Берилган имкониятдан хулоса чиқармаган ота

0

Инсонга имконият берилдими, демак, ундан тўғри хулоса чиқариб фойдаланиш унинг ўзига боғлиқ. Аммо доим ҳам бундай бўлавермас экан. Кимдир имкониятдан фойдалниб қолса, кимдир уни… Э.Ахроров ҳам қонунларимизга бўйсунмай фарзандлари келажагини унутди. Оқибат эса уни суднинг қора курсисига етаклади…

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор Э.Ахроровдан ундирувчи М.Юлдашеванинг фойдасига уч нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/2 қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.

Муқаддам алимент пуллари тўланмаганлиги сабабли, Бувайда туман маъмурий судининг қарори билан Э.Ахроровга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Фуқаро Э.Ахроров маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан вояга етмаган 3 нафар фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиши оқибатида бугунги кунда қарздорлиги 20  млн 636 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бюронинг Бувайда туман бўлими томонидан фуқаро Э.Ахроровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.