КЛИНИК ЎЛИМ ҲОЛАТИДАГИ АЁЛНИНГ ҲАҚИҚАТГА ЯҚИН ҲИКОЯСИ… (кўнгли бўшлар ўқимасин)

0

 

Хитойлик Сюэ Мей исмли аёл росмана атеист эди. Динга ишонмасди. Хитой коммунистик партияси аъзоси, марксизм ва ленинизм шайдоси эди. Ҳар қандай динни бўлмағур ташвиқотга йўйишдан тийилмасди. Бироқ бир воқеа сабаб бўлди-ю, аёл тамоман ўзгарди.

Хуллас, у сурункали йўталдан азоб чекарди. Бир куни яна касалхонага ётқизишди. Врачлар томирига антибиотик уколлар қилишди. Шунда дафъатан ҳушидан кетди.

— Йўқ, мен гўё ҳушимдан кетмагандек эдим, — дея ҳикоя қилади аёл. — Қандайдир бошқа бир ҳолатга ўтдим. Тушунмасдим. Нималар бўляпти ўзи? Шуни англаб турардимки, руҳан ва жисмонан енгил тортдим. Сал ўтиб зулматдан иборат ерости йўли бўйлаб олдинга юраётганимни пайқадим. Пича қўрқинчли эди. Ўлдимми, тирикманми, идрок эта билмасдим. Мени кўз илғамас мавжудотлар нуқул тинчлантиришарди. Йўқ, улар гапирмасди, аммо тинчлантиришаётганини кўриб турардим. Кейин ерости йўли якун топиб жуда ёрқин бир дунёга кириб қолдим. Бу ерда ҳар бир молекула, атомни ўз кўзларим билан кўриб турардим. Вужудимни қўрқувлар, шубҳалар тамоман тарк этганди. Танамда оғриқ ҳам туймасдим. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди…

Сюэ Мэй ўзидан узоқда қолган жажжи гўдаги ҳақида ўйлаб қайғура бошлади. Яқинлари ёдига тушди ва тушуниб етдики, ёруғ дунёда ҳали қиладиган ишлари кўп экан. У жуда-жуда ортга қайтишни истади Шу истак кўнглидан кечган заҳоти яна касалхона палатасида пайдо бўлди. Аввалига четдан туриб врачларни кўрди. Врачлардан бири ҳамшираларга кўрсатма бериш билан банд эди. Кетидан телефон жиринглаши қулоқлари остида янгради. Билдики, бу унинг телефони. Ким унга қўнғироқ қилаётганини ҳам сезиб турди. Кейин эса беихтиёр боши айланиб, танасига қайтди. Шу лаҳзадаёқ кўзларини очди. Ўрнидан туриб ўтирмоқчи бўлди. Аммо кўнгли айниб бунга йўл бермади…

Ҳа, шу воқеадан кейин хитойлик аёл Сюэ Кэйнинг дунёқараши буткул ўзгарди. Икки дунё оралиғи материалистлар айтганидан умуман бошқа эканини англади. Ўлимдан қўрқмай қўйди, Худога ишониб қолди. Қарангки, шундан сўнг сурункали хасталик ортиқ уни безовта қилмайдиган бўлди. Ҳозир у Яратганга беҳисоб шукрлар қилган ҳолда ҳаётидан мамнунликда умр кечиряпти.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади