Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ЙПХ ходими аёлни калтаклагани юзасидан расмий ахборот берди

1

Блогимизнинг телеграм каналида ЙПХ ходими аёлни калтаклагани акс этган видео чиққан эди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспекторлари К.Р. ва Б.З. пиёдага йўл бермаган Нехиа машинасини тўхтатган. Нехиа ҳайдовчиси А.Б. инспектор Б.З.га маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилмаганлигини айтиб, инспекторга ҳужжатларини тақдим этмасдан, воқеа жойидан кетмоқчи бўлиб машинани ҳаракатга келтирган.

Шундан сўнг ЙПХ инспекторлари қўшимча ёрдамчи кучларни чақириб, Нехиа воқеа жойидан кетиб қолмаслиги учун зарур чораларни кўрган вақтда машина ичида бўлган икки аёл — Н.Х. ва Ш.Х. тушиб келиб, Нехианинг қочиб кетиши учун шароит яратиб бериш мақсадида ЙПХ инспекторларига фаол қаршилик кўрсатган.

«Натижада инспектор К.Р. тан жароҳати олгани аниқланган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида. Идора ахборотида қайд этилишича, «шундан кейин фуқаро Ш.Х. унга ЙПХ инспекторлари уриб тан жароҳати етказганини маълум қилиб, тез ёрдам машинасида шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келган».

Қайд этишларича, фуқаро Ш.Х.нинг мурожаати бўйича воқеа жойига Нукус шаҳар тезкор тергов гуруҳи аъзолари чиққан, ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ЙПХ инспекторлари ва фуқаролар наркология диспансерида тиббий текширувдан ўтказилган. Ҳолат юзасидан Нукус прокуратураси томонидан текшириш харакатлари ўтказилиб, ЙПХ инспекторларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

«Фуқаро Ш.Х.нинг ҳамда ЙПХ инспектори К.Р.нинг тан жароҳати олганлиги ва бошқа ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланган. Текшириш давом этмоқда», — дейилади Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизмати ахборотида.

Шуҳрат Саидаҳмадов.

1 ТА ФИКР

Comments are closed.