ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚЎРҚИНЧЛИ АЁЛИ… (ёхуд юзимгамас, қалбимга боқ, аҳмоқ)

0

 

Бу аёлнинг оламдан ўтганига 80 йил бўлди. Аммо ҳануз унинг суратини кўрганлар кулгидан ўзини тия олмайди. Мэри Энн Беван исмли бу аёл 1874 йил 20 декабрда Лондонда туғилган. У ҳамшира бўлиб ишларди. 29 ёшида Томас исмли йигитга турмушга чиқди. У ниҳоятда гўзал, жозибали эди. Аммо тўйдан кейин аёлнинг танасида салбий ўзгаришлар кузатила бошлади.

Врачлар у тиббиётда жуда кам учрайдиган акромегалия хасталигига йўлиққанини айтишди. Хасталик туфайли одам организмида керагидан кўп гормонлар ишлаб чиқарила бошлайди. 32 ёшга етганда, Мэри кучли бош оғриғи, мушаклар қақшашидан безовталана бошлади. Ажойиб кунларнинг бирида эса танасининг айрим аъзолари ҳажми фавқулодда катталаша борди. Бундан ҳам ёмони шуки, 1914 йили эри оламдан ўтди. Мэри тўрт фарзанд билан бева бўлиб қолди…

У анча пайтгача тўрт боласини боқиш учун оёқдан қолгунга қадар ишлади. Одамлар эса ҳар сафар унга жирканиш билан боқарди, орқасидан масхаралашни бас қила олмасди. Охири Мэрининг жонига тегди. Шундай жирканч аёлга айланибдими, бундан фойда кўриши лозимлигини англади. Бир куни у «Эркаксифат аёллар» танловида иштирок этди. Худога айтгани бор экан. Ғолиб бўлиб, бир дунё пул ишлаб олди. Журналистлар ўша лаҳзаларданоқ Мэрини дунёдаги энг жирканч аёл сифатида эътироф эта бошлашди.

Мэри камситилишлардан, масхараланишлардан, жирканишлардан азоб чекарди. Уни бир нарсагина ҳаётда ушлаб турарди. Танлов баҳона катта пул ишлаб олди. Энди болалари очликдан қийналишмайди…

Кейинчалик уни циркда ўзининг жирканч ва кулгили ташқи кўриниши билан томошабинларни қувонтиришга таклиф этишди. Бажонидил рози бўлди. Бу ҳам Мэрининг фойдасига ишлади. Тез орада Америкага кўчиб ўтиб, Нью-Йоркдаги «Dreamland на Кони-Айленд» истироҳат боғида томошалар кўрсата бошлади. Ўша ерда 1933 йилгача, яъни, ўлимига қадар ишлади.

Афсус, одамлар бир-бирларини ташқи қиёфасига қараб баҳолашади, бир-бирлари билан шунга қараб муносабат юритишади. Бир-бирларига ташқи қиёфасига қарабгина баҳо беришади. Мэри эса доимо хаёлан шундай деб сўзланарди:

«Менинг юзимгамас, қалбимга боқ, аҳмоқ! Шунда асл кимлигимни биласан!..»

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади