Тожикистонлик 80 ёшли пенсионер электр қувватидан кам фойдалангани учун жаримага тортилди…

0

 

Тожикистонда яшовчи 80 ёшли Виктор Канатовни ҳақиқатан электр қувватидан кам фойдалангани учун 124 доллар миқдоридаги жаримага тортишди. Айтишларича, аслида Канатов электрдан айланма йўллар орқали фойдаланган. Ҳисоблагичда эса меъёрий миқдор керагидан кам кўрсатилган.

Пенсионернинг айтишича, у электр токини ҳисоблагичдан узиб қўйишни билмайди. Ҳисоблагич кам кўрсатишига эса ҳақиқатан электр қувватидан жуда кам фойдаланиши сабаб бўлган.

— Уйимда совиткич йўқ, — деди пенсионер судда. — Газдан фақат овқат тайёрлаганда фойдаланаман. Кейин дарров ўчириб қўяман. Чироққа эса электр қувватини кам сарфлайдиган лампочкаларни ўрнатганман. Агар оддий лампочкалардан фойдалансам, пенсиямнинг ярми шунга кетади. Қолганига қандай тирикчилик қиламан?

Судда барибир пенсионернинг сўзларини инобатга олишмади ва 124 доллар миқдоридаги жарима белгилашди. Агар жаримани тўламаса, Канатов электр тизимидан узиб қўйиларкан.