Ҳақиқий ҳангома мана мундай бўпти, брат!..

0

 

ҚАРҒА
(ҳажвия)

 

Қурт еган мия

 

Қар-р-р-р! Қар-р-р-р!.. Қағ-ғ-ғ-ғ! Қағ-ғ-ғ-ғ!.. Уф-ф! Нимайди-я? Қандай сайрашниям унутиб қўйдимми дейман? Падар лаънат миям умуман ишламаяпти. Тўғри-да, миям ишласа, уч юз йил яшармидим?!. Мияни қурт-пурт еб қўймаганмикан, ишқилиб? Фикрлаяпман-ку! Демак, қурт емагандир-да?!.

Ўзи-чи, ҳақиқат йўқ экан! Ҳойнаҳой, ўша қурт менинг миямга қўшиб ҳақиқатниям ютиб юборган шекилли. Чунки нуқул «қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» дейишгани дейишган. Қаёқда? Ана, атрофимда мингтаси қағиллаб юрибди. Қўйиб берса, битта луқма учун кўзим уёқда қолиб, шўр пешонамниям чўқиб ташлашади.

 

От устида

 

Боя «ҳақиқат йўқ экан» дегандим-а? Шунга яна бир тирик мисол келтирайми? Масалан, мениям от мингим келади. Отда ўтириб дунёни кўрсам, гердайганча савлатимни ҳаммага кўз-кўз қилсам дейман. Шуниям менга кўп кўришади. Миндим дегунча, от силталаб ташлайверади. Нимаймиш, тумшуғим ўткирмиш, нафсим ёмонмиш, унча-мунча нарсага фаросатим етмасмиш. Номард, қаёқдаги майнаваччалар устингни ифлос қилиб кетишсаям, бошингдан белинггача чопиб муштлашишсаям миқ этмайсан-ку! Ҳа-а, улар кўпчилик-да-а? Кўплашиб, кўзингни ўйволишларидан қўрқасан. Қарғалар бўлса, кўп бўлгани билан бирлаша олмайди. Кўз ўйишниям билишмайди. Майли-и, бизга эшак ҳам бўлаверади. Тешиб чиқмайди. Эшак қари. Қулоғини қимирлатади-ю, индамайди. Дардини ичга ютади.

 

Қарз

 

Дунёда мусичадан айёр, доғули, бошқачароқ айтганда, «априс»и бўлмас экан. Ҳамма мусича беозор, безиён дейди. У-чи? Мулойим супургидай эшилиб-эшилиб, қачон қараса бировларнинг ҳовлисида ўралашиб юради. Тўкилган донми, нон увоғими, ишқилиб, нима кўринса чўқилагани-чўқилаган.

— Ҳўв, — дедим ўтган куни ғашим келиб. — Намунча иккита панжангни бир оғизга тиқмасанг? Бошқаларгаям қолдиргин, барака топкур!..

Билмаган эканман. Мусича ғирт сотқин, ҳалиги… Нимайди? Ҳа, «стукач» экан. Эртаси куни қарға оғайнилар билан узун-қисқа бўлишиб ҳовлиларга кирдик. Насиба-да, бирор егулик топсак, чўқилармиз, бўлмаса таниш-билишлар билан салом-алик қилиб қайтармиз дебмиз. Бизни тош олиб қувлашди. Тирақайлаб қочдик-а дуч келган тарафга! Кейин билсам, мусича сотибди. Бизни ўғри дебди. Айтинг, биродар, қарғанинг ўғрисини қаерда кўргансиз?..

Ҳаёт экан-да, яқинда билибми-билмайми, мусичадан икки дона донни қарзга сўрагандим. Хасислигини шунда билдим. Минутига қарзини қистайвериб хуноб қилди. «Ҳўв, қиш келсин, қайтараман» десам ҳам кўнмади… Очиғи, бургут акамдан олсам бўларди ўша қарзни. Жа баланд чўққида ўтиради. Майда-чуйдага безовта қилгим келмаганди. Мана шу воқеа сабаб бўлиб ҳам мусичалардан кўнглим қолган.

 

Қадр

 

Ҳа, мен уч юз йил яшайман. Шунга яраша баъзи сичқонсифат қушлар каби номим инимнинг ичида қолиб кетмайди. Мени ҳамма танийди. Фақат… Ҳурмат-иззат, меҳр билан танишса гўргайди. Қарғани негадир хосиятсиз қуш деб ўйлашади. Қадрлашмайди, иложини топишса, тепкилаб ташлашади, қувлашади, милтиқдан ўқ отиб ўтакамизни ёришади, баъзи ярамаслар бизни тутиб олиб гўштимизни кабоб қилишади. Шу ҳам инсофданми? Беқадрлик, масхаралаш айб-ку! Кўнглимизда бировга ёмонлигимиз бўлмаса, кенг кўчалар, далаларда ўз ҳолимизча юриб ризқимизни терсак. Шу айбми? Алам қиладигани, куни кеча жўшиб кетиб бир қағиллабман-да чўзиб! Наридаги ҳовлининг деразаси очилди-ю, кимдир менга тош отди. Яхшиям вақтида чап бериб қолдим, йўқса, белим синиши тайин эди. Бунисиям алам қилмасди. Уй ичкарисидан аллакимнинг «Яхши қилдинг қувлаб! Ҳакка бахтсизлик келтиради! Сайрамай ўлсин!» дегани қулоғимга чалиниб, дилим оғриди. Айтинг, наҳотки, мендай савлатдор қарға ҳаккага ўхшасам? Дунёда фаросатсизлар ҳам учраб тураркан-да!

 

Менинг ватаним қаерда?

 

Қарғалар ҳар йили совуқ ўлкаларга учиб кетишидан хабарингиз бор. Чунки бизнинг «давлена»миз бор. Иссиқ ҳаво юракни беҳузур қилиб, қонни кўпиртиради. Башарти вақтида ғамимизни емасак, уч юз йил тугул уч йил ҳам яшай олмай ўлиб кетамиз. Афсуски, дунё тўла қарғалар ичида бир менгина шўрпешона, омадсиз туғилган эканман. Давленам бошқаларникидан бешбаттар ошади, юрак заиф, кўнгил бўш, салга кўз ёшланади. Устига устак кўпинча уёқ-буёқдан учиб кеп қоладиган калтак аканг қарғанинг бошида синишига нима дейсиз?!. Шунча дард, ташвиш камлик қилибди. Уч йилдан бери беватанман. Охирги қишда мазам қочиб унча дон чўқилай олмагандим. Аксига олиб отлар улоқ чопадиган жойга бориб писта пўчоқларни териб еяётганимда бир оёғимни айғир босиб олганди. Чўлоқланиб қолдим. Қўшниларга, таниш-билишларга ёлвордим, тавалло қилдим. Орамизда жа басавлат, бақувват қарғалар йўқ эмасди. Дунёга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнмаскан, жўра! Қиш охирлаб, елкага офтоб тафти тегди-ю, қарғалар типирчилаб қолишди. Ҳамма шимолга учиш пайида бўлди. Мени бўлса, юзингда кўзинг демай ташлаб кетаверишди. Бир марта қайрилиб, хайр-маъзур ҳам қилишмади.

Мана, ўшандан бери мусофир юртларда сарсонман. Ҳаётданам, қариндош-уруғданам кўнгил қолган. Қур-қур бош оғрийди, «давлена» қўзғолон қилади. Кечалари чўлоқ оёғим оғриб беради. Қуёш эса тобора қизиб боряпти. Шунгами, кейинги кунларда емиш есам кўнглим айнийдиган бўлди. Овозим битган. Қағилласам, товушим худди йўтал қўйникига ўхшаб кетади.

Мусофирчилик-да, мендай ғариб бир қарғага емиши кўп жойлар яқинидаги дарахтлардан жой тегмаган. Қайсидир бир ариқ бўйини топганман. Ўша ерда кечаси биқиниб тонг оттираман. Вей, бу ерларда ёз ойлари кечасиям тинчлик бўлмас экан. Энди кўзим кетса, устимдан мушук сакраб ўтадими-ей, қурбақа қуриллаб қоладими-ей! Минг азобда тонггача етаман-у, кундузги азобларга кўндаланг бўламан. Ит, ҳатто шохдор эчкиларгача пайтини топди дегунча мени қувлайди. Ҳаммасининг етиб олгиси, мени еб ташлагиси келади.

Мана, қачонлардан бери шу тахлит кун кечиряпман. Чўлоқ оёғим ҳам тузала қолмаяпти. Шу ерлик-да, далада биронта дон кўзимга чиройли кўриниб, яқинлашсам, чумчуғидан тортиб, майнасигача «чўлоқ» деб ҳақоратлайди. Қувиб солади. Шундай лаҳзаларда хўрлигим келиб, бошимни кўтарганча осмон-у фалакка қарайман-у, бор овозда хириллаб «Менинг ватаним қаерда?» дея қағиллайман. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин! Менгаям ота-буваларимнинг йўлини берсин-у, уч юз йил яшай!

Қағ-ғ-ғ-ғ!!! Қар-р-р-р!!! Эҳ, «памит»им қурсин! Нимайди-я? Қарғалар қандай сайрарди-я? Ишқилиб ўша-да! Омон бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ