Қора курсида ҳам тадбиркор ва ҳам Яккабоғ ҳокими ўринбосари

1

Ўзбекистон Олий Суди матбуот хизмати хабар қилишича, Чироқчида Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев ва унга бензин сепиб ўт қўйган тадбиркор Баҳриддин Исомов устидан маҳкама иши бошланган.

Суд Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида бошланган, жараёнга туман суди раиси Лутфулла Мамаражабов раислик қилмоқда.

Олий Суд матбуот хизматига кўра, 1963 йили туғилган Баҳриддин Исомов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг «кучли ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан қотилликка уриниш» банди бўйича айбланмоқда.

Бундан олдин яккабоғлик тадбиркор Жиноят Кодексининг 97-банди – «Қасддан одам ўлдиришга уриниш» бўйича айблангани, аммо кейин жиноий модда ўзгартирилгани хабар қилинган.

Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ҳокими лавозимида ишлаб келган 1976 йилда туғилган Мансур Тўймаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг икки банди бўйича айбланмоқда.

Булар – Жиноят Кодексининг 192-1 – «Катта миқдорда зарар етказиш билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш» ва 206-банд – «Катта миқдорда зарар етказиш билан мансаб ваколатини суистеъмол қилиш» айбловларидир.

Олий Суддан хабар қилишларича, маҳкама жараёнида 15 дан ортиқ жабрланувчи ва 60 дан зиёд гувоҳнинг кўрсатмаларини тинглаш кўзда тутилмоқда.

Яккабоғ ҳодисаси бутун Ўзбекистонда овоза бўлган, Президент Мирзиёевнинг жойлардаги ҳокимлар ўзбошимчалигига муносабат билдиришига мажбур қилган ҳодиса бўлди.

Бутун Ўзбекистонда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ободонлаштириш дастурлари давом этмоқда, бу дастурларни кўплаб ҳокимлар оддий одамларни норози қилиб, биноларни бузиш, ўзлари истаганидек «ободончилик ташаббус»ларига айлантирдилар.

Расмий ва норасмий луғатларга рус тилидаги «снос» сўзи қаттиқ кирди, бундай жараён Ўзбекистондаги ислоҳотларга нисбатан одамларнинг ҳафсаласини пир қилиш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар айтилди.

20 июль куни Яккабоғ посёлкасида «Обод маҳалла» дастурига киритилган биноларни бузишга қарор қилинади.

Интернет социал тармоқларида Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллаган Мансур Тўймаевнинг снослардан норози маҳаллий аҳоли вакиллари билан баҳси тасвирга олинган видеолар тарқалди.

Видеолардан бири 20 июлда Мансур Тўймаевга ўт қўйилганидан олдин туширилган.

Видеода кекса инсонлардан бири ҳоким ўринбосарига унинг қилаётган ишларидан одамлар қанчалар норозилигини айтади.

Норозиликларга қарамасдан, ҳоким муовини биноларни бузишга ҳаракат қилади, тадбиркор Баҳриддин Исомов дўконининг бузилишига қаршилик қилади.

Мансур Тўймаевнинг ўзи ковшли экскваторга ўтириб, қўпоришни бошламоқчи бўлади.

Тарқалган видеода тадбиркор экскаватор рулида ўтирган Мансур Тўймаевга елим идишда бензин сепиб юборгани ва амалдорнинг бир муддат олов ичида қолиб, кабинадан пастга сакраганини кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, тадбиркор бинони кредит эвазига қурган бўлиб, туман ҳокимлиги бинонинг бузилиши борасида бирор огоҳлантириш ва ҳеч қандай товон пули бермаган ҳолда уни бузиб ташлашга уринган.

Мансур Тўймаев баданининг 35-40 фоизи куйгани хабар қилинди.

Яккабоғ ҳодисасидан кейин туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда туман прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Би-би-си

loading...

1 ТА ФИКР

  1. нега тадбиркор суд килинаяпти. ахир у уз мулкини ноконуний бузилишидан химоя килаяптику. агар бу иш АКШда булганида суд тадбиркорни химоя килган буларди. Тугри айтишингиз мумкин бунинг учун хукукни химоя килиш ташкилотлари борку деб. Лекин конунни айнан ушалар бузаяптику.унда бизга ухшаган оддий фукаролар кимга мурожаат килсин. то тадбиркор судга мурожаат килади суд карор чикаради. хоким уринбосари келтирилган зарарни тулаб берсин деб. Уху унгача тадбиркорни канча вакти бехуда сарфланади. Яна канча пули кетади. Менимча тадбиркор тугри килган уз мулкини ноконуний бузилишидан асраб колган. Агар бизада судлар адолатли булса тадбиркорни окласин. ана ушанда одамларни судга булган ишончи ортади. Кейнги гал хокимиятдагилар уйлаб ишини килади. агар суд тадбиркорни коралаб чикса ана унда хокимиятдагиларга берди худо. СНОСга тушмаган уйларни хам бемалон трактор олиб келиб бузиб ташлайверади.

Comments are closed.