«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «УСМОНИЙЛАРНИНГ 71 ЁШЛИ ҚОНХЎР БУЮК ВАЗИРИ»

0

 

1656 йили — усмонийлар империяси таназзул ёқасида турган бир маҳал ишончли, қаттиққўл буюк вазирга эҳтиёж сезишди. Лекин Тўпқопи саройида ишончли айённинг ўзи қолмаганди. Ҳар тарафда сотқинлар, ўғри-қаллоб, порахўрлар изғий бошлаганди. Шунда султон Мехмед IV буюк вазирни ташқаридан излашга аҳд қилди ва топди. У 71 ёшли Мехмед Кёпрюл эди. У 17- аср охирида туғилган. Болаликда мусулмонлар мактабини тугатган. Турли маъмурий хизматларда бўлиб, мавқеини мустаҳкамлай борган. Айнан уни усмонийлар султони буюк вазир лавозимига муносиб кўрди. Ишондики, Мехмед Кёпрюл саройдаги сотқинликлар, порахўрликлар, ўғирликларга барҳам беради. Лекин Мехмед Кёпрюл бу лавозимга тайинлашларидан олдин ўз шартларини кўндаланг қўйди. Биринчи шарти: Унинг қарори муҳокама этилмаслиги керак. Иккинчи шарти: амалдорларни унинг ўзи тайинлаши ва озод этиши, жазолаши лозим. Учинчи шарти: Давлат ишларига саройдагиларнинг ҳеч бири аралашмаслиги керак.

Султон Мехмед Кёпрюлнинг барча шартларини қабул қилди. Бундан ташқари, унга яна қўшимча ваколатларни ҳам ишониб топширди. Шундай қилиб янги буюк вазир иш бошлади.

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, қисқа вақт ичида 50 000 — 60 000 нафар одамнинг бошини танасидан жудо қилди. Усмонийлар империясини порахўрлар, ўғри, сотқинлардан тамоман тозалади. Бир неча шаҳарларни империя таркибига қўшди. Кўплаб қўзғолончилар отрядларини ер тишлатди. Империя маъмуриятида амал олди-сотдисига барҳам берди. 1661 йил 31 октябр куни Мехмед Кёпрюл Эдирнада вафот этди.

Дарвоқе, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Мехмед пошша атиги 5 йил буюк вазир лавозимида ишлади. Шу қисқа фурсат ичида империя душманлари орасида қонхўр, шафқатсиз вазир сифатида машҳур бўлди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади