Қидирувдаги алиментчи топилиб, жазоланди Ёхуд “Собиқ эрим бошқа вилоятда эканини баҳона қилиб, алимент ундириб беришмаяпти” номли хабарга расмий изоҳ

0

МИБ матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 9 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Собиқ эрим бошқа вилоятда эканини баҳона қилиб, алимент ундириб беришмаяпти” номли маълумот юзасидан расмий баёнот берилди.

Унда, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 09.10.2003 йилги қарздор Юлдашев Яхёбекдан ундирувчи Пиримқулова (Абдураимова) Насибахон фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати собиқ суд ижрочиларининг Асака тумани бўлими иш юритувига 26.06.2006 йилда келиб тушган маълум қилинган.

Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси Асака тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздорнинг номида бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли тармоқ идораларига сўров хатлари юборилган, олинган жавоб хатларига кўра, қарздорнинг номида кўчамас мулк, банкдаги ҳисоб рақам ҳамда автотранспорт воситаси йўқлиги аниқлаган.

Ижро ҳаракатлари давомида, қарздорнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадонда эҳтиёждан ортиқча бўлган мол-мулклар йўқлиги, қарздор ишсизлиги, қарамоғида тўрт нафар фарзанди борлиги, қарздор ишлаш мақсадида бошқа вилоятларга чиқиб кетганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Юқоридагиларга асосан, қарздор Я.Юлдашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига асосан, 18.06.2019 йилда қидирув эълон қилинган.

Мурожаатни ўрганиш давомида, 11.09.2019 йил куни қидирувда бўлган қарздор Я.Юлдашев Бюронинг Асака туман бўлими биносига олиб келиниб, алиментдан вужудга келган 20 974 336 сўм қарздорликни бартараф этиши тўғрисида огоҳлантирилган. Лекин қарздорлик бартараф этилмаган.

Шу сабабли, Бюронинг Асака туман бўлими томонидан унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳужжатлар тўпланиб, 11.09.2019 йилда Асака туман маъмурий судига юборилган ва шу куни маъмурий суд биносида суд жараёни бўлиб ўтиб, қарздор Я.Юлдашевга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.