Кашмирда ҳамон одамлар ўлдирилмоқдами?

0

Ҳиндистон бундан 6 ҳафта муқаддам Кашмирнинг ўз назорати остидаги қисмини автономиядан маҳрум этиб, ҳудудни қамалга олгандан бери у ердан ўлим ҳолатлари бўйича бир-бирига зид хабарлар келмоқда, дея хабар бермоқда Би-би-си.

Би-би-си Шринагар шаҳридаги айрим шундай ҳолатларни ўрганиб кўрди.

Шулардан бирида 17 яшар бир йигит бўлиб, тиббий хулосада унинг сочма ўқ ва кўзни ёшлантирувчи граната портлаши оқибатида олинган жароҳатлар туфайли ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган. Бироқ Кашмир полицияси бу хабарни инкор этиб, йигитни исёнчи-намойишчилар тош отиб ўлдирганини таъкидлаган.

Ўрганиш давомида 10 га яқин ана шундай тафсилотлари бир-бирига зид келувчи ўлим ҳолатларига дуч келинган. Ҳаётдан кўз юмганларнинг аксарияти ўқотар қурол ёки кўзни ёшлантирувчи газ билан ўлдирилган.

Кузатувчилар қайд этилмаган ўлимлар бунданда кўп эканини тахмин этадилар. Август ойида юзага келган намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда жароҳат олган аксар одамлар ҳибсга олиниш эҳтимолидан қўрқиб, маҳаллий касалхоналарга мурожаат этмаганига ишонилади.

Ҳиндистон ҳукумати яқин бир ярим ойдан бери Кашмирни деярли қамал ҳолатида сақлаб келмоқда. Транспорт ва коммуникация йўллари узиб қўйилганидан у ерда юз бераётган воқеалар тўғрисида ишончли маълумот олиш мушкуллигича қолмоқда.