб ташқарига боқди. Вақт пешинга яқинлабди. У шоша-пиша аравачани каравот томон ғилдиратишга тутинди. Шу маҳал хона эшиги оҳиста очилиб, ичкарига калта сочли, шаҳар урфига кўра этаги тиззасигача тушиб-тушмаган кўйлак кийган, Севинчдан икки-уч ёш каттароқ қиз кирди.

Мелибой мироб ҳам қизи билан баравар ўша томонга бош бурди.

— Салом! — деди қиз русийнамо оҳангда. — Менинг исмим Бернара. Касбим ҳамшира. Толиб акам атайин чақиртириб келиб, сизларнинг ёнингизга киришимни тайинловдилар.

— Нимага? — даст ўрнидан турди-да, қизга яқин борди Севинч. — Тинчликми?

— Отангизга қараб турарканман.

— Вой, нега? Мен-чи? Ўзим қараб турибман-ку!

— Сиз ҳозироқ уларнинг ҳузурига кираркансиз. Кутяптилар.

— Нима бўлди ўзи? Нимага кутади? Айта қолсангиз-чи!

— Афсуски, у киши менга ҳисоб бермайдилар. Кирганингизда билиб оларсиз, синглим!

— Шунақами? Б-бўпти, сиз ўта қолинг! Мен… Ҳозир…

Севинч Бернарани ичкарига ўтказди-да, апил-тапил сочларини тўғрилади ва оёғига шиппагини илиб ташқарига зипиллади.

 

* * *

 

Севинч ҳовли бўйлаб Толиб ўтирадиган хона томон юриб борарди-ю, юраги потирлаб унга сира тинчлик, хотиржамлик бермасди. Ёввойи ҳаяжон қизни қизаришга, титрашга мажбур этарди. Ҳозир кириб Толиб билан юзма-юз бўлишини, ёлғиз қолишини тасаввур этгани сайин кўнглидаги безовталик юз чандон ортар, қалби кўксини қитиқлаб кулгисини қистатарди.

Хонага етай деганда, эшик шарақлаб очилди-да, ичкаридан Толибнинг Сарвар деган узун бўйли, мўйлаби сабза урган шотири чиқиб қолди. Севинч энди ундан чақириқ маънисини сўрамоқчи ҳам эдики, Сарварнинг ўзи олдини тўсди.

— Сен ҳозироқ мен билан бир жойга боришинг керак экан, — деди у зарда билан. — Тез бўл, кечикамиз!

— Ҳ-ҳа… Толиб ака-чи? У мени…

— Толиб акаям ўша ердалар, — сўзини кесди Сарвар. — Бизни кутяптилар. Кетдик!

Севинч ҳеч нарсага тушунмади. Йигитга эргашишни ҳам, тураверишни ҳам билмай тош қотди. Лекин бу маскандагилар узоқ кутишни ёқтирмасликлари Севинчга деярли ёд бўлиб кетган. Иложи борича ўзини тутиб, Сарварнинг ортидан юрди…

Сарвар ҳадеганда айтилган манзилга олиб бора қолмади. Машинасини шаҳар бўйлаб ғизиллатиб жуда кўп биноларга кириб чиқди. Севинч у ҳар кириб кетганда хаёлнинг минг кўчасини кезаверди. Ўйлайверди, бош қотираверди. Толибнинг нима сабабдан, қаерга, не ниятда чақиртирганини, нима учун отасига қарашга ҳамшира ёллаганини идрок қилишга уринди. Ақли ета қолмади. Нимани тахмин қилмасин, боши берк кўча юз кўрсатаверди.

Ниҳоят Сарвар сўнгги бор қайсидир бозорга чопқиллаб кириб чиққач, машинани ортга бурди ва номаълум томонга ҳайдай кетди. Чамаси ўн дақиқача йўл юргач, рулни пастқамликдан иборат тор кўчага бурди.

Кўча охирида анча ҳашамдор бир ҳовли бор эди. Шу ҳовли рўпарасида тормозни босди.

— Мана, етиб келдик, — деди зулматга жой бўшатиш ҳаракатига тушган осмонга бир қараб олиб. — Қани, қизалоқ, юрақол энди! Кутиб қолишгандир!

Севинч қарши сўз айтмай машинадан тушди-да, Сарварга эргашиб ичкарига кирди.

Айвон бошида икки нафар қорачадан келган, озғин эркак олдига фартук тутганча тутунга беланиб кабоб пиширарди. Уларни кўришди-ю, дарҳол қўлларини кўксига қўйиб қуллуқ қилишди.

Сарвар хоналарнинг бири эшигини очди-да, Севинчни имлади. У қўрқа-писа остона ҳатлаб ичкарига кирди.

Хонада олти чоғли эркак ўтирарди. Уларнинг бири, шубҳасиз Толиб эди.

Севинчни кўриб Толиб янада керилган бўлди ва улфатларига кўз қисиб олгач, истамайгина ўрнидан турди-ю, Севинчга яқин борди.

— Булар менинг энг яқин окахонларим, — деди у ўтирганларни кўрсатиб. — Сен билан яқиндан танишгилари келибди, сингил!

Бу гапни эшитгани ҳамоно Севинчнинг ранги ўзгарди. Лекин сездирмасликка, сир бой бермасликка уриниб бошини бир баҳя баланд кўтарди.

— Мен билан танишиб нима маза топишаркан? — сўради у Толибга тик боқиб. — Гапингизга тушунмадим, ака!

Севинчнинг гапидан ўтирган улфатлар гурр кулиб юборди. Толиб эса кулиш ўрнига янада жиддийлашиб бироз дағалроқ оҳангда сўз қотди.

— Менинг ҳурматим учун улфатларимга рақс тушиб беришинг керак бўлади! — деди Толиб. — Хўш, мени ҳурмат қиласанми? Рақс тушишни биласанми? Қийиб қўя оласанми?

Толибнинг сўнгги саволлари Севинчнинг миясига гўё гурзи каби урилди. Тиззаларидан лабларига қадар титроқ туриб бир муддат гарангсиб қолди. Ўтирганларга, Толибга жавдиради. Жавдираши билан худди авф этишларини, шарманда қилмасликларини сўраётгандек бўлди. Кейин эса беихтиёр бақириб юборди.

— Нималар деяпсан, мараз? Мени ким деб ўйлаяпсанлар, ким? Қўйворларинг мени! Чиқарворларинг!.. Дадамга айтиб бераман! Ҳаммангни шарманда қиламан!..

Шундай деди-ю, жонҳолатда ортга ўгирилиб ташқарига отилди.

Бахтга қарши орқасида Сарвар шай турганди.

Севинчни маҳкам ушлаб қолди.

 

* * *

 

Севинч кўз ёшлари юзларидан томоғига қадар ювган кўйи бир силтаниб Сарварнинг қўлидан чиқди-да, эҳтиёткорлик билан ортга тисланди.

Унинг бўзарган ранги, телбанамо ҳаракатларини кўрган меҳмонлар нуқул иршаярди. Толиб эса, кулишдан ўзини тия олди. Севинчга қандайдир фахр ва мамнунлик билан боқди. Аммо нимадир дейишга, қизни тўхтатиш, тинчлантириш, ёки аксинча пўписа қилишга шошилмади. Кафти билан иягини сиқимлаганча Севинчга тикилиб тураверди.

— Толиб, бу ҳуркак кийикни қайси ўрмонда тутгансан? — ҳазил аралаш луқма ташлади меҳмонлардан бири ҳиринглаб. — Нуқул депсинади-я, вей! Қопқон кўрмаганми нима бало?

Толиб луқма ташлаган меҳмонга ўқрайиб қараб қўйди-да, аста бориб Севинчнинг билагидан тутди.

— Юр, ташқарига чиқайлик, — деди эшитилар-эшитилмас товушда. — Гап бор.

— Керакмас, керакмас! — Толибнинг қўлларини силтаб ташлади Севинч жазава аралаш. — Қўйворларинг мени! Ифлослар! Ҳозир…

— Э, юр дегандан кейин юр-да! — жеркиганча уни ташқарига судради Толиб. — Намунча типирчилайсан? Арпангни хом ўрдимми мен? Юр тез!

Севинч Толибнинг жеркиши таъсир қилдими, аранг ўзини босиб ташқарига чиқди.

Толиб эса гап бошлашга шошилмади. Аввал киссасидан сигарет чиқариб тутатди. Уч-тўрт марта чўзиб-чўзиб тортди. Ора-сирада кабоб пишираётган фартуклиларга нафратли нигоҳ ташлади. Шундан кейингина Севинчга юзланди.

— Кечирасан-у, — дея гап бошлади босиқлик билан. — Сени бу ерга бекорга опкелтирмагандим. Шуни биласанми?

— Ҳеч нарсани билишни истамайман, — деди Севинч ҳануз юзини терс бурган ҳолда кўз ёшларини енгига артаркан. — Мени қўйворинг! Бу наҳс босган ерда бир секундам қолиш ниятим йўқ.

— Қўйвораман. Фақат гапларимни охиригача эшитгин-да! Хуллас, сени бир текшириб кўрмоқчи бўлдим. Қанақа қизлигингни назардан ўтказишни хоҳладим. Баракалла, ишончимни оқладинг! Очиғи-чи, агар сўзимга кириб рақс тушиб кетганингда, сендан жуда хафа бўлардим. Баракалла! Сен жуда ҳаёли, қайсар, покиза экансан!

— Сизга нима иссиқ совуғи бор қанақалигимнинг? — энди Севинч Толибга юзланди-да, асабий лаб тишлади. — Сизга барибир эмасми?

— Йў-ўқ, Севинч, — деди Толиб бош чайқаб. — Барибир бўлганда, сени отангга қўшиб уйимда олиб ўтирмасдим. Нима бўлгандаям меникида кимлар ўтирганини билишим шарт эди.

— Шундан бошқа йўл топмадингизми текширишга?.. Лекин-чи, сизам мени қаттиқ ранжитдингиз! Сиздан кўнглим қолди. Жудаям шафқатсиз ва совуққон экансиз.

Толиб унинг бу гапларидан сўнг худди айбдор каби оҳиста бош эгди.

— Совуққонлигимни ўзим ҳам яхши биламан, — деди муштларини тугиб. — Совуққон бўлмасам, балки бошқалардай тинчгина яшармидим… Билмадим, табиатим шунақа шекилли… Хуллас, менга эътибор қилма. Дўқласам, хафаям бўлма. Бўлганим шу менинг! Энди кетавер! Сени Сарвар обориб қўяди.

Толиб шундай деб гўё қафасдан озод бўлган қушдек эндигина олдинга интилган Севинчнинг олдини тўсди ва бошини сарак-сарак қила-қила пичирлади:

— Кечир!..

Бу узрлар Севинчнинг қулоғига кирмади. Тезроқ катта кўчага чиқиш, отасининг ёнига етиб олиш илинжида ташқарига отилди.

Дарвозадан ўтиб не кўз билан кўрсинки, йўл четида қизил «Жигули» турарди. Машинанинг олд ўриндиғи олиб ташланибди. Ўриндиқ ўрнида эса Мелибой мироб жавдираганча ўтирарди. Севинч уни кўриб сал қурса додлаб юбораёзди. Жонҳолатда бориб машина эшигини очди-да, миробни маҳкам қучоқлаб олди.

— Мени қандай топиб келдингиз, дадажон? — йиғлаш асносида отасининг икки юзидан ўпа-ўпа сўрарди Севинч. — Ахир… Қаерга кетганимни билмасдингиз-ку!

Мироб унинг икки юзини кафтлари орасига олди-да, кўзларига боқиб боши билан нималаргадир ишора қилди.

— Отажон, башоратчи бўп кетинг-э, — деди энди йиғлашдан тўхтаб Севинч. — Бунақада мени қўрқоқ қилиб қўясиз-ку!.. Майли, майли, бас, кетамиз, кетамиз!

Севинч илкис бошини кўтарди-да, ҳайдовчига юзланди.

— Амаки, бизни отам келган жойга обориб қўйинг, илтимос! Йўл ҳақини тўлаймиз!..

Афсуски, ҳайдовчи ҳали жавоб беришга улгурмай, дарвоза очилиб Сарвар чиқиб қолди. У бегона машина, мироб ва Севинчга бир муддат тикилиб турди-да, илдам юриб келиб ҳайдовчига ўшқирди:

— Ҳўв, бобой, пишириб қўйибдими бу ерда? Нимага машина қўйдингиз? Суринг беттан! Ўзингизга ёмон бўлади! Отахонни машинадан тушириб ҳов анави «Волга»га ўтқазинг! Бўлинг тез-э!

Шундоқ ҳам ҳовлининг ҳашаматини, атрофдаги шоҳона машиналарни кўриб адо бўлаёзган ҳайдовчи Сарварнинг хезланишидан сўнг шошиб қолди. Ҳатто, пастга тушаётиб бошини машинаси темирига уриб ҳам олди.

— Х-хўп, ўғлим, хўп, ҳозир ест қиламиз-да! — ҳайдовчи пилдираганча машинани айланиб ўтиб миробни аравачаси билан даст кўтариб олди ва дарҳол Сарвар кўрсатган «Волга»га ўтқазиб қўйди.

Қайтгандан кейин ҳам узоқ қолиб кетмади. Бир неча марта Сарварга қуллуқ қилиб, машинасига ўтирди-ю, газни босди. Мелибой миробни олиб келгани учун йўл ҳақи олишни-да унутди…

Машина Толибнинг ҳовлисига олиб бориладиган серқатнов йўлга бурилганданоқ, мироб безовталана бошлади. Бошини орқага буриб Севинчга нималардир демоқчидек ғўлдиради. Кейин эса Сарварга «Машинани тўхтат» ишорасини қила бошлади.

— Нима бўлди, бобой? — миробнинг нима демоқчилигини тушунмай савол назари билан унга боқарди Сарвар тормозни босишга шошилмай. — Ҳожатга чиққингиз келдими? Ҳозир етамиз, бирпас чидаб туринг энди!

— Биз ҳув анави кўприк устида қоламиз, — отасининг ўрнига жавоб қилди Севинч зарда билан. — Отам машинани тўхтатишингизни сўраяпти.

— Тўхтатиш? — елка қисди Сарвар. — Сизларни уйга олиб боришим буюрилган. Йўлда қолдиролмайман.

— Тўхтатаси-из! — беихтиёр бақириб юборди Севинч. — Ҳақингиз йўқ бизни олиб юришга! Тўхтатмасангиз… Ҳозир бошимни ойнадан чиқараман-у, дод соламан!

— Вей, вей, жиннимисан? Ақлинг жойидами? — Сарвар кескин тормоз бериб машинани кўприк устида тўхтатди. — Вой томи кетган-эй!.. Э, менга тинчлик керак, билдингми?.. Дод солармиш! Бор, тушсанг тушавер! Менга нима? Толиб акага ҳаммасини айтаман-қўяман! Тушларинг!

Севинч пастга тушиб, Мелибой миробни аравачаси билан бирга амал-тақал ерга тушириб олди.

Сарвар атайин ўрнидан жилмай, хўмрайганча ўтираверди.

Улар тушиб эшик ёпилгани ҳамоно сўкина-сўкина газни босди.

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошиб кетганди. Серқатнов йўлда машиналар ғиз-ғизи ҳам камайиб қолибди.

Севинч мироб ўтирган аравачани бўшашган кўйи ғилдиратиб айлана йўл орқали кўприк остига тушди.

Буёғига худодан паноҳ сўраш, отаси икковининг жонини қисмат етагига топширишга мажбурлигини ўйлаб юраги эзилди. Эзгинлик туфайли ўпкаси тўлиб келди. Унсиз йиғлаб аравачани четроқда тўхтатди-да, чўнқайиб, тутқичларни маҳкам қучоқлаб олди. Шу йўл билан аламдан чиқишга, ўтган гап-сўзларни унутишга, келажакни ўйламасликка умид боғлади. Аммо кутилмаганда мироб тинчликни бузди. Ортга ўгирилди-ю, қизининг билагини маҳкам сиқимлаб олди.

Севинч қоронғиликда отасининг кўзларига боқди. Миробнинг кўзларидан шашқатор ёш оқар, кўкси билинар-билинмас кўтарилиб тушарди.

— Энди нима қиламиз, дада? — деди ниҳоят зулмат қаърига қўрқа-писа назар ташларкан. — Кўчада қолишга қолдик. Киссамизда бир чақа йўқ. Кимга ялинамиз? Кимларнинг кўзига мўлтираймиз?

Мелибой мироб қизига жавобан икки қўлини олдинга чўзди-да, нималардир дея ғўлдиради. Унинг нима демоқчилигини Севинч дарров тушунди.

— Уёқда нима бор? — норозиланиб аравачани олдинга ғилдиратди Севинч. — Ҳеч ким йўқ-ку! Тамом бўламиз-ку, дада!

Мироб унга жавобан «йўқ, сен ноҳақсан» деган каби бош чайқади.

— Демак, мана шу йўл четида, кўприк остида тунашимиз керак-а? — оғир хўрсиниб узоқ-узоқларга умидвор термилди Севинч. — Бизни кимларга айлантириб қўйишди-я! Туппа-тузук қишлоқда юргандик, сизам мироблигингизни қили-иб, тинчгина ишлардингиз. Энди-чи? Аҳволингизни қаранг, дада, сизга қараб турсам, додлагим келаверади. Дунёларига ўт қўйсам дейман!

Мелибой мироб жонҳолатда Севинчнинг билагидан тутди-да, юзини босиб олди ва «У-у-у» лаганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Умрида эркак кишининг бу қадар куйиниб йиғлаганини кўриб ўрганмаган Севинч ростакамига тамом бўлаёзганди. Миробнинг елкаларини сийпалаб, худди гўдакдек овутишга уринар, аммо отаси ҳадеганда йиғлашни бас қилай демасди.

Шу маҳал узоқдан машина ўқдек учиб келди-да, уларнинг рўпарасида тўхтади.

Севинчнинг жони чиқиб кетаёзди. «Тағин Толиб қувлаб келдимикин?» деган хаёл миясига яшиндек урилиб, беихтиёр қақшай бошлади.

Бахтига Толиб эмас экан. Машинадан башанг кийинган ўрта яшар эркак тушди-да, аравачада мунғайибгина қолган миробга, Севинчга бирпас қараб турди. Сўнгра киссасини ковлаб бир даста пул чиқарди.

— Ма, қизим, — пулларни Севинчга узатди эркак. — Шу маҳалда кўчада тиланманглар! Одам қолмаган-ку кўчада! Бунинг ўрнига дадангни уйга олиб бор, мазали таомлар пишириб бер! Олақол, тортинма, она қизим, ол!

Севинч шошиб қолди. Олай деса, ҳаётда бирор марта бировдан садақа олиб кўрмаган. Олмасликка эса очлик, йўқсиллик йўл бермасди.

Нима бўлса-да, Севинч кўзларини ерга қадаган ҳолда қизариб-бўзариб, минг хавотир ва хижолатда, номусдан ўлай деб пулларни эркакнинг қўлидан олди. Олган заҳоти мироб илкис бошини кўтариб, икки қўлини дуога очди. Кўзларидан дув-дув ёш оқиб эркакни дуо қилди. Яна нималардир дея ғўдирлади. Эркак унга ачиниш аралаш қараб тургач, Севинчнинг елкасига қоқа-қоқа, тасикн берган бўлиб жўнаб кетди.

Энди ота-болага янги ҳаёт эшиклари очилгандек эди. Пулларни сиқимлаган кўйи отасига савол назари билан боқаркан, Севинч хаёлан худога шукр қилди. Ора йўлда қўймагани, очликдан силлаларини қуритмагани учун ташаккур изҳор этди. Кейин эса ўзини қўлга олиб аравачани олдинга ғилдиратди. Шаҳар ичкарироғига киришни, отасининг қорнини тўйдириш, чанқаган бўлса, қаердандир сув топиб, чанқоғини қондириш пайида бўлди.

 

* * *

 

Орадан икки кун ўтди. Толибдан дарак бўлмади. Севинч энди буткул босқинчи таъқибидан халос бўлишгани, буёғига ҳеч ким уларни безовта қилмаслигига амин бўла борди. Ўзига қолса, отасини олиб қилшлоққа жўнарди. Бироқ Мелибой мироб икки кун ичида кўпчиликда қизиқиш уйғотиб улгурди. Садақа ташлаш илинжида келганларга синчиклаб боқиб, уларнинг муаммолари қандайлиги, бу муаммони ечиш сирларини қоғозга ёзган ҳолда айтиб бера бошлади-ю, атрофларидан одам узилмай қолди. Ота-болага башорат тўғри чиққанидан руҳланган кекса бир кампир уйининг тўрини ҳам бериб қўйди. Уй, барибир уй экан-да, Севинч шу кеча тиниқиб ухлабди. Кўнгли сокин тортганиданми, туш ҳам кўрмабди. Шоша-пиша ўрнидан турди-да, миробга нонушта тайёрлади. Ўзи ҳам ул-бул тамадди қилган бўлди. Кейин отасини аравачага ўтқазиб, кўчага йўл олди.

Шошилмасалар бўлмасди. Бугун кечагидан кўпроқ одам келиши, икковларини шошириб қўйишлари мумкин…

Киссага мўмай пул туша бошласа, ётар жойинг тайинлигини билсанг, бошқача экан. Тиланчилик жуда тез фурсатда башоратчилик билан алмашгандан бери Севинч қўли қўлига тегмай пул санайди, отаси қоғозга ёзиб берган башоратларни мижозларга ўқиб эшиттиради. Бугун ҳам аҳвол деярли шундай кечди. Севинч майда-чуйда пулларни халтачага жойлайверди, қоғозларга битилган битикларни эгаларига ўқиб бераверди. Кимдир мамнун кулса, қўшилишиб кулди, дарди, қисмати оғир кечишини олдиндан эшитиб, қайсидир қиз ёки жувон йиғласа, бирга йиғлади. Бироқ чарчамади. Аксинча руҳан енгил тортди. Атиги уч кунда кўча ҳаётига ҳам кўникибди. Ўзи ҳеч қачон кўрмаган, тиллашмаган одамлар билан зумда танишиб, чақчақлашаверди, дардлашаверди, ўз андуҳларини ичга ютиб бўлса-да, уларнинг дардига малҳам қидираверди.

Ниҳоят вақт шомдан оғиб, ота-бола ёлғиз қолишди. Шу тобда миробнинг ҳам кайфи чоғ эди. Фалокатга йўлиққандан бери илк бор ярим жон қаддини тик тутиб, Севинчга майин жилмайди. Хижолати ортдими, юзидаги оқиш доғларни кафтлари билан яшириб олди.

Севинч отасининг мамнунлигини кўргач, яна бир қоп семирди. Тезроқ ижара уйга етгиси, овқатга уннагиси, йўқ, олдин отаси кулганини айтиб уй бекаси Маржон кампирга мақтангиси келди. Шу ниятда аравачани олдинга етаклади. Негадир Мелибой мироб билакларини маҳкам ушлаб олди. У Севинчнинг сумкасидаги қоғоз-ручкага ишора қила бошлади.

— Уф-ф, дадажон, уйга етволсак бўлмайдими? — норозиланди Севинч. — Қаранг, қоронғи тушиб қолди! Майлими? Уйга боргандан кейин оберсам бўладими қоғоз-ручкангизни?

Мелибой мироб норози бош чайқаб, илтимосини адо этишга ундайвергач, сумкани ковлаштириб, сўраганларини қўлига тутқазишга мажбур бўлди.

Мироб бу гал жуда шошарди. Атроф нимқоронғи эканига қараб ўтирмади. Бир нечта сатрларни қоғозга туширди-да, қизига тутқазди.

У қуйидаги жумлаларни қоғозга туширганди:

«Ҳозир қиёмат бўлади. Толибнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Уни қувиб келишяпти. Ғанимлари Толибнинг бошига етиш ҳаракатига тушган. Кетишга шошилма! Унинг аҳволини ўз кўзинг билан кўр!..»

Мелибой мироб битикларига ишонқирамай жавдирай бошлаган қизига қараб ўз фикрларини бош қимирлатиш билан маъқуллаб қўйди.

Шундан сўнг орадан икки дақиқача вақт ўтди. Бир маҳал улар томон бир нечта машина қувлашиб кела бошлади. Машиналар шу қадар тез келардики, Севинч қандай аравачага ёпишиб панага олганини пайқамай қолди.

Олдинда келаётган қора «Волга» кўприк тугаган жойга етганда, ўнгга қайрилди. Афсуски, катта тезлик хавфсиз бурилишга йўл бермади. Машина бир неча марта ағдарила-ағдарила йўл четига чиқиб кетди. Қолган машиналар эса бирдан тўхтаб, чамаси ўн чоғли барзанги пастга тушди ва ағдарилган машина тарафга тек қараб қолди.

«Волга»нинг ғилдираклари мотор ишлаб тургани боис ҳануз ғиз-ғиз айланарди. Аммо ичидан ҳеч ким чиқа қолмас, товуш ҳам бермасди.

— Толибни худо раҳматига олган бўлсин! — деди барзангилардан бири. — Абжағи чиқиб кетган, хавотир олмаларинг! Энди у ифлос йўқ, бўлмайдиям! Хўш, кетдикми?

Ёнидагилар таклифни маъқуллаб бош ирғагач, барча машиналарга ўтирди.

Улар жўнаб кетишди. Севинч эса бақрайганча кўприк устуни панасида турар, аъзойи бадани дағ-дағ титрарди.

Мелибой мироб тўсатдан Севинч томон ўгирилди-да, қўли билан «Бор» ишорасини қила бошлади.

— Й-йў-ўқ, қўрқаман, дада, — аравача тутқичини янада маҳкамроқ ушлаб олди Севинч. — Ҳозир ёниб кетади машина. Ичида…

— М-м-м-м… А-а-а-а!!! — лади мироб норозилигини оҳанг ёрдамида билдиришга уриниб.

— Ўлиб қолган бўлса-чи? Мен… Ўликлардан қўрқаман!

Мироб боши билан «Ўлмаган» деган каби белги берди. Шундан кейингина Севинч аравачани эҳтиёткорлик билан олдинга ғилдиратиб ағдарилган машинага яқин борди. Борди-ю, кимнингдир машина ичидан «вой»лаётгани қулоғига чалинди. Бу Толибнинг товуши эди. Эшитиб, Севинчнинг юраги энтикди. Тўсатдан иситмаси кўтарилган банда каби пешонасини маржон-маржон тер босди. Энтикиш бўғзига қадар эгаллаб олди. Нимадир демоқчи, Толибга овоз бермоқчи бўлди. Уддалай билмади. Тили каловланиб қолаверди. Шунда Севинч ғилдираб кетмаслиги учун аравача ғилдирагига тош тираб қўйди-да, таваккал машинага жуда яқин бориб, ойналарини муштлай бошлади.

— Толиб ака, тирикмисиз? — Севинчнинг ўзини йиғиштириб олгач, илк тилига кўчирган сўзлари шу бўлди.

Салондан бир неча кишининг баравар иҳлагани эшитилди.

Севинчнинг юраги ҳаприқди. Ўпкаси тўлиб ҳиқиллаганча машина эшигини очишга урина бошлади. Бахтга қарши сира кучи ета қолмади. Бир неча ўн карра эшикни ўзига торта-торта, чарчаб, ерга ўтириб қолди.

Мироб ҳам наридан туриб нуқул турли-туман товушлар берар, Толибнинг тирик эканига шаъма қиларди.

— Дада-а, — дея йиғи аралаш қичқирди Севинч аламига чидолмай. — Очолмаяпман эшикни, очолмаяпман! Толиб акам ўлиб қолади ҳозир, ўлиб! Нима қилай-й?

Мелибой миробнинг тоқати тоқ бўлдими, аравачани зарда билан ўзи ғилдиратиб келди ва Севинчни туртиб ўрнидан қўзғалишга ундади.

Қиз ота далдаси таъсирида қайта ўрнидан турди-ю, тағин машина эшикларини очиш ҳаракатида бўлди.

Бу сафар ҳаракатлари зое кетмади. Эшикни қийнала-сиқтала аранг оча олди. Толибни қўлларидан маҳкам чангаллаганча ташқарига судради. Кийимлари қонга ботишига-да қараб ўтирмади. Кетидан шерикларини судраб йўл четига олиб чиқди. Талваса ичида икки шотири аллақачон жон таслим қилганига эътибор қилмади. Олиб чиққанларининг барчаси тирик инсонлар дея тасаввур қилди. Вазият бундан бошқача кечиши мумкин ҳам эмасди.

— Сиз… Сиз Толиб акамларга қараб туринг, — отасига тайинлади Севинч беихтиёр йўлга отланаркан. — Мен… Отажон, дўхтир топиб келаман, дўхтир! Тузукми? Қараб турасизми?..

Севинч ота жавобини кутишга сабри чидамай, мироб то бош қимирлатиб розилик бергунча шаҳар ичкарисига югуриб кетганди. Тўхтамасди. Нуқул югурарди. Толибнинг кўп қон йўқотиши, жон бериб қўйишини тасаввур этгани сайин тезроқ чопар, қандай бўлмасин, тезроқ врач топишни хоҳларди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ