Нефт нархи кескин қимматлашди

0

ББС хабарига кўра, шанба куни Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган икки ҳужум ортидан дунё нефт таъминотининг 5 фоиздан ортиқ қисми фалажланиб қолган. Бир вақтнинг ўзида, қиролликнинг суткалик нефт қазиб олиш салоҳияти 5,7 миллион баррель, аниқроғи, деярли 50 фоизга қисқарган.

Бунинг ортидан нефтнинг дунё бозоридаги нархида кескин қимматлашиш кузатилган.

Brent маркасидаги нефт нархи 19 фоизга ошиб, бир баррель нефть қиймати $71.95 га етган.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат нефт захираларини очишга рухсат бергандан сўнг нархлар бироз арзонлашган.

14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Абкайка ва Ҳураиса ҳудудларида жойлашган икки нефтни қайта ишлаш заводига амалга оширилган дронлар ҳужуми бўйича масъулиятни Яманнинг хусий исёнчилари ўз бўйнига олган.

Бироқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео бу хабарни инкор этиб, ҳужум ортида Эрон турганини таъкидлаган, аммо ўз фикрини тасдиқловчи асосли далиллар келтирмаган.

Ўз навбатида Эрон АҚШни «бўҳтон тарқатиш»да айблаб чиққан.

Яман президенти Абдураббу Мансур Ҳоди 2015 йилда хусий исёнчилари томонидан мамлакатдан қувиб чиқарилгандан сўнг уруш бошланган эди. Президент Ҳоди Саудия Арабистонидан бошпана олган, уни дастаклаган расмий ар-Риёд эса минтақа мамлакатларидан тузилган ҳарбий коалицияни хусий исёнчиларига қарши оёққа турғазишга муваффақ бўлган.

 

loading...