АЛАМЗАДА… (17-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Худога айтгани бор экан. Ярим соат деганда «Тез ёрдам» бўлими шундоқ қаршисидан чиқди. Севинч ичкарига кириб врачларга бўлган воқеани тушунтирди-ю, кўз очиб юмгунча уларни олиб ортга қайтди.

Етиб келишганда, Севинчнинг кўзлари ғалати, ажойиб, кутилмаган манзарага тушди.

Мелибой мироб аравачасини Толиб ётган ерда тўхтатиб қўйиб, нуқул унинг пешонасини силар, алламбалолар дея ғўдирлаб, Толибни алқаган бўларди.

Бу манзара қалби қарама-қарши туйғулар қўзғолонидан адо бўлаёзган қизни ларзага солиб қўйди. Шу маҳал отасига жуда ҳаваси келди.

— Отажоним-эй, — «Тез ёрдам» машинасида — Толибнинг тепасида ўтириб ҳамон ёв пешонасидан қўлини олмаган миробни қучоқлади. — Бизни нега худойим бунчалар юмшоқ кўнгил қилиб яратмаса-а? Бошимизда тегирмонтош юргизишсаям, масхаралаб, хўрлашсаям, барибир уларнинг бошини силаймиз, кечирамиз, севамиз, ҳурматлаймиз! Нега? Ахир, бизам бошқалар сингари оддий одаммиз-ку! Биздаям ғурур бор-ку! Нима учун ғуруримизга қарши бораверамиз?.. Шундай дейман-у, ўзим ҳам сиздан баттарман. Мана шу беҳуш ётган аблаҳни кўрсам, кўнглим ўзимга бўйсунмай қўяверади. Кечаси ухлашга ётаётиб, ўзимга ўзим «Эртага албатта ундан ўч оламан» дейман-у, қаршимда пайдо бўлди дегунча, қасамим ёдимдан чиқади. Нимага шундай? Нимага?..

Мелибой мироб Толибнинг пешонасидан қўлини тортиб олди-да, қизи томон ўгирилди. Сал қаддини олдинга ташлаб бошини Севинчнинг бошига тиради. Сочларини силади. Силаш баҳонасида қизининг кўнглини кўтарган, ортга чекинмасликка ундаган бўлди. Шу орада Толибни кўрсатиб, лаб бурган кўйи тузалиб кетишидан белги берди…

Мироб ҳақ эди. Толибга жин урмабди. Мияси чайқалганини айтмаса, тўрт мучаси соғ экан. Жонлантириш хонасида бир соат ётиб, оддий палатага чиққач, ҳушига келди.

Кўзларини истамайгина очиб, бир муддат шифтга термилиб ётди. Бу вақт Севинч кираверишда отасига сув қуйиб бераётганди. Толибнинг чуқур-чуқур нафас олаётганини эшитиб, югурганча тепасига борди.

Толиб нигоҳларини шифтдан олиб Севинчга қадади.

Шу тахлит бир дақиқага яқин тикилиб турди-ю, даъфатан қовоқлари уйилиб, қошлари чимирилди.

Ётган еридан кираверишда аравачаси тутқичига суянган кўйи ўтирган миробга аламли назар ташлаб олди.

— Сенлар нима қанд еб ўтирибсан тепамда? — сўради Севинчдан ниҳоят бошини ҳиёл кўтариб. — Намунча арвоҳга ўхшаб орқамдан эргашавермасаларинг?..

Шу саволнинг ўзи Севинчнинг кўксига ханжардек санчилди. Ранги оқаринқираб, лаблари титрай бошлади.

Нима дейишни билмай гарангсиди. Нимадир демоққа чоғланди. Аммо айтмоқчи бўлган гапи зумда ёдидан кўтарилиб, каловланишдан нарига ўта олмади.

Аксига олгандек, орадан ҳеч қанча ўтмай, палата эшиги очилди ва ичкарига Сарвар икки барзанги шотир ҳамроҳлигида кириб келди. Сарвар қўлидаги майда-чуйдаларни тумбочка устига қўйди-ю, Толиб билан кўришиб, Мелибой мироб томон юзланди.

— Ака, палатада болалар боғчаси очганмидингиз? — луқма ташлади у ота-болани кўрсатиб. — Қаранг, қаерга борсангиз, ортингиздан қолишмайди-я булар!..

Бу қочирими Толибни ўрнидан туриб ўтиришга мажбур этди. У ёстиқлардан бирини белига тўғрилаб қўйди-да, тиззасига муштлади.

— Сарвар, йўқот буларни кўзимдан! — буюрди Толиб афтини бужмайтириб. — Дардим ўзимга етиб турибди. Мен энагалик қила олмайман. Даф бўлсин иккаласиям!

Бу камситилиш Севинч учун ўлимдан-да баттарроқ, қўрқинчлироқ эди. Хўрлиги келган маҳал тунги воқеалар, Толибнинг машина салонида ойнани муштлаб ёрдам сўрагани, қонга ботган танаси кўз ўнгида гавдаланди.

Ўшанда Толиб ҳали ҳушини йўқотмаганди. Севинчни кўрганди. Кўриб ҳеч нарса демаганди. Койимаганди, қаршилик кўрсатмаганди. Ҳозир эса…

Севинч изтироб алангасида бир туки ўзгармай, чиқиб кетишларини кутаётган Толибга қараб олди-да, югурганча бориб миробнинг аравачасига ёпишди.

— Отажон, юринг, кетамиз! Биз адашиб касалхонага келиб қолган эканмиз!

 

* * *

 

Мелибой мироб кетишга шошилмасди. У аравачанинг ғилдирагини икки қўли билан маҳкам сиқимлаганча, ғилдиратишга қўймади. Севинч сал бўшашганини пайқагач, ёнбошидаги қоғоз-қаламни олиб нималарнидир ёзди ва қизига узатди.

Севинч қоғозга битилган жумлалар Толибга тегишли эканини англаб, каравотда хўмрайганча шифтга тикилиб ётган, уларнинг тезроқ чиқиб кетишини кутаётган зўравонга сал яқин борди ва отаси ёзганларни атайин товуш чиқариб ўқий бошлади:

«Иним, қасос қиёматга қолмайдиган бўлди. Ёв устингизга бостириб келмоқда. Бизнинг пешонамиз эса барибир ярқирайди. Агар ҳаёт давом этишини истасангиз, Севинч қизимдан албатта узр сўраб қўйинг! Менинг бошқа гапим йўқ…»

Толиб битикларни эшитгач, миробни ростакамига телбага йўйди. Кўзлари чақчайган кўйи унга қараб турди-да, тўсатдан хохолаб кулиб юборди. Толибга шотирлар ҳам жўр бўлди. Аммо Севинч бу масхаралашларга эътибор қилиб ўтирмади. Кўнгли ўксиб, рўмолининг бир учини маҳкам тишлади-ю, ортга қайтиб отаси ўтирган аравани ташқарига ғилдиратди.

— Тўхта! — қичқирди Толиб ҳали улар палатадан чиқиб улгурмай. — Севинч, илтимос, бери кел! Кела қолсанг-чи энди!

Севинч юришдан тўхтаб, Толиб томон ўгирилди. Аммо ҳеч нарса демади. Унинг мақсадга ўтишини кутиб тураверди.

— Кечириб қўясан энди, — деди Толиб Севинч барибир яқин келмаслигига кўзи етиб. — Биласан-ку, асабийман. Асабим қўзиганда, нима деганимни ўзим билмай қоламан. Илтимос, кетманглар! Яна бирпас ўтиринглар!

— Нима, отамнинг тахминидан қўрқиб кетдингизми? — сўради совуққонлик билан Севинч. — Биздан ҳимоя сўрамоқчимисиз? Қайғурманг, отам шунчаки айтди-қўйди холос.

— Йў-ўқ, — дея жуссасини кўтарди Толиб. — Бобой шунчаки гапирмайди. Кейинги пайтларда негадир башорат қиладиган бўп қолди. Ўтган сафарги башоратиям тўғри чиқувди. Бунисиям… Кел энди, бирпас ўтиргин! Кечира қолгин!

Севинч жавоб ўрнига отаси томон юзланди. Мироб бош ирғаб, Толибни кечиришга, шу ерда қолишга ишора қиларди. Балки, бу ҳам Севинчни йўлдан қайтара олмасди. Отасининг мамнун жилмайгани унга қаттиқ таъсир қилди. Бирдан кўнгли юмшаб, бўшашди. Аста юриб бориб аравачани орқага қайтарди.

Бу орада Толибнинг имоси билан шотирлар олдинма-кетин ташқарига йўл олишганди. Палатада фақат уччовларигина қолди.

Шу тобда палата деразасининг ён даричаси жуда секинлик билан очилди. Буни на Толиб, на Севинч пайқади. Фақат миробгина ушбу ҳолатни тез илғаб беихтиёр қўлларини олдинга чўза бошлади. Сўнгра жонҳолатда аравача ғилдиракларига ёпишиб қизининг олдини тўсиш пайига тушди. Афсуски, улгурмади. Дарича ортидан қора кўзойнакли кимсанинг боши кўринди ва у милтиқнинг уч қисмини ичкарига тўғрилаб, тўғри Толибга қарата икки карра ўқ узди. Бу иш жуда тез фурсатда амалга оширилди.

— Вой до-од, ўлдириб қўйишди!!! — Севинч ўқ узилгани ҳамоно ўзини Толиб ётган каравотга отди. Толибнинг устига ағанади-ю, бир неча ўн сония янада қаттиқроқ қичқириб, бирдан жим бўлди. Иккала ўқ ҳам унинг сони аралаш теккан экан.

Бир зумда каравот қонга бўялди…

Мелибой мироб ув тортиб йиғлаганча аравачани ғилдиратиб келиб, беҳуш ётган қизини тортқилай бошлади…

Кўз очиб юмгунча палата тўс-тўполон бўлиб кетди. Врачлар, ҳамширалар чопиб кириб Севинчни кўтарганча жонлантириш бўлимига олиб кетишди. Шотирлар эса палата биринчи қаватда жойлашгани сабабли дераза оша сакраб тушишди-да, қотилни қидира кетишди…

 

* * *

 

Орадан бир соат мўлроқ вақт ўтди.

Бўлиб ўтган фожиа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимларини ростакамига оёққа турғазди. Дераза, эшик, касалхона деворлари ёнига, дарвоза яқинига соқчилар қўйиб ташланди. Қотилни қидириш ишлари бошланиб кетди.

Мелибой мироб шу тобда жонлантириш бўлимига киритишмагани боис Толибнинг палатасида ўтирар, йиғлашга кўзида ёш ҳам қолмаган, нуқул хўрсинар, қур-қур ўқ узилган дераза томон нафратли нигоҳ ташлаб оларди. Терговчи, милиционерларнинг Толибга берган саволларига-да эътибор бермасди. Ичи узилгудек, юраги даҳшатдан ёрилгудек фақат Севинчни ўйларди. Гарчи у тез орада оёққа туришини қалбан ҳис этса-да, суюкли қизининг жони оғриши миробни ўртанишга мажбур этарди.

Букчайиброқ қолган жуссаси ора-сирада кўтарилиб тушарди. Мироб шу лаҳзаларда ногиронлигини унутган каби аҳён-аҳёнда беихтиёр ўрнидан турмоқчи бўларди-ю, дарҳол оёқлари шоллиги ёдига тушиб, жонсиз тиззаларини сийпалаш билан чекланарди.

Толибнинг ҳам бўлари бўлган, терговчилар берган саволлардан чарчаганди. Чарчоқ сабабми, ҳалокат туфайли олган жароҳатлари кучлироқ оғриқ берар, бу ҳам етмагандек, бўлиб ўтган ишлар зўравонни тамом қилаёзганди.

У каравотида бошини чангаллаганча ўтириб инқиллар, миробга қандай таскин беришни билмай гаранг эди.

— Мен жуда афсусдаман, бобой, — ниҳоят илкис бошини кўтарди-да, миробга юзланди Толиб. — Сизларга кўп азият етказдим. Кўнгилларингизни оғритдим. Бу ишларимни худоям кечирмаса керак. Нима қилай? Шу пайтгача одамлардан нафратланардим, ҳамма менга бўйсунишини, мендан қўрқишини хоҳлардим. Шу хоҳишларим бажо бўлган дамларда роҳатланардим. Афсус, шу ёшга кириб ҳалиям оқдан қорани ажратолмай яшабман. Энди кўзим очилди…

Мироб унга диққат билан қулоқ тутарди. Гапира олмаса-да, боши билан Толибнинг сўзларини маъқуллаб қўярди. Аммо шу аснода қоғозга нималарнидир ёзиш билан банд эди.

Толиб сўзини тугатиб, тек қолгач, Мелибой мироб қўлидаги қоғозни унга тутқазди.

Қоғозга шундай жумлалар ёзилганди:

«Қотиллар икки киши. Бири атрофни кузатиб турган, иккинчиси иш бажарган. Ҳозир улар фалон райондаги ресторанда кайф-сафо қилишяпти. Мелисаларга айт, тезроқ қўлга олишсин! Бири қирра бурун, сочлари жингалак, бўйи ё бир юз тўқсон, ё бир юз саксон беш сантиметр, валлоҳи аълам. Иккинчиси пакана, қорин қўйганроқ. Эгнига макинтош кийиб олган. Боши кал…»

Толиб қоғоздаги битикларни ўқиб бўлди-да, миробга ҳайрат аралаш термилди.

Ҳеч нарса демади. Бир неча дақиқа қотганча қараб қолди.

— Бобой, тушунмадим, — деди ниҳоят кўзлари аланг-жаланг жавдираб. — Боя қўрқитиб хат ёзгандингиз, энди буниси… Нима бало, ростданам фолбин бўп қолдингизми? Қаердан оляпсиз бу гапларни?

Буёғига мироб Толиб билан худди шу йўсинда, мактуб орқали суҳбатлаша бошлади.

«Яратганнинг ўзи дилимга соляпти ҳаммасини. Башоратим тўғри чиққанига амин бўлгандирсиз? Ё йўқми?»

— Амин бўлишга-ку бўлгандайман, бироқ бу қанақаси бўлди? Қанақа башорат ҳақида гапиряпсиз? Ҳазиллашяпсизми?

«Менинг аҳволимда ҳазилга ўрин қолмайди. Ундан кўра, ортингизга бир назар солинг. Айтганларимнинг ҳаммаси тўғри чиққанини тан олинг.»

— Тан оламан… Бобой, очиғи… Мени ғалати аҳволга солиб қўйдингиз. Ҳатто жароҳатларим ҳам оғришдан тўхтагандай бўляпти… Қизиқ бўлди-ку-а? Бизнинг бобой башоратчи бўп қолган бўлса… Менга қаранг, буёғи нима бўлади? Шундан гапиринг, бобой! Севинч-чи? У тузалиб кетармикан? Шуни очиқ айта оласизми? Ахир… У менинг ҳаётимни сақлаб қолди, тушуняпсизми, сақлаб қолди!

«Қизим тузалади, иншооллоҳ! Амм сиз учун буёғи ёмон, иним, ёмон. Бор будингиздан деярли айрилиб бўлдингиз. Тўрт томонингиз душманга тўлди. Хўш, энди қандай кун кўрмоқчисиз?»

— Бунисини билмадим. Тўғриси, жонга тегди. Энди менга барибир.

«Йўқ, шу ердаям ёлғон гапиряпсиз, иним. Аслида нима режалар тузиб юрганингизам менга аён.»

— Хўш, айтсинлар-чи, қандай режа тузибман?

«Пул, фойда чиқадиган жой қолмагандан кейин зўрлар нимаям қиларди? Сиз қўшни давлатга одам жўнатиб, наркотик опкелтирмоқчи бўляпсиз. Шу йўл билан қаддингизни тиклаб олмоқчисиз.»

— Нима? Йўғ-э! Қани, ёзаверинг, қаддимни тиклайманми шу йўл билан?

«Тиклайсиз. Локигин келгусида бу ҳаракатларингиз сизга жуда қимматга тушиши мумкин. Ўйлаб кўринг.»

— Мана шу гапингиз сал нотўғрироқ чиқди. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади, бобой. Буёғига жиловни бировга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ. Пишдик, бобой, пишдик!..

«Билганингизни қилингиз. Фақат айтиб қўяй, Оллоҳ насиб қилиб қизим оёққа турса, биз қишлоғимизга жўнаймиз. Йўлимизга тўғаноқ бўлиб юрманг тағин!»

— Ие, бу нимаси, бобой? Қанақа қишлоқ? Йў-ўқ, бунақаси кетмайди. Кемага тушганнинг жони бир. Қолаверса, Севинч катта ўқишга киришни ният қилиб келган экан. Ўқитмасдан жўнатиш йўқ.

«Сизнинг кўмагингизга муҳтож эмас у. Пешонасида бўлса, эртами-кечми киради ўша ўқишга. Аммо бу гал раъйингизга қарамасликка ҳақлимиз.»

— Шунақа экан-да! — Толиб асабий лаб тишлаганча юзини терс бурди ва қўлларини мушт қилиб каравот четига муштлади. — От устида эканимда гапларингизам, ўзингизни тутишларингизам бошқачайди. Энди ерга тушганимни кўрдингиз-да! Шунинг учун тўнингизни терс кийиб олдингиз-да-а? Йў-ўқ, бобой, отдан тушганим билан ҳалиям ўша Толибман. Зўр келса, сиздақаларга кучим етади. Нима, қаматмоқчимисиз мени? Ўша ишларни силлиққина қилиб мелисаларга айтмоқчимисиз? Ўзингизни четга олмоқчимисиз? Бунисига кўнмаймиз, бобой, кўнмаймиз. Боя айтдим-ку, кемага тушганнинг жони бир. Ҳали бир-иккита бўлсаям қолган ошна-оғайнилар биздан юз ўгиришмади. Бир оғиз айтсак, ковушингизни тўғрилаб қўя олишади. Фақат жаҳлимни чиқарманг! Биласиз-ку, жаҳлим чиқса, пиримниям танимай қоламан! Шундай экан, ўйлаб, танангизга кенгаши-иб иш тутинг. Башоратчи бўлсангиз ўзингизга. Мен қаерда бўлсам, ўша ерда тош қотасиз. Қани, бир қадам четга чиқиб кўринг-чи!..

Мелибой мироб бу таҳдидларни жим ўтириб, сабр билан тинглади. Шу орада қоғоз-қаламни аравачанинг четига ташлаб ҳам қўйди. Афтидан, Толиб билан тенглашишни, баҳслашиб, асаб бузишни хоҳламади. Барчасини Яратганнинг ихтиёрига берди-ю, қизини кўриш, ундан яхши хабарлар эшитиш илинжида аравачасини ташқарига ғилдиратди.

 

* * *

 

… Орадан уч ой ўтди. Севинч соғайиб, отасининг хоҳишига кўра, қишлоққа қайтди…

Ҳовлига кузнинг нуқси уриб, дарахт япроқлари, даладаги ўт-ўлан сарғимтир тусга кира бошлади. Бу фаслни Севинч болаликдан хуш кўради. Чунки кузда анор пишади. Анор эса Севинчнинг жони-дили. Болалигида энасининг ортидан қолмай, қорайиб пишган анорларни уздириб, доналарини косага тердириб ерди.

Бугун ҳам томорқадаги анор дарахтларига қараб туриб юраги увишиб кетди. Энаси ҳаётлигида бу анорлар новдасини кўтаролмай мева соларди. Энди ўша анорларнинг ярмини ҳам солмабди. Борлари ҳам кичрайиб, оқаринқираб қолгандек…

Тура-тура хаёл яна катта шаҳарга олиб кетди. Севинч Толибнинг совуққон, захил чеҳрасини кўз олдига келтирди. Тасаввурида ўша захил чеҳранинг нимасидир бордек эди. Ҳатто дағал муомаласи замирида ҳар гал яхшилик, меҳр кўргандек бўлаверади. Отасига боқади. Толиб қилиб қўйган ишлар хаёлида жонланиб, лаб тишлайди. Афсус чекади. Аммо ҳаммасини кўргилик, пешонага йўяверади. Сира Толибни айблагиси келмайди. Шу онларда қалби энтика-энтика муҳаббат лаззатини туя бошлайди. Севинч сўнгги бор бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўйлайди. Қиз бола боши билан ўқлар ёмғири остига ўзини отганини ўйласа, вужуди титраб кетади.

«Наҳотки, муҳаббат деганлари шу бўлса, худойим? — кўнглидан кечиради қизариб-бўзариб, «биров кўриб қолмадимикан?» деган хаёлда атрофга ўғринча аланглаб. — Ўшандан бери тинчим йўқ. Толибнинг бемеҳрлигини биламан. Бошимизга ит кунини солганиям эсимдан чиқмади. Лекин барибир ўша ярамас томон талпинавераман. Ҳозир кириб келса-ю, қўлимдан етаклаб ҳовлимдан олиб чиқиб кетса, бир оғиз қарши сўз айтолмасчалик шаштим бор. Нега? Нима учун мени аросат муҳаббатга йўлиқтирдинг, яратган эгам? Толибдан бошқаси қуриб кетганмиди? Билмадим… Севгисидаям пешонам шўр экан шекилли… Қуриб кетсин!..»

Севинч юраги эзилиб кўкимтир осмонга боқди. Вақт шомга яқинлашаёзибди. Отасига овқат сузиб бериши ёдига тушиб шоша-пиша ортга ўгирилди. Шу маҳал кўчада машинанинг чўзиб сигнал бергани қулоғига чалинди. Сигнал товуши жуда таниш туюлиб кетди. У юраги дукиллаганча дарвоза томон юрди. Тирқишдан кўрдики, ҳақиқатан қора «Волга» дарвоза рўпарасида турар, ғира-ширада қандайдир эркак машинага суянган кўйи сигарет тутатарди.

«Толиб аками бу? — ўйлади Севинч эҳтиёткорона дарвоза тирқишидан мўралаб. — Ҳа, ўша. Ие… Энди нима қиламан? Нега келдийкин? Нима иши бор экан? Нимага ичкарига кира қолмаяпти?.. Чиқсаммикан, чиқмасаммикан? Нима қилай?..»

Иккилана-иккилана дарвозанинг бир қаватини очди-да, ташқарига мўралади.

Машина ёнида турган одам ҳақиқатан Толиб эди. У сигарет чеккан ҳолда у ёқдан бу ёққа бориб келар, негадир оқсарди.

«Аварияга учраганда оёғидан қаттиқ лат еганди, — кўнглидан ўтказди Севинч тўкилай деб турган бўлса-да, аранг ўзини қўлга олиб. — Шўрлик, кейинги пайтларда боши балодан чиқмай қолди…»

Толиб уни кўрганди. Фақат сир бой бермай, юришда давом этарди. Севинч дарвозани ёпиб кўчага чиқишини кутарди. Шундай бўлди ҳам. Қиз тураверишга сабри чидамай, Толибга пешвоз чиқди. Кўзлар тўқнашди. Улар шу тахлит бир неча ўн сония туриб қолишди. Бу орада Толиб қўлидаги сигаретни бир четга улоқтиришга-да улгурди. Севинч эса худди айбдор бандадек хиёл бош эгиб тураверди.

— Севинч, кутмаганмидинг? — биринчи бўлиб савол ташлади Толиб. — Яхши ўтирибсизларми? Опош бўп кетдингми? Отанг омонми?

Севинч ҳеч қачон Толибдан бундай ёқимли савол эшитмаганди. Толиб бирор марта ундан ҳол сўрамаганди.

Мамнун бўлганидан титраб кетди.

— Р-раҳмат, — дея олди зўрға. — Ўзингизам тузук юрибсизми?

— Мени жин урармиди? — совуқ тиржайиб Севинчга яқинроқ келди Толиб. — Ўзингдан гапир!

— Мениям жин урмади, — ҳазиллашди Севинч. — Биз қишлоқи одамлар бўлсак, бизда қанақа арзирли гап бўларди? Ҳаммаси эскича.

Толиб бош эгиб, қаншарини қашиган бўлди-да, даъфатан яқинлашиб, Севинчнинг билагидан тутди.

Кутилмаган ҳолат қизни буткул довдиратиб қўйганди. Юзлари баттар қизариб, кимприкларигача титраб кетгандек бўлди. Қафасга тушган қуш каби ортга талпиниб, Толибнинг қўлларидан бўшалишга уринди. Аммо бу номус, ҳаёнинг зўрлиги эди холос. Қалби буткул бошқа мақсадни кўзларди. У шеркелбат йигитнинг билагидан таралаётган қайноқ тафт қиз вужудини куйдириши тарафдори эди. Шу сабабли Севинчни ортиқча қаршилик кўрсатишга ундамади. Қайнаб кетса-да, сокинликка юз тутди. Дуркун қизнинг муҳаббати ҳимоясида бўлди.

— Мен билан бир жойга бормайсанми? — Севинчни баттар ҳаяжон домига ташлаб сўради Толиб. — Айт, борасанми-йўқми? Сен билан гаплашиб олиш учун атайин катта шаҳардан келдим. Гапир, борасанми?!.

— Мен… Мен… — тутилиб қолди Севинч кутилмаган таклифдан боши айлангудек даражага етиб. — Ахир… Дадам…

— Даданг ўтириб туради. Нима, менинг ҳурматим йўқми? Шунча ердан келсам-у, сен дадангни рўкач қиласанми?

— Йў-ўқ, — дея олди базўр Севинч. — Шунчаки… Қўрқаман-да!

— Нима? — Толиб тизза-ю, лаблари дағ-дағ титраётган Севинчнинг иягидан тутди. — Мендан-а? Шунчалик қўрқинчлиманми? Ваҳшийманми?

— У-ундай демадим, — жавоб қилди қиз ҳануз тутилиб. — Мен… Ҳалиги…

— Гапир, борасанми-йўқми? Йўқ десанг, кетавераман терс бурилиб. Фақат чўзма, вақтим зиқ!

— Д-дадамга шундоқ… — уйи томон ишора қилди Севинч.

— Э, дадангга нима қиласан айтиб? Бекорга безовталанади. Узоқ қолиб кетмайсан! Бўла қолгин энди! Ялинтиравермасанг-чи!..

— Бўпти, бўпти, бораман!

— Ўтир унда машинага! Кечикмайлик!

Севинч яна бир неча марта уйи томонга кўз ташлаб олди-да, эҳтиёт шарт қишлоқ кўчасига қаради. Ҳеч ким йўқлилига амин бўлгач, аста машинага чиқиб ўтирди.

 

* * *

 

Толиб уни туман марказидаги аллакимнинг шоҳона уйига олиб борди. Бу уйни Севинч умри бино бўлиб кўрмаганди. Эгаларини ҳам танимади.

Фақат алоҳида хонага кира бошлашганда, юраги беихтиёр ғаш тортди.

Қандайдир фалокатни кўнгли олдиндан сезган каби эти жимирлаб кетди.

Севинч таҳлика исканжасида ер остидан Толибга боқди. Унинг кўз қарашлари, ўзини тутишида ҳеч қандай ўзгариш сезмагач, пича тинчлангандек бўлди.

Хона ўртасига хонтахта қўйилиб, турли ноз-неъмат, ичкиликлар билан безатилибди.

Толиб уни тўрга таклиф этди.

— Қани, ўтир, — деди ҳамон совуққонлик билан. — Мана шу ерда ҳаммасини гаплашиб оламиз!

Севинч баттар ҳайрати ортиб итоат билан кўрсатилган жойга чўкди.

Толиб эса шоша-пиша эгнидаги костюмни ечиб, шкафга илди-да, ортга қайтиб, шампан шароби тўла шиша қопқоғини жуда усталик билан очди ва иккита қадаҳга қуйди.

— Ма, буни қўлингга ол! — қадаҳни Севинчга узатди Толиб. — Олавер, қўрқма! Бу шампан виноси холос.

— Йў-ўқ, мен… Ичмайман унақа нарсаларни! — гавдасини орқага ташлади Севинч. — Й-йўқ…

— Хўп, қўлингга ол ҳеч бўлмаса!

Севинч мажбуран қадаҳни қўлига олиб хонтахта устига қўйди.

— Сен бир гапимни яхшилаб ёдлаб ол, — деди Толиб қовоқ уйиб. — Қўлга олган нарсани ҳеч қачон қайтиб ерга ташлашга одатланма! Бу бахтсизлик, омадсизлик белгиси! Шуни биласанми?

Севинч елка қисиб бош эгди.

— Унда ол, — тезлашда давом этди Толиб. — Қадаҳни қўлингга ол!

— Йўқ, — деди Севинч ер чизиб. — Мен… Сиз ўйлаган қизларданмасман.

— Мени севасанми?

Бу савол қулоқлари остида жаранглагани ҳамоно Севинч тўсатдан бошини кўтариб, Толибга боқди. Аммо шу заҳоти нигоҳларини тортиб олиб, қайтадан бош эгди. Юзлари лов-лов ёниб, ёноқларигача қизариб кетди. Толиб эса жавоб кутарди. Ахир… Қандай айтсин? Қай юз билан тўғри жавобни берсин? Нима десин? Бундай лаҳзаларда одобли қизлар қандай йўл тутадилар? Юраги тўкилай деяпти-ку! Толибнинг бир оғиз саволи аъзойи баданини титратиб юборди-ку! Бу савол кўнглига мойдек ёқиб тушди-ку! Қанийди ихтиёри қўлида бўлса, шартта ростини айтса! «Ҳа, севаман» деса-ю, ёввойи, қайсар муҳаббатининг кўксига бош қўйиб олса! Афсуски, ундай қила олмайди. Ибо, андиша сира йўл бермайди. Бироқ «йўқ» дейишга-да, чўчимоқда. Чунки бу саволни жуда узоқ кутган…

Севинч айтажак жавобини тилига кўчирмай, амалда кўрсатишга қарор қилди. Қадаҳни таваккал қўлига олди-да, шаробни ичди.

— Ў, раҳмат, раҳмат! — шаробнинг аччиқ таъми кўнглини бузган қизнинг ўқчиганига эътибор қилмай, чапак чалиб юборди Толиб. — Билардим, ишонардим! Баракалла!

Шундай деди-да, ўзи ҳам қадаҳни охиригача бўшатди. Сўнгра бир четда турган коньякни қўлига олиб қадаҳларга қуйди.

— Севинч, — деди яримлатиб коньяк қуйилган қадаҳни тутқазаркан Толиб. — Жавобинг негадир ишонарли чиқмади. Очиғи, унчалигам ишонқирамадим. Масалан… Менга келсак, сени севаман, ишон! Агар севмасам, шунча жойдан сени қидириб келмасдим. Феълимни биласан-ку!..

Эҳ, бунчалар тотли бўлмаса севги изҳори? Севинч учун икки қултум шароб кучидан сархушлар дунёсида кеза бошлагани бир тараф, Толибнинг кўнгил изҳори сабабли гўё еттинчи осмонига парвоз қила бошлагани бир тараф бўлди. Ярим, нозик, ўксик кўнгли шу қадар тез фурсатда эриб кетдики, Толиб тутқазган коньякдан ҳам ҳўплаб қўйганини сезмай қолди. Ҳўплади-ю, тағин ўқчиб, бошини пастга эгиб олди. Шунда узун сочлари ичра чумоли каби оҳиста ўрмалаётган бармоқлар тафтини туйди.

Бу Толиб эди. У Севинчни маҳкам қучганча сочларини сийпалар, ҳирс билан ўпарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ